Турмоққа Ватан яхши

0
67

“Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир”. Бу Президентимиз таъкидлаганидек кундалик ҳаётимизда, фаолиятимизда ҳар бир ишимизда дастуруламал бўлаётганлиги айни ҳақиқат.

14 та уй-жойсиз оила, 32 нафар вояга етган, бироқ маълум бир яшаш жойига эга бўлмаган фуқаро, 7 нафар ногиронлиги мавжуд инсонлар, вилоятимиздаги 12-Меҳрибонлик уйи битирувчиларига давлатимиз томонидан тайёр уй-жойлар топширилиши фикримизнинг тасдиғидир.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, жамоат ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари, талаба-ёшлар, ва Меҳрибонлик уйи битирувчилари иштирокида ўтказилган тадбир уй эгалари учун ҳақиқий байрамга айланди. “Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора тадбирлар дастури” асосида вилоятимизда илк бор ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар қатламларини ҳимоя қилувчи, уларни яшаш уйи билан таъминлашдек эзгу ва савобли ишга қўл урилди. Барча шароитларга эга 21 та икки хонали, 32 та бир хонали жами 53 та хонадон калитлари ўз эгаларига топширилди.

— Эзгуликнинг баҳоси бўлмайди, — дейди меҳнат фахрийси, таниқли педагог Раимқул Тўраев. — Мен меҳрибонлик уйида улғайиб, етимликнинг ситамларини бошимдан ўтказганман. Шу жиҳатдан бугунги кунда меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига кўрсатилаётган бу ғамхўрликдан тўлқинланиб, қувончдан кўз ёшимни тия олмадим.

— Бугун қувончим чексиз. Энди мен ҳам бошқалардек ўз уйимга, ошёнимга эга бўлдим. Бу олийжаноб ғамғўрлик эса мени доимо юрт корига яраб, ватан ободлиги йўлида фидойилик билан хизмат қилишга ундаётир, — дейди Лобар Турдиева.

Бу каби хайрли ташаббуслар ўзининг ижобий натижасини, албатта, беради. Бугун уй-жойга эга бўлган бу инсонлар қалбида шукроналик зоҳир, юрт тақдирига даҳлдорлик ҳисси бор. Бу туйғулар уларни Ватан равнақи, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилишдек олийжаноб ишга ундаши, шубҳасиз.

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг