Бош саҳифа / Жамият / Тўрт соат оёқда туриб…

Тўрт соат оёқда туриб…

“Термиз — Сариосиё”, “Сариосиё — Термиз” йўналиши бўйича йўловчи поезди кунига икки марта қатнаб, вилоятимизнинг шимолий туманлари аҳолиси оғирини енгил, узоғини яқин қилиб келмоқда.

Бунинг учун “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖнинг Сурхондарё  филиали раҳбарлари, муҳандис-техник ходимлари ва ишчи-хизматчиларига халқимиз номидан беқиёс миннатдорчилик билдирамиз. Кўпчиликнинг номидан гапираётганимга сабаб мен ҳам шу халқнинг вакилиман.

Шаҳарлараро йўналишларда қатнаётган шахсий автотранспорт воситаларининг кира ҳақи баланд. Шунинг учун кўпчилик, айниқса, талаба-ёшлар темир- йўл транспорти хизматидан фойдаланишга мажбур. Афсуски, кейинги пайтда  шаҳарларароқатновчи  “Термиз — Сариосиё”, “Сариосиё — Термиз”  йўловчи поезди хизматидан кўплар норози бўлаётир. Сабаби битта: масалан, ҳар жума куни, туманлардан Термиздаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар, ўқувчилар уйларига отланишади. Шанба-якшанба кунлари ҳам темир йўл вокзали йўловчилар билан тирбанд. Охирги пайтда тепловозларга аввалгидай бешта вагон эмас, балки учта вагон уланаяпти. Оқибатда вагонларда юз киши ўрнига 250-300 нафар йўловчи “ур-йиқит” билан чиқиб олаяпти. Чунки ҳамма кетаман, деб йўлга чиқади. Вагондаги икки кишилик ўриндиққа 4 нафар киши тиқилиб ўтиради. Қолганлар тик туриб кетишга мажбур. Тасаввур қилинг, Термиз станциясидан то Сариосиё станциясигача шаҳарлараро поезд камида тўрт соат йўл юради. Демак, тўрт соат, яна тирбанд жойда ўтириб эмас, оёқда тик туриб бориш қанчалар оғир.

Оёқда тик туриш, эҳтимол, ёшларга кўпам билинмас, бироқ йўловчилар орасида беморлар, ногиронлар, фахрийлар ва ёш болали аёллар ҳам борлигини эътиборга оладиган бўлсак, вагонлар сонини кўпайтириш лозимлиги  ойдинлашади. Шу масалада вагон кузатувчиси (проводник)дан  сўрасак,  “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ маъмурияти томонидан қўшимча вагон ажратилмаяпти, айрим вагонлар Тошкентга таъмирлашга олиб кетилган, деган гапни айтди.

АЖнинг Сурхондарё филиали раҳбарлари ушбу масалани токи “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ раҳбарлари олдига кўндаланг қилиб қўйишмас экан, йўловчи поездидаги тартибсизликлар ҳали бери тугамайди.

М.ҚУРБОНОВ,
Термиз тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE