Бош саҳифа / Адабиёт / Ўқинг, армонингиз арийди

Ўқинг, армонингиз арийди

— Ёшлигимизда қишнинг узун тунларида қора чироқ шуъласида “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби халқ достонларини оила аъзоларимизга ўқиб берардик. Достон ниҳоялагач, ундаги воқеа-ҳодисалар ҳақида қизғин баҳс-мунозаралар қилинарди.

Ҳозирчи? Ҳамма шароитлар муҳайё. Куну тун чироқ ёниб турса-да, айрим ёшлар китоб ўқишни хаёлига ҳам келтирмайди. Кун келиб, улар бу қилмишидан афсусланар, бироқ унда кеч бўлиши аниқ. Бу ҳол ўз бошимдан ўтган, — дейди амаким Эшмўмин Абраев хотиралар гирдобига чўмганча.

— 60 йиллар эди… Шеър ёзишга иштиёқим баланд, тинимсиз машқ қилардим. Ниҳоят, шеърларим “Саодат” журналида эълон қилинди. Таҳририятдан “Яна шеърларингиздан жўнатиб туринг”, мазмунидаги хат ва 50 сўм қалам ҳақи келган эди. Хурсандчилигимни дўстларим билан баҳам кўрдим. Улар қувониш ўрнига “Нима қиласан бошингни оғритиб”, дейишди. Мен ҳам ёшлигимга бориб, уларнинг гапига кирибман. Ҳатто, шеър ҳам ёзмай қўйдим. Ўшанда бу хатони қилмаганимда эди, ҳозир бир қанча китоблар муаллифи бўлармидим… Энди эса афсусланаман, холос.

Яратганга шукурки, 80 ёшида ҳам китоб ва газеталарни кўзойнаксиз ўқишни канда қилмайдиган Эшмўмин Абраев Жарқўрғон туманидаги 5-умумтаълим мактабида узоқ йиллар меҳнат фанидан дарс берди. Шу давр ичида кўплаб ёшларга устачилик-дурадгорлик сирларини ўргатди. Ҳозир ҳам шогирдлари ҳол-аҳвол сўраб келиб туришади. Ҳечдан кўра кеч, деганларидек ҳозир ҳам шеърлар машқ қилиб туради. У киши доимо кекса китобхон сифатида ёшларга насиҳат қилади. Ёшликда эл корига яраб, кексайганда иззат-ҳурматга сазовор бўлишнинг ҳам ўз гашти бор. Кўпроқ китоб ўқинг, агар истеъдод ва қизиқишингиз бўлса, ижод қилинг, тортинмасдан ёзинг, албатта, ниятингизга етасиз, дейди бобо.

Нишон ЭШМИРЗАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Аҳиллик самараси

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда Хоразмга яқин бир қишлоқда одамлар жуда аҳил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE