Бош саҳифа / Жамият / Ҳуқуқий маданият

Ҳуқуқий маданият

Ҳуқуқий давлат ва ҳуқуқий маданият ўзаро узвий боғлиқ. Аҳолининг ҳуқуқий савод-хонлигини ошириб бориш ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий шартидир. Агарки, инсоннинг ҳуқуқий маданияти, онги, савияси юқори бўлса, бу соҳадаги ўзгаришлардан хабардор бўлса, демак юрт обод бўлади. Юрт ободлиги кўнгилдан бошланади.

Обод юртда яшаш ҳам инсон ҳуқуқига киради. Бу ишлар кўп жиҳатдан янгича ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни шакл лантириш билан боғлиқ. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига синган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади. Шу боис, одамларда Конституцияга, қонунларга ҳурмат ҳиссини тарбиялаш муҳимдир.

Ҳаётимизнинг, жамиятимизнинг асосий принципларини ҳамда давлатимиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий тузилишини, умуминсоний қадриятларга асосланган эркин демократик келажагимизни белгилаб берган Конституция ҳуқуқий давлат пойдеворини қуриб берди. Конституция ҳар бир инсон ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Ҳуқуқий маданият бўлмаса, ҳуқуқий онг ҳам бўлмайди. Ҳуқуқий онг дегани бу — қонунларни фақат билишгина эмас, уларни изчил ижро этиш ҳамдир. Президентимиз уқтирганидек, “Қонунлар сўзсиз бажарилгандагина биз ҳуқуқий давлат қуришимиз мумкин”.

Ҳаётда ҳар бир инсон ўзининг инсонлигини, ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини англаб етгандагина қонунни тўла ҳис этади. Ўзининг ва ўзгалар ҳуқуқини тан олмаган инсон жамиятнинг жонсиз бир “мурвати” бўлиб қолаверади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг таркибий қисми инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш билан узвий боғлиқдир. Миллий тараққиётнинг “Ўзбек модели” замиридаги асл моҳият ҳар томонлама инсон ҳуқуқлари устувор жамият ва давлат барпо этишдан иборат. Мустақиллик йилларида инсонга берилган кенг ҳуқуқ ва эркинликлар одамларни ташаббускорликка, тадбиркорликка, бунёдкорликка, ўзи ва оила аъзолари, маҳалла-кўй ҳамда эл-юрт учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга илҳомлантирмоқда.

Конституциявий ҳуқуқий маданиятни шакллантириш инсон ҳуқуқларидан ажралмасдир. Конституцияга риоя этиш асосий қонунга садоқат, ўз навбатида Ватанга ва халққа садоқатни англатади. Бу эса Бош қомусимизни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишни тақозо этади.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, Конституциямиз тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Чунки у инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзида мужассам этган. Шу маънода Бош қомусимиз умуминсоний ғоялар — тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби улуғ ғояларга хизмат қилади. Бинобарин инсон ўз ҳуқуқини англаб етар экан, ҳуқуқ билан бирга бурч ва масъулият борлигини ҳам унутмаслиги лозим. Агар жамиятда ҳаммамиз фақат ҳуқуқимизни талаб қиладиган бўлсак, Ватан ҳимояси, юрт тинчлигини таъминлаш, меҳнатга муносабат, атрофдаги воқеаларга дахлдорлик, виждон амри деган тушунчаларнинг амалий ифодаси қандай бўлади, деган мантиқий савол туғилиши табиий. Юқоридаги фикр-мулоҳазаларни умумлаштириб айтганда, ҳуқуқий маданият бу — қонунчилик берган имкониятлардан, конституцияда муҳрланган ва қонунларимизда ўз ифодасини топган, биз деярли ҳар куни такрорлаб гапирадиган ҳуқуқлардан имкон қадар кўпроқ фойдаланиш деганидир. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Халқимиз ҳуқуқий маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши лозим. Зеро, мустақиллик сўзининг замирида улуғ ҳуқуққа эга бўлиш тушунчаси ётади. Яъни мустақиллик нафақат ўзини эркин сезиш, ўз ҳаётини қуришда катта эгалик ҳам демакдир”.

Турсуной ЖЎРАЕВА,
“Сурхон дори-дармон” МЧЖ
юридик бўлими бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE