Бош саҳифа / Таълим / Тушда орзу бўлган боғчалар

Тушда орзу бўлган боғчалар

Малика беш ёшда. У Олтинсой туманидаги 10-мактабгача таълим муассасасига боради. Ҳар куни эрталаб боғчага бормаслик учун хархаша қилади.

Бироқ ота-онаси ишлагани сабаб у боғчага бориши керак. Малика эса бу ернинг шакарсиз чойига қуруқ нон ботириб ейишдан, кунора тушликка пишириладиган бемаза макарон шўрвадан безор бўлган. Ўйнай деса, боғчада на ўйинчоқ ва на китоб бор. Қуруқ ерда ўтириб вақт ўтказиш унинг учун жуда зерикарли. Шундай пайтларда Малика хаёл суришни яхши кўради.“Қанийди, сеҳрли таёқчам бўлса, бир уринишда боғчамизни кўркам бинога айлантириб қўярдим. Унда ўйинчоқлар, эртак китоблар кўп бўларди. Янги арғимчоқларида мазза қилиб учардик. Овқатлари ҳам ширин бўларди”, деб ўйлайди ўзича. У бундай кўркам боғчани телевизорда кўрган. Бунақа боғча ҳатто, унинг тушларига ҳам тез-тез кириб туради. Ҳар гал тушида онасининг қўлидан тутганча янги гуллару ўйинчоқлар билан безатилган шинам боғча ҳовлисига кириб келаётган бўлади…

Олтинсой туманида Малика сингари болалар талайгина топилади. Негаки, ҳудудда мавжуд 3-7 ёшли 13 858 нафар боладан 11,5 фоизигина мактабгача таълим муассасасига қамраб олинган. Айни пайтда туманда 14 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритаяпти. Улардан ташқари, 13-, 14-, 17-мактабгача таълим муассасаларида таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Албатта, бу кўрсаткич жуда паст. Бу каби ҳолатлар инобатга олиниб, 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамровини кенгайтириш мақсадида жорий йил 28 февралда Президент қарори имзоланди.

“Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур қарорга биноан, республикамизнинг айрим ҳудудлари қаторида Олтинсой туманидаги мактабгача таълим муассасаларида ҳам 2023 йилнинг 1 январигача ота-оналар бадал тўлови миқдори 50 фоизга камайтирилди. Шунингдек, юқорида келтирилган 3 та боғчадан ташқари, 5-,6-,7-,8-, 15ҳамда 16-мактабгача таълим муассасалари Давлат дастури бўйича 2021 йилгача қайта қурилиши режалаштирилган. Қолаверса, туманда яна 16 та давлат-хусусий шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасаси қурилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг аксариятида ишлар бошлаб юборилган.

Бундай ўзгаришлар туман аҳли учун ҳам, болажонлар учун ҳам қувонарли янгилик, албатта. Бироқ айни дамда фаолият юритаётган боғчалардаги аҳвол кўнгилдагидек эмаслиги таъбимизни хира қилди.

“БИЗ ҲАМ
КРОВАТДА УХЛАШНИ
ХОҲЛАЙМИЗ”

Тумандаги “Дўғоба” маҳалласида жойлашган 7-мактабгача таълим муассасасида бўлганимизда бинонинг ҳақиқатда эскилиги, яроқсиз, у ердаги мавжуд шароит жуда ачинарли ҳолатда эканлигига гувоҳ бўлдик. Бу ерда 3 та гуруҳда 75 нафар бола тарбияланади. Уларнинг барчасига ҳам ётоқ кроватлари етишмаганидан болалар ерда ухлашга мажбур. Тоза чойшаб, ўйинчоқларнику гапирмаса ҳам бўлади. Буни муассаса тарбиячиларининг бир овоздан “бундай нарсалар умуман берилмайди” дея қилган жавобларидан ҳам фаҳмлаш қийин эмас.

На ўйингоҳ, на ўйинчоқ ва на бирор эртак китоб топилмайдиган боғчада болаларни шунчаки вақт ўтказиш учун ушлаб ўтиришаркан-да, деган хаёлга боришингиз аниқ. Тарбиячиларнинг иш режасини кўздан кечираркансиз унда асосан “атрофни кузатиш, оёқ кийимларни тахлаш”дан ўзга машғулотни учратмайсиз. Ахир шуғулланишга ҳеч қандай восита бўлмагандан кейин тарбиячилар ўзи билган саноғу болалигида эшитган эртаклари билангина чегараланади, холос. Бу ҳам етмагандай, боғча ҳовлисида дайди ит-мушуклар кезиб юришибди. Улар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ажабланарлиси, муассасага қисқа муддатли гуруҳ учун деб, олиб келинган янги мебель ҳамда ўйингоҳ учун тўплам бир ойдан ошса ҳамки тахламидан бузилмаган. Бундан ҳам қизиғи, қисқа муддатли гуруҳ учун боғчада бўш хонанинг ўзи йўқ. Шундай экан, жилла қурса боғчадаги тарбияланувчилар улардан фойдаланиши керак эмасми? Овқатланиш рациони ҳам мақтагулик эмас.

Ушбу мактабгача таълим муассасасининг қайта қурилиши Давлат дастурига киритилганидан кўнглимиз таскин топди, албатта. Аммо унгача болалар шу алфозда юраверишадими? Гўштсиз овқат еб, чойга қуруқ нон ботириб кун ўтказишадими?

“10 литр чойга
800 грамм шакар”

“Экраз” маҳалласида жойлашган 10-мактабгача таълим муассасасида эса аҳвол бундан баттар. МТМга мослаштирилган бинода жойлашган муассасада 75 нафар бола тарбияланади. Бу ерда ҳам 20 дан ортиқ болага ётоқ кровати, стол-стуллар етишмайди. Болаларнинг бир қисми таг қисми бетон бўлган зах ерда ҳеч қандай тўшамасиз хонтахта атрофида ўтиришади. Биз борган вақтда уйқудан сўнг қилинадиган енгил тамадди вақти бўлгани учун стол устида бир бўлак нон ва ярим пиёла кўк чойдан бўлак егулик кўрмадик. 10 литр сувга 800 грамм шакар солиб тайёрланган “ширинчой”нинг эса ичиб кўргач, ширасини ҳис қилмайсиз.

Бу ерда ҳам ўйингоҳ, ўйинчоқларни фақат орзу қилиш мумкин. Хоналарнинг девор-эшиклари артилмаганидан қорайиб кетган. Оддий гигиена қоидаларига ҳам амал қилинмайдиган муассасада қўл ювадиган қўлбола сув идишларга сув солиб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. “Ҳожатдан сўнг, қўлингизни қаерга ювасиз?” деган саволимизга болаларнинг жўр овоз бўлиб “Ариққа” деган жавобини эшитиб, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсиз.

Бу ерда ҳам тарбиячилар иложсизликдан имкон ахтариб, ўзлари билганча болаларга шеър, қўшиқлар ўргатишаётганидан қувондик. Бироқ озиқ-овқат таъминоти жуда ачинарли ҳолатда. Сутли маҳсулотлару мевалар овқат рационидан аллақачон чиқиб кетган. Гўштни эса топганда 2-3 килограмдан, бўлмаса шусиз ҳам тайёрлайверишади. Бу ҳақида боғча мудираси Гулшаҳар Тўраевадан изоҳ сўрамоқчи эдик, иложи бўлмади. Сабаби “йиғилишдамиз” деб эрталаб чиқиб кетган боғча мудираси, ҳамшира ва хўжалик мудиридан мажлис тушгача тугаган бўлса-да, дарак бўлмади.

Туман марказидаги 1 МТМда бўлганимизда сал кўнглимиз ёришгандай бўлди. 2015 йилда қайта таъмирланган боғча биноси шинамгина. Аммо бу ерда ҳам хўжакўрсинга ўрнатиб қўйилган ювиниш хонаси канализация йўқлиги туфайли ишламайди. Номигагина илиб қўйилган болалар сочиқлари эса тутилмагани учун ҳали янги турибди.

122 нафар тарбияланувчини қамраб олган муассасада 50 нафар қисқа муддатли гуруҳлар ҳам бор. Бу ерда болалар учун келтирилган турли дидактик адабиётлар, эртак китобларни кўриб, хурсанд бўлдик. Ҳар ҳолда тарбияланувчилар боғчага шунчаки келиб кетишмай, нимадир ўрганишяпти.

Лекин таъминот масаласи кўнгилдагидек эмас. Деярли барча нарса тугаган. Мевалар, сутли маҳсулотлар келтирилмагани учун болаларга ҳам берилмайди. Сифатини йўқотиб, ҳашаротларнинг емагига айланиб улгурган конфетларни кўриб эса наҳотки шуни болаларга раво кўришса-я, деб ўйлаб қолдик.

“ТАДБИРКОРНИНГ
ТАНОБИНИ КИМ
ТОРТАДИ?..”

Қизиқ, тумандаги боғчаларнинг деярли барчасида таъминот бўм-бўш. Бунга туман мактабгача таълим бўлими мудираси Ойбарчин Абдуллаевадан изоҳ сўраганимизда у киши маҳсулотларни вақтида етказиб беришдан бош тортаётган тадбиркорлар, корхона раҳбарларини айблади.

— Мисол учун, 1000 литр сут етказиб беришни зиммасига олган Термиз туманидаги “Эргаш сут” фермер хўжалиги раиси сутни олиб келгунча сифати бузилишини баҳона қилиб, бундан бўйин товлаяпти, — дейди О. Абдуллаева. — Гўшт маҳсулотини етказиб берувчи “Сурхон тиббиёт ва таъминот базаси” ҳам ўз вақтида олиб келмаяпти. Қолаверса, асосий маҳсулотларимиз биржа савдоларида қўли баланд келган Тошкент, Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятлари тадбиркорларининг маҳсулотлари кечикиб келаяпти. Шу сабаб таъминотда узилиш бўлаяпти. Бу бўйича тегишли ташкилотларга хат билан мурожаат қилдик. Мактабгача таълим муассасаларининг таъминотига келсак, улар тугаб қолиши мумкин эмас. Уларда захира бўлиши керак эди.

Бизни ҳайрон қолдирган нарса, ушбу муассасаларда шунча муаммо бўла туриб, боғча мудираларидан тортиб мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳам бунга бефарқ муносабатда. Қолаверса, маҳсулотни етказишдан бош тортаётган тадбиркорларнинг танобини ким тортиб қўяди? Ахир болалар бизники-ку. Наҳот уларнинг оддий емагини, ўйинчоғини шу даражада хароб қилиб қўйсак. Бунга вилоят мактабгача таълим бошқармаси нега жим қараб турибди?

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan