Бош саҳифа / Жамият / У нега ёшини ўзгартирди?

У нега ёшини ўзгартирди?

Сариосиё туман ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бўлимида ёлланма ишчи лавозимида хизмат қилиб келган Муяссар Муродова (исми шарифи ўзгартирилган) сохта маълумотлар ва ҳужжатлар асосида туғилган йилини тўққиз йилга ёшартириб олишга эришган.

Шу асосда у 2014 йилда қалбаки ҳужжатлар асосида Сариосиё тумани ИИБдан биометрик фуқаролик паспортини ҳам қўлга киритган. Сариосиё туман ИИБ собиқ хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи фуқаронинг тақдим қилинган қалбаки ҳужжатлари асосида, унга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини расмийлаштириб берганлиги аниқланди.

Муяссар Муродова 1976 йилда туғилганлиги ҳақидаги маълумот унинг яқинларининг эътиборсизлиги оқибатида юзага келганлиги, аслида 1985 йилда туғилганлигини билдириб, Денов туманлараро судига мурожаат қилади. Қизиғи, Денов туманлараро суди ариза муаллифининг важларини қаноатлантириб, унинг туғилган йилини 1976 йилдан 1985 йилга ўзгартириш мажбуриятини Сариосиё тумани ФҲДЁ бўлимига юклайди.

У ердагилар Муяссар Муродовага дубликат тарзида 2010 йилда 1985 йилда туғилганлиги ҳақида гувоҳнома беради, бироқ туғилганлик далолатномаларини қайд қилиш китобида эса унинг 1976 йилда туғилганлигини ҳам ёзиб қўяди. Муяссар Муродова сохталаштирган ҳужжатларида ўзини 2002 йилда Сариосиёдаги 1-ўрта таълим мактабини тугатганлигини кўрсатади, бироқ сўнгги ўрганишлар 11-синфни 1992-1993-ўқув йилида тамомлаганини, ўша йили унга шаҳодатнома берилганлигини тасдиқлади.

1997 йилда Сариосиё туман ИИБ бошлиғи буйруғи билан туман ИИБ қошидаги “Халқ посбони” ташкилотига у ишга қабул қилинади. Қизиғи, у ўзи иддао қилганидек, 1985 йилда туғилган бўлса, ИИБ тизимида 12 ёшида ишга қабул қилинади. 2002 йилда ўз аризасига кўра, ишдан бўшатилган Муяссар Муродова 2008 йилдан – 2017 йилгача туман ИИБ ЁХБда йўриқчи, 2017 йилдан 2018 йилга қадар Сариосиё туман ЁХБда ёлланма ишчи лавозимида хизмат қилган.

Маълумотларга кўра, фуқаро ИИБ соҳасида кўпроқ ишлаб нафақага чиқиш мақсадида ёшини ўзгартирган. Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фарҳод ТОШБОЕВ,
вилоят ИИБ матбуот хизмати ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan