Бош саҳифа / Жамият / Тўпчилар сулоласи

Тўпчилар сулоласи

Жалолиддин Қурбоновнинг отаси Маҳмуд ака ҳам, бобоси Қурбон ота ҳам ҳарбий хизматни яхши ўташган, моҳир тўпчилар бўлишган. Масалан, Маҳмуд ака захирадаги майор, артиллериячи. Бу қизиқиш 1965 йилда Термиз шаҳридаги “Каттабоғ” маҳалласида туғилиб ўсган Жалолиддинга ҳам кўчди.

1983 йилда чақирилган йигит Туркманистоннинг Ашхабод шаҳрида ҳарбий хизматни ўтай бошлади. Маҳмуд ака бир марта ўғлини бориб кўрди ҳам.

Сўнг Жалолиддин хизмат қилаётган қисм дастлаб Кобулга, сўнг Қундуз шаҳрига кўчди. Жалолиддин кейинроқ Боғлон шаҳрида —тоғли ҳудудда жойлашган десант-ҳужум қилувчи батальонда хизмат қила бошлади. У ўзи юрар артиллерия қурилмасида механик бошқарувчи эди. Жалолиддин мактабда бирга ўқиган қизга уйланган бўлиб, 1984 йилда Термизда унинг ўғли Камолиддин туғилди.

1985 йилнинг 12 июнида Жалолиддин душман билан қаттиқ тўқнашувда ҳалок бўлди. Унинг жасади темир тобутга солиб олиб келинди ва Султон Саодат қабристонига дафн қилинди. Қабри устига ёдгорлик тоши ўрнатилди.

Умуман, Жалолиддин Қурбонов 21 марта махсус операцияда топшириқларни муваффақиятли бажариб, бошқаларга ўрнак бўлганди. У “Қизил юлдуз” ордени ва СССР Олий Совети Президиумининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

1991 йилда Термиз шаҳар ҳокимлиги қарори билан 13-мактабга Жалолиддин Қурбонов номи берилиб, унинг бюсти ўрнатилди,музей ташкил этилди. Учқизилдаги ҳарбий қисмда жасорат бурчаги очилди. “Комсомольская правда” газетасида “Жалолиддиннинг жасорати” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. 2013 йилда — II Жаҳон урушининг 68 йиллиги арафасида Россия телевидениесида чиқиш қилган белорус журналисти бошқа қаҳрамонлар қатори Жалолиддин Қурбонов номини ҳам тилга олди.

Камолиддин ҳам отаси Жалолиддин изидан бориб, Россиянинг Пенза шаҳридаги артиллериячилар олий ўқув юртини тамомлаб келиб, қизғин фаолият кўрсатмоқда. Унинг икки нафар фарзанди бор. Эндиликла Камолиддиннинг ўғли Зуҳриддинда ҳам ҳарбий соҳага, жумладан, артиллерияга қизиқиш бор. Демак, бобо ва оталар иши давом этаверади.

Муқаддас ҚУРБОНОВА,
Термиз археология музейи ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE