Бош саҳифа / Жамият / Тўй — тарбия воситаси

Тўй — тарбия воситаси

Аслида тўйлар халқни маънавий-руҳий томондан тарбияловчи воситадир. Унда ҳар бир халқнинг мероси, анъаналари ва қарашлари акс этади. Ва шу орқали ёшларни эзгуликка, меҳр-оқибатли бўлишга ундовчи бу ўлмас қадриятлар бевосита улар онгига сингдирилади. Бора-бора бу келгуси авлод вакиллари қалбида миллий маънавиятни шакллантиришга хизмат қилади.

Демакки, тўйдан муддао яхшилик эканлигига шубҳа йўқ. Бироқ ундан ўзининг жамиятдаги мавқеини сунъий равишда кўтариб олиш, бойлигини кўз-кўз қилиш ёки кимдандир ўзиб кетганини исботлаш мақсадида ҳам фойдаланадиганларнинг борлиги ҳаётимизда кўплаб ўзгаришлар, айниқса, тўй масаласида янгича “эврилиш” ҳосил қилди. Бу эса ўз-ўзидан жиддий муаммоларни, кимгадир кўр-кўрона тақлид қилиш ва жамиятда турли табақаланишни юзага келтирди.

Албатта, вақт ўтиши билан тўйдаги анъаналар ҳам давр- га мослашиб, ўзгариб боради. Аммо ўзгартириш керак экан деб, бутун бошли тўйнинг харажатларини ҳаддан зиёд ошириб юбориб, дабдабага берилиш, бўлган-бўлмаган “урф-одат”ларни ўйлаб топиш керак эмас-да. Баъзан тўй-маросимларда янгидан-янги иллатларнинг тарғиб қилинаётганини кўриб, одамлар тўқликка-шўхлик қилишмаяптимикан, деб ўйланиб қоламиз. Аммо бунинг оқибатлари кўпчиликка қимматга тушаётганини, турли оилавий низоларнинг қўпчиётганини нега англаб етмаяпмиз?

Никоҳнинг муқаддаслигини англаш, уни пок сақлаш, асраш ўрнига латта-путтага берилиш, молу дунёга, дабдабага, ҳою ҳавасга ҳирс қўйиш тобора авжига чиқмоқда. Ижтимоий ҳаётдаги иқтисодий тақчилликка қарамай, тўйларни дабдабага айлантириш, дастурхон, сарпо ва либосларга ҳашам бериш, кайф-сафо, маишатга муккасидан кетиш камайиш ўрнига кучаймоқда. Бундай тўйлар жуда кўпчиликнинг жонига теккан бўлса-да, тўйларни бошқача тартибда ўтказиш учун ҳеч кимда ирода, қатъият етишмаяпти.

Яқинда бир тўйда келиннинг гулдаста отиш маромидаги қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлдим. Келин гулдастани орқасига қарамай отар экан уни илишга ҳозирланган қизлар гулдастани роса талашишди. Уларнинг фикрича, уни биринчи илиб олган қиз яқин орада турмушга чиқар эмиш. Қизларнинг бу ҳолатини тўйхонадагиларнинг бари кузатиб турса-да, негадир улар ўзларининг қилиқларидан ҳатто уялмади ҳам. Шу тобда болалигимда эшитган бир эртак эсимга тушди. Бир оиланинг уч қизи бор экан. Уйига келган совчи қайси қизни танлашни билмай шундай шарт қўйибди: кимнинг чой қайнатгичда чойи биринчи қайнаса, шуни келин қиламиз. Катта қиз ҳадеб қайнатгичнинг суви қайнаябдими, дея қопқоғини очиб кўраверибди. Ўртанчаси ора-чорада қопқоқни очиб қарабди. Кенжа қиз эса самоварни оловга қўйиб хотиржам кутибди. Унинг чойи энг тез қайнаган экан. Худди шундай тўйда келиннинг гулдастасини талашган қизларга қараб “қани сиздаги ўзбекона одоб, ибо-ҳаё?” дегим келди.

Модомики, тўй — тарбия воситаси экан, демак, уни биринчи бўлиб ота-оналар, бобо-бувилар, маҳалланинг оқсоқоллари ихчамлаштириш чораларини кўриши лозим. Тўйни камхарж қилишимиз керак, деган билан амалда бўлмаса, ўсиб келаётган авлод вакиллари ҳам уларнинг айтганини эмас, кўрганини қилишда давом этаверади.

Умида АБДУРАЗОҚОВА,
Термиз шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan