Бош саҳифа / Адабиёт / Туркий тиллар салтанати

Туркий тиллар салтанати

Дунёда боқийликка дахлдор бўлган нарсалар сафида тил ва миллат деган ноёб тушунча бор. Тилнинг боқийлиги миллатга, миллатнинг боқийлиги тилга боғлиқдир. Бу тарих синовидан ўтган ҳақиқат. У ёки бу миллат вакиллари ўз тили, адабиёти, маданий-маънавий мероси, улуғ аждодларини қанчалик қадрласа, эъзозласа, тил ва миллат равнақи шунчалик ўз ўрнига тушади.

Халқлар, мамлакатлар, миллатлар ўтмиши ва бугуни ҳақида фикр юритар экан, таниқли шоир И. Зиядонус “Ишонинг, тувакдаги гуллар ҳам ижтимоий аҳамиятга эга” деганди. Гулнинг турлари ўзгармасада, уларнинг ҳар бир тилда, ҳар бир миллатда ўз атамаси ва номи бўлади. Энг муҳими ҳам ана шундадир. Туркий халқларни қўйинг, биргина ўзбекнинг 92 уруғи лаҳжасида ишлатиладиган ноёб ибора ва сўзларни жамласангиз, бир неча томлик қомусий китоб бўлади. Агар бунга 30 га яқин туркий халқлар тилларини қўшсангиз, ўзига хос туркий халқлар тилларининг қудратли салтанати пайдо бўлади.

Тилимиздаги ҳар сўз ва жумла мумтоз мусиқа мисоли. Агар ўзбек халқ тилининг сеҳри, жозибаси, мафтункорлиги, мўъжизаси ва илоҳий қудратини билмоқчи бўлсангиз узоққа борманг, Тоғай Мурод, Баҳодир Қобул, Назар Эшонқул асарларини ўқишнинг ўзи кифоя.

Шу маънода ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Эшқобил Шукурнинг “Бобо сўз изидан” китоби ўзининг ижтимоий ҳаётдаги салмоғи ва аҳамияти билан қимматлидир. Бу асарга киритилган сўз ва иборалар бир ойда ёки бир йилда тўпланиб, тадқиқ ва таҳлил қилинмаган. Ижодкор бугун халқ ва миллат истеъмолида бўлган ва бўлмаган сўзларни изоҳлашда Маҳмуд Қошғарийдан тортиб, Алишер Навоийгача, туркий халқлар эпос ва достонларидан тортиб, бугунги ва қадимий қўлёзмаларгача мурожаат қилади. Шу сабабли ҳам китобда изоҳланган архаик сўзлар ва айни замонда тилимизда истеъмолда бўлган ибора ва жумлаларнинг маъносини аниқлашда юқоридаги манбалардан жўяли далиллар топа олган.

Масалан, оддийгина “Чавандоз” ва “Чапандоз”, “Қозонди” ва “Қозон”, “Қумғон”даги “қимиз” ва “қимрон”, “Сувлуқ” ва “Сўлиқ”, “Қоя” ва “Қия”, “Иноқ” ва “Инон”, “Юр” ва “Юрт” каби сўз ва иборалар этимологияси, қадимий шакли, ўтган даврларда шаклий ва маъно жиҳатидан ўзгарганлиги, бугунги истеъмолдаги ҳолати юзасидан қисқа, содда ва равон тарзда шарҳ ва таҳлил берилганки, буни тан олмай иложингиз йўқ. Китобда ижодкор ана шундай 269 та сўз ва иборанинг шарҳи ва изоҳини бериб ишончли илмий, адабий, тарихий манбалар асосида ўзига хос тарзда далиллай олган.

Китобнинг яна бир хусусияти шундаки, юқоридаги сўз ва ибораларни изоҳлашда бундан олдинги манбалар ва ижодкорларнинг фикрини рад этмаган ҳолда ўзининг холис ҳамда ишончли фикрларини, мулоҳазаларини келтиради. Яна бир жиҳати, унда она тилимиз ҳақидаги шоирнинг туркум шеърлари ҳам жой олган. “Она тил туйғуси”, “Сўзлар гувоҳлигида”, “Жаннатга мактуб” каби мақолалар асарнинг умумий мақсади ва моҳиятини тўлдиришда китобхоннинг тилга ва шу тил вориси бўлган миллатга нисбатан ҳурмат ва эътиқодини, садоқат ва эътирофини алангалатишда ўзига хос ижодий услуб деб қаралмоғи лозим, деб ўйлаймиз.

Эшқобил Шукурнинг бу китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди ҳомийлигида 2 минг нусхада чоп этилган бўлиб, уни нашр- га иқтидорли ижодкор Орзиқул Эргашев тайёрлаган. Шоир Р. Субхон муҳаррирлик қилган. Демоқчимизки, тили билан, миллати билан, юрти билан фахрланмаган, ғурурланмаган ворис бу тилнинг, бу миллатнинг, бу юртнинг тўлақонли вакили бўла олмайди. Шу маънода ҳам туркий халқлар тиллари тарихи, адабиёти, эпоси, халқ достонлари, тош ва қояларда битилган ўрхун-энасой битиклари билан ифтихор қилувчи ҳар бир туркий халқлар вакили учун муносиб амалий қўлланма бўлади, деган фикрдамиз. Яна Эшқобил Шукурнинг “Бобо сўз изидан” китобининг илмий, бадиий қиймати ва аҳамияти, унинг туркий халқлар тилшунослиги тарихидаги ўрни ҳақида зукко китобхонлар ўз фикрини айтадилар, деган ифтихордамиз.

Сафар ОМОН,
Тўра РАЗЗОҚ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ҚЎНҒИРОҚ БОНГ УРДИ

Қўнғироқ бонг урди. Соч-соқоли чанг, Жиловни қўйвормай мудрайди сарбон. Ҳар ён пучмоқларда бораётир жанг, Жанглар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan