Бош саҳифа / Таълим / Ўқитувчига эътибор – келажакка эътибор

Ўқитувчига эътибор – келажакка эътибор

Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узлуксиз таълим тизимини замонавий фан ютуқлари ва инновациялар асосида шакллантиришга пойдевор бўлади.

Қолаверса, мактаб битирувчиларини «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастури асосида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга йўналтириш, бошланғич стартапларини рўёбга чиқаришда амалий ёрдам беради.

Ёш авлодга таълим-тарбия беришнинг мақсади, вазифалари, мазмуни, услубий талабларига кўра фан, техника ва инновацион технология ютуқларидан унумли фойдаланиш бугунги таълим тизими олдида турган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Шу боис, таълимнинг самарадорлигини ошириш, шахснинг таълим марказида бўлишини ва ёшларнинг мустақил билим олишларини таъминлаш учун давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчиларга катта эътибор ва имкониятлар берилмоқда. Жумладан, ўқитувчилар маошининг оширилиши, автокредитлар, намунавий уй-жойлар учун имтиёзли кредитларнинг берилиши, дам олиш учун йилда бир марта сиҳатгоҳларга юборилиши биз ўқитувчиларни жуда ҳам руҳлантирди.

Қадимда ота-боболаримиз фарзандларини комил инсон бўлишини орзу қилиб, уларда ижобий сифатларни тарбиялашга алоҳида эътибор билан қараганлар. Шу мақсадда фарзандларини оқил ва доно устозлар қўлига топшириб, маънавий камолоти учун зарур шарт-шароитларни яратган. Ўз навбатида устозлар ҳам болаларнинг маънавий ва жисмоний соғлом бўлиб ўсиши учун масъулиятни зиммасига олган, чунки етук фарзанд вақти келиб оиласини, устозини ҳамда Ватанини шон-шуҳратга буркаган. Шу сабабли устозлар қўлида таълим ва тарбия олувчиларни ўз фарзандидан ҳам азиз билган. Халқимизда бирор машҳур зот учраса, дастлаб унинг устози, кейин насаби сўралади. Устоз деган номга муносиб бўлиш учун эса биз ўқитувчилар бутун маҳоратимизни ишга солиб, билдирилган ишончни оқлашга бор кучимизни сафарбар этмоғимиз лозим.

Бахтиёр ХИДИРОВ,
Шеробод тумани 41-умумий
ўрта таълим мактаби ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ТАНИШИНГ: “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”

Феруза Жаббарова, Термиз шаҳар 4-давлат ихтисослаштирилган мактаби интернати она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ОЛИМ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan