Бош саҳифа / Жамият / Туман ҳокимликлари расмий сайтида нима гап?

Туман ҳокимликлари расмий сайтида нима гап?

Бугунги замон шиддати барчамиздан аниқ ва тезкор ишлашимизни, янгиликлардан хабардор бўлишимизни талаб қилаяпти. Албатта, бунда бизга энг яқин кўмакчи — интернетга етадигани йўқ. Қолаверса, ҳозирда маълумот олмоқчи бўлсак, барча ҳокимлик ва идоралар, бошқармаларнинг расмий сайтлари яратилган. Айниқса, туманларда амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида маълумотларни олиш учун кимгадир қўнғироқ қилиб, масъул шахсларнинг вақтини олгандан кўра, интернет имкониятларидан фойдаланган қулай-да.

Аммо, туман ҳокимликлари сайтига ташрифимиз чоғида бундай қулайликдан ҳамон бебаҳра эканимиздан ҳафсаламиз пир бўлди. Нега дейсизми? Келинг, яхшиси улардаги айрим маълумотлар билан сизни таништираман.

Шеробод тумани ҳокимлигининг sherabad.uz сайтида янгиликлар бўлимидаги иқтисодиёт, сиёсат, жамият рукнлари, шунингдек, туман ҳақида, меъёрий ҳужжатлар, туман ҳокими, туман ташкилотлари каби бўлимлар яратилган. Бироқ, ушбу бўлимлардан маълумот олиш учун бирма-бир курсорни тўғирлаганимизда бир-икки йил олдинги эски маълумотларга дуч келдик. Масалан, янгиликлар бўлимидан иқтисодиёт кўрсаткичларини изласангиз, ундаги энг сўнгги маълумот 2015 йил 25 июлда янгиланганига гувоҳ бўласиз. Сиёсат янгиликларида эса Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг 2015 йилдаги сайловчилар билан сайлов олди учрашуви ҳақидаги хабар сурати билан турганига нима дейсиз?

Жилла қурса, туман ҳақида бирор маълумот топармиз, деган умидда разм солгандик, аммо, у ерда туман эмас, балки вилоят тарихи ҳақидаги умумий маълумот турган экан. Айниқса, туман ташкилотлари билан танишмоқчи бўлганимизда фақат туман тиббиёт бирлашмасининг номидан бошқа бирорта ҳам ташкилот номи келтирилмагани ҳаммасидан ошиб тушди. Нима, туманда бошқа ташкилот йўқми? Туман ҳокими ёки бош- қарма ва бошқа идоралар раҳбарларининг исм-шарифи, телефон рақамлари ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади.

Денов ҳокимлиги сайти denau.uzда  ҳам худди шу ҳолатни кузатдик. Бўлимлар ва улардаги маълумотлар ҳам янгиланмаган. Ҳатто, янгиликлар, туман ҳақидаги, тумандаги ташкилотлар, меъёрий ҳужжатлар бўлимларида ҳам sherabad.uz сайтидаги маълумотларни кўрасиз. Яна Термиз туман ҳокимлиги сайти termizt.uz, Ангор туман ҳокимлиги сайти angor.uz ва бошқа туман ҳокимликлари сайти ҳам худди шундай ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Тўғри, барча туман ҳокимликлари расмий сайти дизайни (ҳатто бош саҳифасидан тортиб суратларигача) бир хил. Лекин, бу ундаги маълумотлар ҳам бир хил бўлиши керак дегани эмас-ку. Қолаверса, бўлимларда 2015-2016 йиллардаги маълумотлар турганини қандай изоҳлаш мумкин? Ахир, орадан бир ярим-икки йил вақт ўтди. Бу вақт ичида мамлакатимиз ҳаётида қанчадан-қанча ўзгаришлар рўй берди. Республикамизда барча соҳаларда тубдан ўзгаришлар қилинди ва бу янгиланишлар ҳамон давом этмоқда. Мана шундай бир пайтда туман ҳокимликлари расмий сайти ҳамон “ухлашда” давом этаяпти. Демак, мутасаддилар учун расмий сайт аҳамиятсизлигига иқрор бўлдик.

Ўзингиз ўйлаб кўринг чи, интернет фойдаланувчиси битта туман ҳокимлиги сайтидаги шунча бошқотирмалар, ноаниқликлардан сўнг қандай хулосага келиши мумкин?

Одатда, сайтларга кирганимизда “Сайтимиз сизга маъқулми?“ деган сўровнома йўқ. Аммо туман ҳокимликларининг расмий сайтларида яхшиямки бундай сўровнома йўқ. Агар бундай сўровнома қўйилиб, унга  “Бундан баттари бўлмайди“ деган жавоб киритилса борми…

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE