Туризм: истиқболли лойиҳалар сари

0
84

Сурхондарё вилоятида туризмни ривожлантириш учун 374 тарихий, маданий, санъат, меъморий обидалар, ноёб археологик қазилмалар мавжуд.

Вилоятнинг табиий сўлим гўшалари, мафтункор шаршаралари, маъданли сув ва шифобахш тоғ тузлари агро-эко, тоғ ва тиббиёт туризмини кенг йўлга қўйишга қулай имконият яратади. Қадимий бу юртнинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари, миллий ҳунармандчилик буюмлари ҳам дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотиб келмоқда.

Аммо, мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган “Йўл хатираси”да айнан воҳамиздаги зиёратгоҳлар таъмирланиб, ободонлаштирилиб, сўлим масканларга айлантириши белгилаб қўйилди.

Мазкур дастур асосида Бойсун, Термиз, Жарқўрғон, Олтинсой, Денов, Узун, Шеробод туманларидаги муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар реконструкция қилиниб, ободонлаштирилади. Йўллар таъмирланади. Савдо-ҳунармандчилик дўконлари қурилади. Хорижлик сайёҳларнинг эмин-эркин зиёрат қилиши учун барча замонавий шароитлар яратилади. Айниқса, Термиз туманидаги Кокилдор ота, Қирқ қиз, Султон Саодат ёдгорликлари, Чоргумбаз масжиди, Бойсун туманидаги ҳазрати Эшонбобо зиёратгоҳи ва шифобахш суви, ҳазрати Султон Валий, Жарқўрғон туманидаги Хўжа Самандар Термизий зиёратгоҳлари, Олтинсой туманидаги Хўжаипок зиёратгоҳи ва шифобахш суви, Узун туманидаги Оқ остона бобо мақбараси каби тарихий обидалар ободонлаштирилиб, замонавий қулайликлар яратилади ва “Ҳалол” стандарти жорий этилади.

Бундан ташқари, Бойсун туманида Омонхона, Дарбанд, Зовбоши тоғли ҳудудларини ўз ичига олган Бойсун, Сариосиё ва Узун туманларида Хонжиза тоғ тизмалари ён бағирлари ҳамда Сангардак қишлоғи ҳудудларида Сари- осиё, Шеробод тумани Шал- қон қишлоғи, Хўжаикон туз кони ҳамда у ердаги мевали боғларни ўз ичига олган Шеробод кичик туризм зоналари ташкил этилади. Уларда замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туризм аҳамиятига эга бўлган бошқа объектлар қурилиб, замонавий муҳандислик инфратузилмаси яратилади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг