Бош саҳифа / Жамият / Тўйлар – маънавий қадриятлар кўзгуси бўлсин!

Тўйлар – маънавий қадриятлар кўзгуси бўлсин!

Ўзбек халқи тўй қиламан, элнинг дуосини оламан, бошқаларни ҳам қувончимга шерик қиламан, деган мақсадда яшайди. Афсуски, кейинги пайтларда  ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида исрофу дабдабалар билан тўй қилиш ҳолатлари ҳам пайдо бўлмоқда-ки, бу халқимизга хос бўлган гўзал анъаналарга  тамомила ётдир.

Шу ўринда, “Хўш, тўйларни камчиқим, исрофгарчилик ва дабдабабозликка йўл қўймай ўтказиш учун нима қилиш керак?” деган ҳақли савол туғилади.

Биринчи навбатда, тўйларда қуда томонларга берилаётган сарполар ва совға-саломларни маълум меъёрга келтириш яъни куёвга олинадиган бош-оёқ сарпо, ҳаттоки ич кийимларни олишни бекор қилиш лозим. Негаки, албатта, ориятли, ғурурли йигит ўз ички кийимини ўзи олади. Қайнотаси ёки бўлажак турмуш ўртоғининг ҳисобидан кийинмайди.

Тўйларга чақириладиган меҳмонлар рўйхати ҳам ихчамлаштирилиб, келин-куёвга берилаётган мебель, телевизор, кир ювиш машинаси, совутгичлар, ҳатто енгил автомашина каби ортиқча харажатлар рўйхатимиздан олиб ташланиши керак. Чунки бундай харажатлар қуда томонларни анча чарчатиб, ўртага совуқлик тушишига  сабаб бўлмоқда. Ахир ёшлар тайёрига айёр бўлмасдан ўз рўзғорларини ўзлари бутласин, шундагина ҳар бир нарсанинг қадрига етади.

Шунингдек, никоҳ маросимида қатнашадиган машиналар сонини, видеога олиш жараёнини ҳам тартибга олиш зарур.

Тўйда келинларимиз киядиган тўй кўйлаклари ҳам ғарб намунасида ярим очиқ ҳолатда тикилган бўлиб, бир томондан келиннинг шарму ҳаёсига мос келмайди, иккинчи томондан нархи чўнтакка тўғри келмайди. Нима, бизнинг миллий бежирим атлас ва адрасларимиз қайси матодан кам? Тўйдан кейинги куёв, келин, қиз чақириқлар каби удумларда бериладиган сарпо-суруқ ҳақида ҳам ўйлаб кўриш вақти етди. Ахир меҳр-оқибат совға-салом, сарпо-суруқ билан белгиланмайди-ку.

ТЎЙ — “БИЗНЕС” МАЙДОНИ ЭМАС

Баъзи кимсалар айнан дабдабали  тўй-ҳашам ва маърака-маросимлардан ўзларининг жамиятдаги мав- қеларини сунъий равишда кўтариб олиш, бойликларини кўрсатиб қўйиш, кимдандир ўзиб кетганини исботлаш ва бошқа шу каби номақбул мақсадларини амалга ошириш учун фойдаланяпти. Ачинарлиси, улар билан боғлиқ бундай сохта одатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Яна бир гапни очиқ-ойдин айтишимиз керак. Истаймизми-йўқми, айримлар учун тўй — катта “бизнес” майдонига айланиб қолгандек. Ушбу ҳолат айниқса, ашулачи, созанда, раққоса, бошловчи, видеооператор хизмати “ставка”ларининг сунъий равишда ошиб боришида кузатилмоқда. Бу “одат” бир нечта муаммоли ҳолатларни келтириб чиқаряпти. Шу билан бирга, устоз кўрмаган шогирдлар ҳисобига сийқа ашулалар кўпайиб бораётгани, амалда санъатнинг олий кошонасига путур етказаётгани, туппа-тузук истеъдодлар ҳам бора-бора “тўйчивон” бўлиб қолаётганидан ҳам кўз юмишнинг асло имкони йўқ. Тўйларимизда бир неча гуруҳ санъаткорларнинг “бирров”га келиши одат тусига кириб қолди…

Айрим тўйларимизда хонадон соҳиби 200-250 килограммлаб ош дамлаб, минг — бир ярим минг кишини таклиф қилаётгани дабдабабозлик, ўзини кўз-кўз қилиш, фалончидан кам эмаслигини кўрсатиб қўйишдан бошқа нарса эмас. Энг қизиғи, никоҳ тўйлари амалда катталарнинг ёшларга фикрини етказиши, тажрибасини тақдим этиши эмас, аксинча, ёшларнинг катталарга айтганини қилдириши бўлиб қолмоқда. Халқимизда: “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр”,  деган ажойиб мақол бор. Нима учун биз ҳали тўрт танга топиб, рўзғор юритмаган,  ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрмаган ёшдаги фарзандларимизнинг ҳавойи тилак-истаклари қулига айланишимиз керак? Бу қачонгача давом этади? Яшашимиздан мақсадимиз фақат шу дабдаба учун маблағ топиш ва тўплашдангина иборат бўлиб қолиши керакми?

КЕТИ УЗИЛМАЁТГАН ТАДБИРЛАР

Маҳалаларда бўлаётган тўй маросимларида эрталаб ош тортилиб бу ерда хонандалар хизматда бўлади. Пешиндан кейин олдин куёвнинг уйида карнай-сурнай билан куёвни келинникига жўнатиш маросими ўтказилади, кейин қуда тарафда худди шундай карнай-сурнай билан келинни жўнатиш маросими амалга оширилади. Кечқурун ресторанда тўй бўлади. Кечаси келин куёвнинг уйига олиб келинади. Бу ерда ярим кечаси яна тақира-туқур концерт қилинади. Азон палласи келин салом маросими ўтказилади, радиокарнайлар варанглатиб қўйилади. Шаҳар марказларидаги кўп қаватли уйлардан ташкил топган маҳаллаларда қариялар бор, чақалоқли оилалар,  касалмандлар бор. Бу шовқин-сурон кимгадир ёқади, кимгадир мутлақо ҳалақит қилади. Ҳар қанча келин салом бўлса, тўйнинг ўзида ёки микрофонсиз ихчамгина ўтказса бўлади-ку. Яна тонг-саҳарлаб бунақа тантана қилишга нима ҳожат бор? Ё шу билан ёшлар бахтлироқ бўлиб қоладими?

Йўқ! Буларнинг барини ўзимиз “тўқликка шўхлик” тарзида одатга киритамиз. “Ҳай, нима бўлибди?! Чўнтаги кўтарадими, қиляпти-да!” дерсиз. Шуларни деразадан томоша қилиб турган қўшни қиз бу тўй ниманинг эвазига бўлаётганини обдон тушунади, дейсизми? Йўқ. Эрта-индин шу қизимизга ҳам совчи келади. Унинг ҳам тўйи белгиланади. У ҳам худди ана шу қўшнисиникида қилинган ортиқча удумларни амалга оширишни куёв тарафдан талаб қилади. Бажармай кўрсин-чи! Тўй бўлмасдан бузилади ёки дилхиралик эвазига қурилган оила тезда барбод бўлади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тўй-ҳашам ва маърака-маросимларимизни тартибга солишда бутун миллатимизнинг ҳар бир фидойи инсони тўлиқ иштирок этиши, ўзини ва атрофдагиларни маънан уйғоқликка чақириши лозим.

Мавлуда ҚОБУЛОВА,
вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE