Бош саҳифа / Адабиёт / Ўғлинг бўлса, Ҳомиддай бўлсин!

Ўғлинг бўлса, Ҳомиддай бўлсин!

Ўзбек романчилигига асос солган, нодир қобилият соҳиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қодирий томонидан битилган ўзбек мумтоз адабиётининг дурдона ва шоҳ асари “Ўтган кунлар” романи ёзилганига бир неча йил ўтган бўлсада, ҳамон китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда. Асарни қўлга олган китобхон муқаддимадан бошлаб то якунига етгунча бош кўтармай мутолаа қилади.

Келинг, гапни мухтасар қилайликда, романдаги қаҳрамонлардан бири Ҳомид образи ҳақида тўхталсак. Адабиётшунослар ҳам, кино санъати усталари ҳам, китобхонлар ҳам шу пайтгача бутун эътибор ва меҳрни асосан романдаги бош қаҳрамонлар – Отабек ва Кумушга қаратган. Бу икки персонажнинг муҳаббатига, ақлига, донолигига, бир-бирига меҳрибонлигига тариф йўқ. Кинода ҳам, адабий суҳбатларда ҳам, бадиий асар муҳокамасида ҳам асосан Отабек ва Кумуш севгисига, муносабатларига кўпроқ ўрин берилади. Воқеалар ривожи, роман кульминацион нуқтаси асосан шу икки образ талқинида кечади. Лекин камдан-кам эпизодларда Ҳомид образига тўхталинади. Чунки кўпчилик наздида Ҳомид салбий қаҳрамон. Масалага чуқурроқ ёндошадиган бўлсак, аслида Ҳомид ҳам жуда овсар эмас.

Аслида, роман муаллифининг мақсади Ҳомидни қоралаш бўлмаган. Биз китобхонлар, киномухлислар “Ўтган кунлар” асарини ўқиш жараёнида ёки роман асосида суратга олинган фильмни томоша қилаётганимизда Ҳомидга нисбатан нафратимиз ортади. Гўёки у, икки севишганнинг душмани, ошиқлар ўртасида пайдо бўлган. “Қора ботир” сифатида талқин қиламиз. Сабабки, адабиётшуносларимиз ва санъатшуносларимизнинг бирортаси ҳам шу пайтгача Ҳомид образига илиқ фикр билдирган эмас.

Такрор бўлса ҳам айтамизки, ёзувчининг нияти Ҳомидни камситиш эмас эди. Феъли, нуқсони, фазилати қандай бўлса, шу ҳолича тасвирлаган. Абдулла Қодирийнинг маҳорати шуки, яратган ҳар бир образи ҳақида китобхонни ўзи мушоҳада юритишга, ўзи хулоса чиқаришга ундайди. Шу маънода Ҳомид ориятли, мард, танти, орномусли қаҳрамон.

Ҳомидни романда салбий образ сифатида тавсиф этишдан муаллифнинг муроди асар воқеаларини ривожлантириш баробарида ўша даврда ҳам ҳар бир маҳалла, қишлоқда ориятли инсонлар яшаганлигини эътироф этишдан иборат эди. Чиндан ҳам Ҳомид Марғилоннинг орномусли йигитларидан бири. Аёнки, одобли, ақли расо, лобар, чевар қизларни маҳаллада яшовчи орли йигитлар гарчи қариндоши бўлмасада бошқа маҳалла ва шаҳардаги йигитлардан рашк қилади. Қишлоққа “бегона” йигитлар оралаб, маҳалланинг қизларига беодоблик қилса ё суҳбатлашса, “нега бизнинг овулдаги қизларга гап отаяпти” деб беҳаловат бўлаверади. Бу ҳолатнинг ҳеч бир зиёни йўқ. Чунки азалдан халқимиз: “Бир болага етти маҳалла ота-она” дейди. Қишлоғидаги йигитларни ақли, чиройи билан маҳлиё қилган Кумушдек сулувни Тошкентдан келган Отабек эгалласаю маҳаллий йигитлар қараб турармиди? Орият, қизғаниш, рашк Ҳомид ва унинг атрофидаги йигитларни Отабекни йўқотишга, Кумушдек сулув қизни маҳалладан чиқармасликка даъват этади. Аслида Ҳомид ва унинг шериклари рашкнинг қурбонига айланишган.

Бугунги ҳаётимизда Ҳомидга ўхшаш орли, нафсонияти баланд, рашкчи йигитларга эҳтиёж ниҳоятда ортиб бормоқда. Айрим йигитларимиз ва эркакларимиз беор, беномус бўлиб қолишган. Аёлини, синглисини “бегона” эркаклардан рашк қилмай, бозорга чиқаришаяпти. Бугун кўпчилик эркаклар уйда ўтирибдию хотинлари бозор-ўчарда. Нозик ниҳол қизлар, сулув аёллар зиммасига рўзғор ташвиши юкланган. Айрим эркакларнинг дангасалиги, бирор касбнинг этагини тутмаганлиги боис, аёллар ноилож мардикорлик қилмоқда, кимнингдир ҳовлисига бориб хизматини қилаяпти, рўзғор тебратиш учун пул топишмоқда. Рўзғорини, бола-чақасини ўйлаб кун кечириш ва пул топиш учун бегона юртларда сарсон. Айнан баъзи йигитларнинг рўзғор тебратишдаги уқувсизлиги, нўноқлиги боис, ёш оилаларда ажралишлар рўй бераяпти.

Ҳар сафар қариндошлар йиғилганда аммамнинг қизи Зулфизарнинг тақдири асосий мавзуга айланади. Чунки, у бир неча йилдан бери Россиядан бери келмайди. Севиб турмуш қурган хўжайини ҳеч қаерда ишламайди. Касби бор — ўқитувчилик, ҳунари бор — пайвандчилик. Лекин ҳеч жойда икки ойдан ортиқ ишлаганини эслолмайман. Охир-оқибат уйда ўтириб қолди. Бу орада ўғли уйланадиган, қизи турмушга чиқадиган ёшга етди. Уйда эркак ишламайди, рўзғорда етишмовчилик етарли, ҳар куни оилада жанжал. Охири Зулфизар бозорга чиқиб кетди, бир муддат картошка, пиёз олиб сотди. Аммо, топгани кунлик еб-ичардан ортмади. Шу боис, дугоналари билан Россияга кетишга мажбур бўлди. Энг ёмони, поччамиз Зулфизарни “Қаёққа кетяпсан?” деб йўлини тўсмади. Ҳар ой охирлайвердими, телефон қилиб: “Қачон пул жўнатасан?” дейишдан уялмайди. Зулфизар бегона юртда қандай яшаяпти, нима иш қилаяпти, ҳамроҳлари ким, бу ҳақда ҳеч ўйламайди. Ўзга юртларда Зулфизар пул топиш, ўғлини уйлаш, қизини турмушга чиқариш ташвишида юравериб, аммамиз вафот этганда ҳам етиб келолмади, онани сўнгги манзилга кузатиш насиб этмади.

Бундай ҳолатлар ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳаллада ойда бўлмасада, ҳар икки-уч ойда содир бўлиб турибди. Бунинг ҳаммасига оздир-кўпдир эркакларимиз айбдордир. Хотинини ишга кузатиб, уйда бола боқиб ўтирадиган эркакларимиз оз эмас. Эркакнинг ишлагани, топгани баракали. Орли, номусли, рашкчи ва энг асосийси, соғлом киши хотинини бегоналарнинг орасига юбориб, ўзи уйда ўтирмайди. Шу маънода сўз юритадиган бўлсак, бугунги замонамизда Ҳомиддай ориятли, номусли, аёлини, қизини, ҳатто ҳамқишлоқ аёлни бошқалардан қизғанадиган ва асрайдиган мард , танти, доно, оқил, ишбилармон, оилапарвар ва ишчан эркакларнинг кўпайгани афзал.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўқиган ўқдан ошар

Мутолаадан тўхтамаган одам фикрлашдан тўхтамайди. Фикрлайдиган одамнинг мағзи бўлиқ, маънавияти юксак бўлади. Ҳа, китоблар бизни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan