Бош саҳифа / Маданият / Қўғирчоқлар тилга кирганда

Қўғирчоқлар тилга кирганда

Эртак қаҳрамонлари жонланиб, турли саргузаштларни бошидан кечирадиган, болажонларнинг севимли масканига айланган гўша бу — қўғирчоқ театридир. Вилоят қўғирчоқ театри ташкил топганига 16 йил бўлди. Ўтган шу даврда театрда 60 дан ортиқ спектакллар, 10 дан ортиқ маъданий-маърифий тадбирлар саҳналаштирилган.

Бугунги кунда театр репертуарида 17 та қўғирчоқ спектакллари ва 4 та маданий-маърифий тадбирлар бор. Мазкур спектакллар турли жанрларда бўлиб, Ватанга муҳаббат, дўстлик, ота-онага меҳр ва ҳурмат ғоялари илгари сурилган.

— Жорий йилда 2 та спектаклни саҳналаштириб, томошабинлар ҳукмига ҳавола қилдик, — дейди вилоят қўғирчоқ театри бош режиссёри Турғунпўлат Йўлдошев. — Булардан И. Жумаев, Ф. Хаджаевларнинг “Қувноқ томоша” спектакли кўпчиликка манзур бўлди. Асар сюжети турли халқларнинг қаҳрамонлари иштирокидаги қўғирчоқ томошаларига қурилган. Ушбу саҳна томошамиз, нафақат томошабинлар, балки театр мутахассислари томонидан ҳам ижобий баҳоланди.

Театр жамоасининг асосини ёшлар ташкил этади. Шунингдек, ёш ижодкор драматурглар билан ҳам ижодий алоқалар ўрнатилиб, театр репертуарини юксак савиядаги, мазмунан бой асарлар билан тўлдириш мақсадида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу борада ёш драматург Шавкат Дўстмуҳаммаднинг она табиатга меҳр-муҳаббат улашувчи “Гулсевар” асарининг саҳналаштирилгани фикримиз исботидир.

Театр ижодий жамоаси таниқли санъат усталаридан маҳорат дарсларини олиб келишмоқда.

Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил вақтида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган болалар оромгоҳларида режа асосида режиссёр З.Нормўминова сценарийси асосидаги мусиқий дастурлар ва драматург С. Рустамовнинг “Рустам” асари асосида “Сеҳрли сандиқча” спектакли намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, оромгоҳларда болажонлар билан ижодий учрашувлар ўтказилиб, қўғирчоқларнинг ясалиши, уларнинг ҳаракатланиши борасида актёрлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.

— Театримиз жамоаси ўтган ойда Тошкент шаҳрида ўтказилган Республика театрларининг XI кўрик фестивалида Эркин Хушвақтовнинг ўзбек халқ эртаклари асосида саҳналаштирилган “Зумрад ва Қиммат” спектакли билан иштирок этиб қайтишди, — дейди вилоят қўғирчоқ театри директори Олмахон Бердимуродова, — 6-10 сентябрь кунлари эса Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиладиган халқаро мақом анжуманида иштирок этади. Фестивалда Сурхон санъат усталари билан биргаликда жамоамизнинг ҳам алоҳида чиқиши бор. Айни пайтда тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги байрам тантаналарини ўтказишда ҳам театр жамоаси жонбозлик кўрсатаётир. Байрамда болажонларга ажойиб туҳфа қилиш учун И. Содиқов асари асосида “Алпомишнинг болалиги” спектаклининг саҳналаштириш жараёни қизғин кечмоқда.

Саҳналаштирилаётган ҳар бир спектакль учун қўғирчоқлар ясаш керак бўлади. Бу ҳам бир санъат. Саҳна безаклари ва қўғирчоқлар таниқли рассом М. Рўзиметова томонидан тайёрланади. Айни шу жонсиз қўғирчоқларни жонлантириб, образга киритиш катта маҳорат ва машаққатли меҳнат талаб этади.

— Бошқа театр актёрлари саҳнада ўзлари бевосита чиқиб ролга киришса, қўғирчоқ театрининг актёрлари зиммасидаги масъулият бирмунча каттароқ бўлади, — дейди актриса Юлдуз Иброҳимова. — Улар ҳар куни ўз устида ишлаши шарт. Акс ҳолда бу спектаклда сезилиб қолади. Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан қабул қилинган санъат соҳасига оид қатор қарорлар театр ходимларининг фаолиятида сезиларли даражада ўзгаришлар содир этди. Вилоят қўғирчоқ театрининг ҳам моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳомийлигида “ISUZU” автобуси ва 250 миллион сўм пул маблағи ажратилди. Ижодий жамоадан 7 киши арзонлаштирилган уй билан таъминланди.

Яна бир қувонарли томони шуки, яқин кунларда театр жамоаси жаҳон талабларига жавоб бера оладиган бинога ўтиш арафасида. Айни пайтда бинонинг сўнгги пардозлаш ишлари давом этмоқда. Вилоят қўғирчоқ театрининг ижодий жамоаси бундан руҳланиб, катта иштиёқ билан мавсумга тайёргарлик кўраяпти.

Сайёра АЛЛАЕВА,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan