Бош саҳифа / Жамият / Тўйлар тўкинлик рамзи, бироқ…

Тўйлар тўкинлик рамзи, бироқ…

Уйимизга меҳмон келса ёки биз ўзимиз меҳмондорчиликка борсак, қайтар чоғда дастурхон бошида қўл дуога очилади ва Яратгандан шу хонадонда яхши тўйлар бўлсин, дея сўралади. Негаки, тўй тинчлик, тўкин-сочинлик, бир сўз билан айтганда, фаровонлик рамзи.

Бугун, афсуски, тўйдаги ҳолатларга эътибор қаратар экансиз, йил са- йин эмас, балки ой сайин кўпайиб бораётган янгидан-янги “расм-русум”лар энсангизни қотиради. Нега, дейсизми? Тўйдаги исрофгарчиликлар, дабдабабозликлар ва манманликлар чидаб бўлмас даражага бориб етди, десак адашмаймиз. Бугунги тўйлар икки ёшнинг мустақил ҳаётга қадам қўяётганидан улар бахт-саодати учун эмас, ким ўзарликда, кимнинг пули кўпчилигини кўз-кўз қилиш билан ўтмоқда.

Бу каби дабдабабозликлар иллатга айланиб, мамлакат миқёсидаги муаммо бўляптики, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувида бугунги “кимўзар”га қилинаётган тўйларимиз ҳақида ку- йиниб гапирди. Жумладан, “Энг ёмони, айрим пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топаяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади. Мана, Тошкент даги тўйларда “келиннавкар” деган яна бир бало чиқибди. Нима, эмиш, энди келиннинг ота-онаси қизига қўшиб, унинг ўнлаб дугоналарини ҳам бир хил кийинтириши, ясантириши керак экан. Бундай бемаза қилиқлар қаердан чиқяпти? Ёшлар кимдан ўрганаяпти буни?”  дея таъкидлади.

Бугун яхши ниятлар билан барпо этилган оилаларнинг барбод бўлишига ҳам айни юқоридаги фикрлар сабаб эмасми, аслида? Бу ҳақда сўз юритганда, вилоятимиз маркази мисолида фактларга эътибор қаратиб, чуқур ўйга ботасиз. 2017 йилнинг ўтган етти ойида Термиз шаҳар ФҲДЁ бўлимидан 596 жуфт йигит-қиз никоҳдан ўтган бўлса, шу муддат ичида роппа-роса 100 нафар оила барбод бўлди. Хўш, буни нима билан изоҳлаш мумкин?

“ТУГУН”ЛИ КЕЛИН ҲУНАРЛИСИДАН АФЗАЛМИ?..

Айрим қайноналар борки, келинининг қўлидаги ҳунари билан эмас, “тугуни” билан қизиқади. Ва шу орқали унга баҳо бериб, шунга қараб муомала қилади. Қиз узатган бечора ота-она ёшлар кўнгил боғлаб турмуш қуришди, деб борини тўкиб сочади. Сандиғини сарпо-ю сепга тўлдиради. Мебеллар, гиламларини ва ҳатто пардаларини ҳам баҳоли қудрат харид қилиб, тиктириб беради. Аммо 18-19 яшар қиз турмуш қурганига 3-4 ой бўлмасдан уйига қайтади. Қайнона учун нима эмиш, мебеллар арзон, сепида ҳеч вақо йўқ, у маҳалла-кўй олдида “ер” бўлибди. Энг ёмони, мана шундай ёшларга ЭС бўлиш, ЎРНАК бўлиш ўрнига, савияси, маънавий қашшоқлиги билан фарзандларини жар ёқасига етаклаётган “кайвони” аёлларимиз кўпайиб бораётгани ачинарли ҳолдир. Ахир келин “тугун”ли эмас, ҳунарли бўлиши зарур эмаси? Ҳунарининг ор- қасидан бир умр ризқ топиб, турмуш ўртоғи билан файзли рўзғор кечириб, бола-чақа боқиши мумкин-ку! Ҳеч қачон унутмаслик керакки, ҳунари бор келин албатта, ўз меҳнати билан ўз “тугуни”ни ўзи топади.

АСАЛНИНГ ОЗИ ШИРИН

Азизлар! Халқимизда “асалнинг ҳам ози ширин” деган ибора бор. Бу нимани англатади — албатта, меъёрни. Ҳар бир ишда меъёрни унутмаслигимиз керак. Зеро, тўй — энг қувончли кун. Ушбу куннинг қадрига етайлик. Оила деган муқаддас қўрғонни сен, зебу зийнат, манманлик, кибр-ҳаво, дабдаба билан эмас, аксинча, уни ишонч, ўзаро ҳурмат-иззат, аҳиллик, тотувлик, келишувлик, бахт ва саодат, садоқат, вафо деган тушунчалар билан бунёд этайлик. Шундагина бу қўрғон заволга юз тутмайди.

Бобуржон ХИДИРОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE