Бош саҳифа / Жамият / Туяни шамол учирса…

Туяни шамол учирса…

Арз этайин эмди ёзиб номалар

Машҳур “Ёр-ёр” фильмида Муҳаббат Шамаева ижросидаги “Кўчалар” қўшиғи бор. Бу қўшиқни, айниқса, Ангор туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи кишилар яхши билишади ва қайта-қайта эслашга мажбур бўлишади. Фақат “ойдин кўчалар” сўзлари ўрнига “хароб кўчалар” сўзларини қўллашади.

Чунки улар юрадиган асосий кўчанинг аҳволи ана шунга мажбур қилмоқда. Назаримда, 1988 йилда таъмирланган кўча, айниқса, ёғин-сочинли кунларда чинакам синов майдонига айланади. Гоҳ жойидаги кўлмак, гоҳ жойидаги ўнқир-чўнқирлик ҳар қандай ҳайдовчини ҳам юз истиҳола билан машина бошқаришга, кексалар ва болаларни эса бошқалар ёрдамисиз юрмасликка ундайди. Балки маҳалла етакчилари, оқсоқоллари бундан бехабардир, деб ўйлашингиз мумкин. Ёлғон бўлмасин, кимнингдир ташаббуси билан маҳалла идораси ёнидаги, катта ўйилиб ётган кўприк чуқурини тўсиш учун тош тўкиб қўйилган. Аммо бор-йўғи шу. Уни ёзиб, чуқурни беркитиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Худо кўрсатмасин, бир йилдан бери шу аҳволда ётган кўприк устидан билмаган одам ўтиб қолса, чуқурга тушиб, аҳволи вой бўлиши ҳеч гап эмас.

“Вилоят ҳокимлигининг назорат гуруҳи томонидан бу аҳвол хусусида сектор раҳбарига билдирилганди, аммо унинг парвойи палак”,— дейди маҳалла истиқоматчиларидан бири. 2ва 35-умумий ўрта таълим мактаблари, иккита мактабгача таълим муассасаси, битта тўйхона жойлашган бу кўчадан, табиийки, йўловчилар жуда кўп ўтади. Улар йил бўйи азоб билан манзилга бориб-келишади.

— Кўчамиз яроқсиз ҳолга келиб қолгани етмаганидек тўй кунлари тўйхона атрофи, кўча автоуловлар билан тўлиб кетади. Транспорт қатнови кўпаяди. Бу ҳол мактаб ўқувчилари учун катта қийинчилик туғдирмоқда,— дейди Дилшода Жумагулова. — Қиш мавсуми бўлса-да, ҳеч қурса, йўлларга тош тўкишнинг иложи бордир.

Афсуски, бугина эмас. Марказий шифохонанинг орқа томонидаги, «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги собиқ Гагарин ва туман марказидаги бошқа кўчаларнинг ҳам қаровсизлиги, ночор аҳволи ҳеч кимни ташвишлантирмаяпти. Хўп, туман марказида аҳвол шундай экан, чекка қишлоқлардаги йўлу кўчаларнинг аҳволи қандай экан? Албатта, яхши эмас. Халқимизда «Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр», деган гап бежиз айтилмаган.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE