Бош саҳифа / Жамият / Тўқсон ёшли даргоҳ

Тўқсон ёшли даргоҳ

Тоғли Бойсун туманидаги Сайроб қишлоғи воҳамизнинг гўзал ва сўлим маскани. Шу қишлоқда ўсиб-улғайганимиздан, қадрдон устозлар қўлида таълим олиб, ҳаётда ўз ўрнимизни топганимиздан беҳад фахрдамиз. Хотиралар халқ қалбидан ўчмайди. Ҳар бир аср, давр ўзининг етакчи шахсларини вояга етказади.

Халқимиз қадимдан илм-маърифат ёғдусини табаррук билган. Бизнинг мўъжазгина қишлоғимизда ҳам ажойиб маърифатпарвар устозлар кўп. Улар урушдан олдин, уруш даври ва ундан кейинги қийинчиликларни енгиб, ёшларга билим беришда ўрнак кўрсатишган. Дарбанддан Сайроб, Панжобгача бўлган 30 километр масофани яёв кезиб, ўқитувчилик касбини шарафлаган, қишлоқ болаларини илм-маърифатли қилиш йўлида билим ва маҳоратини аямаганлар. Сайроб қишлоғидаги 41-мактабнинг ташкил этилганига тўқсон йил тўлди. 1927 йилда ташкил этилган бу мактабга биринчи Ғулом Холиқов раҳбарлик қилган. У пайтлар араб ёзувига асосланган алифбода болаларга дарс ўтилган. Ўқитувчи кадрлар танқислиги туфайли Абулхайирзода, Чори Шарипов каби муаллимлар Самарқанддан келишган.

1928 йили араб ёзувидан лотин алифбосига ўтилганда, болаларга сабоқ бериш янада мушкуллашган. Чунки энди араб имлосини ўргана бошлаган ўғил-қизлар лотин ҳарфларини ўзлаштиришда қийналишган. Дастлабки пайтда мактабда учта синфхонада 200 нафар ўқувчи таҳсил олган. Уларга Дарбанд қишлоғидан Аминзода, Бобозода, Назарзода деган муаллимлар келиб дарс ўтишган. Секин-аста қишлоқнинг ўзидан ҳам Хасан Бойбулов, Чоршанби Жалолов, Яхшибой Чошевлар ўқитувчилик қила бошлаган.

Уруш йилларида ҳам маҳаллий хотин-қизлар орасидан У. Шотўраева, П. Отаева, Р. Бердиева каби ўқитувчилар болаларга дарс беришган. 1937 йили қишлоқ марказида етти йиллик мактаб қурилган. Ўша кезлари Кенжа Содиқов, Жумақул Аннақулов, Зиёдулла Тўраев, Панжи Холиқов, Тўра Жумақулов, Сарой Аллаёров, Нусратулло Тоғаев, Полвон Шойимов, Абдураҳмон Холмаҳматовлар фаолият олиб боришган.

Уруш даврида Сайроб қишлоғи замирида учта колхоз ташкил этилиб, О. Саматов, К. Менг лиев, Д. Арбобовлар бошқаришган. Очарчилик йиллари мактаб ҳовлисида дошқозонларда атала пиширилиб, колхоз аъзоларига, жумладан ўқувчиларга ҳам тарқатилган. Ўшанда ўқувчилар юпун, оч-наҳор бўлсаларда, билим олишга қатъият билан интилишган. Қоғоз, ручка, қалам, дафтар тақчил эди. Битта дарслик китобини навбат билан барча ўқувчилар мутолаа қилган. Бу даргоҳнинг илк ўқувчиларидан бири Муллажон Эркаев академик даражасига етган. Шоир Арбоб Чошев ҳам илк сабоқни шу мактабда олган, узоқ йиллар ўқитувчилик қилган. Абдусалим Арбобов, Нормаҳмат Панжиев, Алланазар Атоев, Тошбой Рамазонов, Хасан Бойбўлов, Абдураҳим Қурбонов каби мактабнинг юзлаб собиқ ўқувчилари таниқли муҳандис, номдор агроном ва архитектор бўлишди. Тўра Жумақулов, Жума Тангриқулов, Аҳмад Тўраевлар халқ таълими аълочиси бўлдилар. Мактабда ўттиз марта авлодлар учрашуви ўтказилди. Илк бор мактабга қадам қўйганларнинг кўпчилиги бугун нафақага чиққан бўлса-да, ҳамон мактабга келиб, ўтмиш таассуротлари билан ўқувчилар даврасида суҳбатлашади. Ҳозирги кунда мустақил диёримиз, тараққиёти йўлида меҳнат қилаётган Хайитали Алламуродов, Алишер Боқижонов, Примқул Тангриқулов, Рустам Яхшиқулов каби тадбиркорлар, Абдуқодир Хасанов, Эркин Ҳайдаров, Суҳроб Додоев каби таниқли санъаткорлар ҳам тўқсон ёшли мактабнинг собиқ ўқувчилари ҳисобланади.

Айтиш керакки, мустақиллик шарофати билан замонавий мактаб биноси қад ростлади. Халқ депутатлари Бойсун туман Кенгаши депутати Зиннат Тангриқулова 2014 йилдан буён мактаб жамоасини моҳирона бошқариб келмоқда. Мактабда лингофон хоналари, спорт заллари, компьютер жиҳозлари, бой кутубхона муҳайё. Йигирма тўртта кенг, ёруғ, шинам синфхоналарда ўғил-қизлар илм- фан сирларини ўзлаштиришаяпти.

Эрназар ДОДОЕВ,
Мерган ШОТУРОВ,
Аброр АБРОРОВ,
41-умумтаълим мактаби ўқитувчилари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE