Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Тупроқни яшнатган одам

Тупроқни яшнатган одам

Бобом юрт тупроғини кафтига олиб, бу бизнинг бебаҳо хазинамиз дер эди. Ўшанда   ёш   бола  бўлганим   боис,   у   киши   сиқимлаб  турган   тупроққа ҳайратланиб, бирор жўяли жавоб тополмасдим. Йиллар ўтиб ақлимни танигач бобомнинг сўзлари нечоғлик ҳақлигига   амин бўлдим. Айниқса умрини,   бор меҳрини тупроққа бағишлаб хизмат қилаётган кишиларни кўрганимда бобомнинг сўзлари бот-бот хаёлимдан ўтади.

Иш фаолиятим давомида туғилиб ўсган тупроғини жону дилидан ортиқроқ севиб, унга садоқат билан хизмат қилаётган инсонларнинг кўпини кўрганман. Уларни кўрганингда кўнглинг ёришади. Бу тупроқда қандай хислат борки, одам ундан сира йироқлашгиси келмайди.

Деҳқончилик соҳасида таҳсил олиб иш бошлаганимда отамнинг менга берган илк сабоғи қуйидагича бўлганди. «Болам далада ишлаган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Мен қирқ етти йил даланинг нонини едим. Ўн икки нафар фарзандни мана шу қора кетмоним билан тер тўкиб ишлаш эвазига улғайтирганман. Деҳқоннинг нони она сутидек ҳалол бўлади…» Отамнинг сўзлари менга тенгсиз куч бағишлаганди. Шунинг учун бўлса керак, майдонларга меҳрим ортиб, анча йил пахта далаларида қолиб кетганман. Ўн беш йил хўжаликда бош агроном бўлиб ишладим. Иш фаолиятим давомида ерга меҳр берган жуда кўп деҳқонларнинг дарсини олдим. Айниқса, деҳқончилик илмининг пири дея ном олган тажрибали инсон Шамсиддин Орипов билан бирга ишлаганимдан бахтиёрман. Ишнинг кўзини биладиган ҳозиржавоб бу раҳбарнинг матонатига кўп бора қойил қолганман. Далаларда тинимсиз елиб югурадиган, юрганда ҳам ўз изини қолдириб кетувчи у одамнинг қушдек енгил ҳаракатлари ва  донолиги мени лол этган. Ўша пайтлар вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказиладиган катта йиғинларда деҳқончилик борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳақида сўз кетганида Шамсиддин ака жонимизга оро кирарди. Вилоятда ўтказилган ана шундай йиғинларнинг бирида сариосиёлик деҳқонларнинг далада олиб бораётган ишлари соҳа мутахассислари томонидан қаттиқ танқид қилинди. Эмишки, Сариосиё туманида ғўза ниҳоллари икки марта тўлиқ озиқлантирилишига қарамай, бир марта суғорилган. Вилоят ҳокимининг етук маслаҳатчилари томонидан кўндаланг қўйилган бу муаммо биз агрономларни довдиратиб турган бир маҳалда, минбарга деҳқонбошимиз Шамсиддин Орипов кўтарилди. У киши йиғилганларга бирма бир кўз югуртириб олгач, ҳаяжон билан вилоят ҳокимига юзланди:

— Мутахассисларимиз жуда тўғри гапни айтишди. Чиндан ҳам биз ниҳолларимизни икки бор озиқлантирдик. Аммо, бир марта суғордик. Бунинг сабаби бор. Сариосиё воҳанинг ёғингарчилик кўп бўладиган туманларидан бири саналади. Уни, баҳорда ойлаб ёмғир ёғмайдиган Музработ ёки Шеробод туманларига сира қиёслаб бўлмайди. Шунинг учун биз биринчи озуқани чигитни экиш билан биргаликда 15 сантиметр чуқурликда бериб чиққанмиз. Унда ерда намлик миқдори ниҳоятда баланд эди. Ўғит ниҳолларни соғлом униб-ўсишига қўл келган. Кейинчалик ғўза ниҳолларимиз «эркаланиб»   кетмаслиги   учун   уни   сувдан   тийганмиз.   Бир   марта   пахтани   кам суғорганмиз, ерни чуқур культивация қилиб, қиздирганимиз эвазига бугун ниҳолларимиз соғлом барқ уриб ўсаяпти…

Шамсиддин аканинг бу ихтироси даврадагиларни ҳангу манг қолдирди. Бизнинг эса юзимиз ёришди. Бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз. Танқид эшитиш ўрнига вилоят ҳокимининг мақтовини олдик. У кишининг ана шундай ибратли ҳаёт  дарсларини жуда  кўп  гувоҳи бўлганман.

Кунларнинг бирида собиқ хўжалик раҳбарларидан бири Шамсиддин акага менинг устимдан арз қилиб боради. Унга мен ижарада ишлаши учун ер ажратиб бермаганимдан нолийди. Воқеани эшитгач,  Шамсиддин ака зудлик билан хўжалигимизга етиб келди. У киши мени ёнига чақириб, ғалати савол берди:

— Бу хўжаликнинг кайвониси ким?! — У кишининг сўзига ҳайрон бўлиб, савол билан  жавоб бердим. — Нима эди? — У киши менга бепарво жавоб қилди.

— Бугун тонг саҳардан бир говзанбур росса ғўнғиллаб, бошимни оғритди. Унга ижарага ишлаши учун ер бермаган экансан… — Гап  ким ва нима ҳақида кетаётганини дарров илғадим. Ўзимни оқламоқчи бўлиб, унга бир неча бор ер ажратиб берганимнию, у бир зайл режани бажаролмай ишончимни оқламаганини айтдим. Шунда Шамсиддин ака менга ўзининг бир донишмандона ҳикоясини сўзлаб берди:

— Бизнинг бир кекса, ишнинг кўзини биладиган устоз раисимиз бўларди. Биз раислар у кишидан эл билан ишлаш борасида тез-тез маслаҳат олиб турардик. У киши бир куни бизларга шундай маслаҳат берганди: “Сизлар катта йўлдан кетиб бораяпсизлар. Бирдан кўзингиз йўл бўйида офтобда тобланиб ётган кичкина кучукваччага тушади. Сиз унинг ёнидан эҳтиёт бўлиб ўтинг. Бу шунчаки кичик бир кучуквачча дея эътиборсиз ҳолда ўтаётиб, ногаҳон унинг бирор жойини босиб ўтсангиз борми, сизни талайди…” Ука, ҳикоядан ўзинг хулоса чиқар…

Шамсиддин ака бошқа гапирмади. Хизмат машинасига миниб кетди. Мен у кишининг сўзларидан таъсирландим. Сўзнинг қудрати қанчалар юксаклигини англагандек бўлдим…

Шамсиддин Орипов, бу ном Сурхондарё вилоятида ишлайдиган кўплаб деҳқонларнинг тилига тушган. Умри тупроқ билан тиллашиб ўтган бу инсон, ғўза ниҳоллари нима сўраётганини даланинг ичига кирмасдан туриб айтарди. Оддий деҳқон оиласида ўсиб улғайган. Ш. Орипов Тожикис- тон давлат педагогика институтининг тарих факультетида таҳсил олган. Сўнгра қишлоқ хўжалик институти ҳамда Олий партия мактабида ўқийди. Ишни тарих фани муаллимлигидан бошлаган Шасиддин ака туманда инструктор, ташкилий ишлар бўлим бошлиғи, колхоз раиси, райкомнинг иккинчи котиби, қурилиш бошқармаси му- овини, Сариосиё туман қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи, ҳоким муовини, “Сариосиё агрокомбинати” бош  директори, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг биринчи ўринбосари, вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи, “Сурхон” дон маҳсулотлари корхонасининг  бош директори, Музработ туман ҳокими, “Сурхондарёпахтасаноати” АЖ  раисининг ўринбосари, Сариосиё туман “Маҳалла” хайрия жамғармасининг раиси лавозимларида фаолият юритди. Истиқлол шарофати билан  хизматлари юксак баҳоланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, “Шуҳрат” медали соҳиби, Мустақилликнинг бир неча  ўн йиллик нишони билан тақдирланди. Шамсиддин ака қаерда ишламасин, ишбилармонлиги ва донолиги унга ҳамиша қўл келади. Туманда Шамсиддин ака ҳақида “Отасининг дуосини олган одам” деган гап юради. Одамларнинг айтишича ҳеч ким Шамсиддин акадек, отанинг хизматини аъло даражада бажармаган экан. Бу ҳикоянинг тарихи узун…

Қаҳрамонимиз ҳаётини ифодалаб, киши ўз ота-онаси ҳамда элининг дуосини олса, ҳеч қачон кам бўлмаслигига амин бўлдим.

Сизнинг ибратли ҳаёт йўлингиз китобларга арзигуликдир. Аммо сўзимни шеърим билан якунлашга қарор қилдим.

Самода арғумчоқ ўйнайди қуёш

Сурхон қуёшини бағрига босиб,
Ниҳоллар жонига оро кирган зот.
Ғўзалар бир куни кафтини очиб,
Унгаоқ олтинни қилгай мукофот.

Анҳорлар қиқирлаб чиқади пешвоз,
Тунлар туш кўради ёшлик чоғини.
Тонгда тандирини ловуллатиб ёз,
Ҳосилга тўлдирар ҳаёт боғини..

Майдонда шамолнинг отини миниб,
Яшаш пойгасида асло толмаган.
Бир умр Ватаннинг ишқида ёниб,
Дунё ишларидан ортда қолмаган.

Ой чиқиб келади юксак қоядан,
Синовда синалиб сарғаяди боғ.
У дуо тилайди ғўзапоядан,
Ҳаёт юрагига солганда титроқ.

Деҳқон ҳосилидан қувнаган қуёш,
Самода арғумчоқ ўйнаб юрипти.
Шамсиддин Орипов элга бўлиб бош,
Эллик йил, эллик минг қўрғон қурипти!

АХТАМҚУЛИ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan