Бош саҳифа / Адабиёт / Туркийларнинг олтин сулоласи

Туркийларнинг олтин сулоласи

Халқимизда қозонда бори чўмичга чиқади, деган гап бор. Буни инсоннинг салоҳияти, қобилияти, тафаккур олами, ички маънавий дунёсига нисбат бериб айтиш ҳам мумкин.

Мен Шавкат Пардаевни ўттиз йилдан буён танийман. Унинг ижод намуналарини, қўлёзмаларини ўқиб, фикр-мулоҳазаларимни очиқ айтиб келганман. 1980 йилларда “Сурхон тонги” газетасида кечки мусаҳҳиҳ бўлиб ишларди. Биз навбатчилик пайтида жуда кўп тортишардик. Бир байт шеър ёзсам, иккинчи байтни Шавкат ёзарди.

У ҳар гал ишхонамга келганда янги бир асар қўлёзмасини олиб келади. Эринмасдан ўқийман, ёзувчи бўлмасамда, китобхон ва муҳаррир сифатида фикримни баён қиламан. Мақтасам ҳам раҳмат дейди, танқид қилсам ҳам раҳмат дейди.

Шу пайтгача у китоб чиқаришнинг иложини қила олмай келаётганди. Ваҳоланки, унинг ижодхонасида қайта-қайта таҳрир қилинган, том-том китобларга жо бўладиган ижод намуналари борлигини биламан. 2012 йил газетамизнинг 25 сонида ихчамгина сўз боши билан романдан парча эълон қилинганди. Демоқчимизки, асарга ҳақиқий баҳо берган, муаллифни илк кашф этган “Сурхон тонги” газетасидир.

Яқинда муаллифнинг “Тўққиз хоқон салтанати” романи уч минг нусхада “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилди. Асарга Эргаш Нас- рулло муҳаррирлик қилган.

Ҳар куни чиқаётган ўнлаб китоблардан бу асарнинг нима фарқи бор дерсиз. Тўғрисини айтсам, ҳали шу пайтгача ўзбек романчилигида олти-етти минг йил олдинги туркийлар тарихини ёритган асар битилмаганди. Зукко китобхонлар яхши билишади, дунё тараққиётида туркий баҳодирларнинг ҳиссаси беқиёс бўлган. Қадимда Шумерлар жаҳон тамаддунида муносиб из қолдирган. Уларнинг беназир халқ қаҳрамонлик эпоси “Билгамиш” (шўро даврида “Гильгамиш” деб атай бузилган)нинг ўзи фикримизнинг далилидир. Яна бир гап бутун башарият саккиз нафар туркий фотиҳни тан олади. Булар Эрлик ҳоқон, Тўғизхон, Тар- ғитой, Алп Эр Тўнга, Ишпагай, Аттила, Истамихон ва Амир Темур. Бу асар ана шу улуғ туркий хоқонлар ҳақидадир. Улар аслида бизнинг бобокалонларимиз, бизнинг шонли ўтмишимиздир. Бу туркийларнинг олтин сулоласи ҳақида гўзал бир қасида дейиш мумкин. Томиримизда бир томчи туркий қон бўлсада, бундай афсонавий қаҳрамонлар билан ҳар биримиз фахрланишимиз керак. Бир сўз билан айтганда, Шавкат укамиз ана шу оғир ва машаққатли ишнинг уддасидан чиққан.

Олти-етти минг йиллик туркийлар тарихини ҳужжатлар асосида бадиий акс эттириш, ўша давр руҳи, тили ва анъаналарини тиклай билиш, уни ўқувчи ишонадиган тарзда китобхонга етказиш, ижодкордан озмунча машаққат талаб қилмайди. Яқинда “Шарқ юлдузи” журналида ёзувчининг яна бир янги асари чоп этила бошланди. Гиёҳ тошни ёриб чиқади, деган гап айнан ҳақиқат. Мен Шавкатни ана шу ҳарсангтош орасидан чиққан ниҳолга ўхшатаман. Бу адабий жасорат унинг қонида бор. Отаси, Сурхондарёнинг атоқли шоири Низомжон Парда гарчи унвонларга сазовор бўлмасада, шеъриятда ўзига хос ва мос ютуқларга эришганлигини адабиёт ихлосмандлари яхши билишади. Шавкат ана шу инсоннинг зурриёди. У боболари, отаси тутган қаламни тавоб қилиб, ихлос билан ижод этмоқда. . Миллатнинг ўтмиши, шону шарафи, ор ва ғурури йўлида игна билан қудуқ қазишдек машаққатли ва хайрли ишга қўл урган бундай эл ўғлонлари яна ва яна кўпайишини жону дилим билан истардим.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёшларга ҳавасим келди

“Ёш китобхон” танлови ҳақида гап кетганда, ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилган телевизион танловдаги лавҳалар, тиллари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE