Бош саҳифа / Маданият / Туркийзабонлар фахри

Туркийзабонлар фахри

Камина тақдир тақозосига кўра, давримизнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов билан икки маротаба учрашиш бахтига муяссар бўлганман. 1963 йилнинг март ойи, Москва остонасида ҳарбий хизматда эдим. Ҳарбий қисмимиз жангчиларининг илтимосига кўра, Ч. Айтматов билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувни филология фанлари номзоди, доцент Вера Фёдорова бошқариб борди. У ўз сўзида Чингиз Айтматовнинг «Юзма-юз», «Жамила», «Сарвқомат дилбарим», «Бўтакўз», «Биринчи муаллим» каби асарлари тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Маърузачи «Юзма-юз» ва «Жамила» ёзувчининг талабалик йиллари маҳсули эканлигини қайд этди.

«Жамила» илк бора рус тилида «Новый мир» журналида чоп этилиши биланоқ XX асрнинг йирик ёзувчиси Луи Арагон томонидан француз тилига таржима қилинганлиги ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирди. Бу ёш ижодкор келажакда дунё адабиёти фахрига айланади, деди. Ўшанда Чингиз оға эндигина 35 ёшда эди. Орадан 20 йил ўтар-ўтмас у жаҳоннинг буюк ёзувчилари қаторидан жой олди.

Ўша учрашув вақтида Чингиз оға ҳарбий хизматчилар, хусусан, Ўрта Осиёлик йигитлар билан самимий суҳбат ўтказди. Шу боис, биз унинг доимий мухлисига айланиб қолдик.

Орадан 16 йил ўтди. 1979 йилнинг кузи. Малака ошириш курсида ўқиш учун М. Ломоносов номидаги Москва давлат университетига боргандим. Устозим-таниқли файласуф олим ва адабиётшунос, ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Маориф (ҳозирги халқ таълими) вазири бўлиб ишлаган Саид Шермуҳамедов собиқ иттифоқ ҳукумати, фанлар академияси, маориф вазирлиги, шунингдек, ЮНЕСКО топшириғига биноан рус тилининг жаҳон маданиятида тутган нуфузига бағишлаб Варшавада (Польша) ўтказиладиган анжуманда делегация раҳбари сифатида иштирок этиш учун бир неча кун Мос- квада бўлди. У киши Чингиз Айт матов билан жуда қадрдон дўст ва ҳамфикр эди. Улар телефон орқали боғланишиб Саид ака тўхтаган «Москва» меҳмонхонасида учрашадиган бўлишди. Дўстона суҳбатда машҳур олим, собиқ иттифоқда ягона нашр ҳисобланган «Философские науки» журналининг бош муҳаррири В.Готт, Москвадаги «Просвешение» нашриёти директори Д.Зуев ҳам иштирок этишди.

Самимий суҳбат давомида Чингиз оға каминанинг миллий маданиятлар тараққиёти хусусиятлари муаммоси тўғрисида докторлик диссертацияси устида иш олиб бораётганлигимни билиб, мавзунинг ўта долзарблигини таъкидлади ва омад тилади. Буюк инсоннинг эзгу истаклари мен учун бир умрлик оқ фотиҳа бўлди. Чингиз Айтматов ўтмишда ўз ёзувига эга бўлмаган қирғиз миллати ва унинг адабиётини дунё миқёсига олиб чикди. Қирғиз романчилик мактабига асос солди. Ўзбекистон Президенти Ш. М. Мирзиёев Ч. Айтматовнинг «Танланган асарлар» китобига ёзган сўзбошисида таъкидлаганидек, «Бугунги кунда жаҳон адабиёти ва маданиятини Чингиз Айтматовнинг буюк асарларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ёзувчининг халқ қалби, унинг дарду аламлари ва орзу-интилишлари, қувонч ва шодликлари теран бадият билан ифода этилган асарлари умумбашарий тафаккур хазинасининг бебаҳо дурдоналарига айланиб улгурганига барчамиз гувоҳмиз».

ЮНЕСКОнинг маълумотига қараганда, дунёда энг кўп ўқилаётган асарлар бўйича 1-ўринда В.Шекспир, 2-ўринда Л.Толстой, 3-ўринда эса Чингиз Айтматов туради. XXI аср арафасидаёқ Чингиз Айтматов асарлари жаҳоннинг 168 мамлакатида 180 тилда 830 маротаба, жами 80 миллион нусхада нашр этилган эди. Бу кўрсаткич бугунги кунда янада ошмоқда.

Чингиз Айтматов наинки қирғиз ва Марказий Осиё халқ- ларининг, балки бутун туркийзабон халқларнинг фахри, ифтихори, ғуруридир. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, кейинги йилларда Ўзбекистонда «айтматовшунослик» вужудга келди. Ёзувчининг деярли барча асарлари ўзбек тилига ўгирилган. 2015 йилда унинг олти томлик «Тўла асарлар тўплами нашр этилди. Чингиз Айтматов меросини тадқиқ этувчилар сафи кенгайиб бормокда. Бу борада таржимонлардан Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев, Нурали Қобул, тадқиқотчилардан Аҳмаджон Мелибоев, Бахтиёр Назаров, Тоҳир Қаҳҳор, П.Мирзааҳмедова ва бошқаларнинг хизмати катта бўлди.

Қувонарли томони шундаки, Ч.Айтматов асарлари фалсафий жиҳатдан ҳам ўрганилмоқда. Жумладан, Чингиз Айтматовнинг таниқли қозоқ шоири М.Шаханов билан ҳамкорликда яратган «Чўққида қолган овчиниг оҳи зори» номли асари Ўзбекистонда академик Саид Шермуҳамедов томонидан чуқур илмий таҳлил қилинган. Олимнинг бу тадқиқоти 2001 йилда рус тилида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов масъул муҳаррирлигида «Философия человека» («Инсон фалсафаси») номли алоҳида китобча бўлиб нашр этилди.

Президентимизнинг жорий йил 2 апрелида қабул қилган «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида таъкидлаб ўтилганидек: «Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди».

Бу ёзувчининг умри боқийлиги ва буюклигидир. Зеро, унинг ўзи айтганидек, «Коинот миқёсида инсон умри пашша умридай гап. Бироқ инсонга тафаккур ато қилинганки, шу нарса унинг умрини узайтиради”. Ҳа, бу гаплар давримизнинг буюк ёзувчиси Ч. Айтматовнинг ўзига ҳам тўлиқ тааллуқлидир.

Шомат САМАТОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan