Бош саҳифа / Таълим / Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали – 1 ёшда

Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали – 1 ёшда

Хабарингиз бор, Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил 1 февралда Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали очилган эди. Бу кун воҳаликлар ҳаётида янги бир ўзгариш ясади, кўпчиликнинг орзусини ушалтирди.

Филиалга 2017-2018 ўқув йилининг ўзида 287 нафар талаба даволаш факультетига қабул қилинди. Талабаларга билим бериш мақсадида эса филиалда даволаш факультетининг 1-тиббий биологик фанлар, 2-тиббий биологик фанлар ҳамда ижтимоий гуманитар фанлар кафедралари фаолиятини бошлади. Тажрибали врач мутахассисларимиз ҳамда малакали ўқитувчиларимиз жамоаси одам анатомияси, биология, кимё, биофизика, физиология, биокимё, тиббиёт тарихи, тиббиёт касбига кириш курси, инглиз тили ҳамда ижтимоий гуманитар фанлардан талабаларга пухта билим бера бошлашди. Талабаларнинг етук малакали мутахассис врач бўлиб етишишлари учун Тошкент тиббиёт академияси билан ҳамкорликда инновацион технологиялар асосида онлайн маърузалар ташкил этилди. Тошкент тиббиёт академиясининг республикамиздаги кўзга кўринган таниқли профессор-врачлари соҳанинг турли йўналишлари бўйича талабаларимизга сабоқ бериб келишмоқда.

2018-2019 ўқув йилида эса даволаш йўналиши бўйича яна 300 нафар, педиатрия йўналиши бўйича эса 50 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, филиалда таҳсил олиш истагини билдирган 59 нафар талаба супер-контракт асосида ўқишга қабул қилинди. Бундан ташқари, Россия Федерацияси ва Украинанинг тиббиёт олийгоҳларида таҳсил олаётган 1-босқични тамомлаган 24 нафар талаба таҳсилни ушбу филиалда давом эттириш имкониятига эга бўлишди.

Айни пайтда олийгоҳда таҳсил олаётган 720 нафар талабага 76 нафар профессор-ўқитувчилар ҳамда республикамизнинг Тошкент, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Наманган вилоятларидан келган ёш, малакали магистрант врачлар ҳам ўз мутахассисликлари бўйича таълим беришмоқда.

Таълим даргоҳимизда 500 ўринга мўлжалланган 2 та талабалар турар жойи узоқ туманлардан келганларга хизмат қилмоқда. Бу ерда талабаларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Филиал ахборот-ресурс марказида тиббиётга оид барча китобларнинг электрон жамланмаси мавжуд бўлиб, бу ерда талабалар истаган хорижий ўқув адабиётларидан фойдаланишлари мумкин.

Албатта, тиббий билимлар амалиётда кўпроқ мустаҳкамланади. Шу маънода, ўқув филиалимиз вилоятимиздаги кўплаб тиббиёт масканлари, хусусий клиникалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Ушбу масканларда филиал талабалари олган билимларини мустаҳкамлаб бориш учун амалий машғулотларни ўташади. Бундан ташқари, талабалар бошланғич босқичларданоқ беморлар билан жонли мулоқотга киришиб, касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, клиникаси, беморлар парвариши, даволаш усуллари билан яқиндан танишмоқдалар. Филиалимиз бошқа олий таълим муассасалари, жумладан, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали, Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти, Термиз давлат университети каби олий таълим даргоҳлари билан ҳам ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Профессор ўқитувчиларимиз ушбу олий таълим муассасаларида малака ошириш ва тажриба алмашиш имконига эга. Филиалимиз тез кунларда ривожланган давлатларнинг тиббиёт олийгоҳлари, шифохоналари ва кўзга кўринган таниқли клиникалари билан ҳам соҳага доир шартномалар имзолашни режалаштирган.

Саъдулла ЮСУПОВ,

Алишер ЖАББОРОВ,

Тошкент тиббиёт академияси Термиз

филиали ассистентлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида нима гап?

Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 20 мартда қабул қилинган 5 та муҳим ташаббус лойиҳаси бугунги кунда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan