Бош саҳифа / Спорт / Толеингиз баланд бўлсин

Толеингиз баланд бўлсин

Ўзбек бокс мактабининг умидли ёш вакилларидан бири Баҳодир Жалолов номи мухлисларга нокаутлар ҳисобида ғалаба қозонган спортчи сифатида яхши таниш.

Бокс бўйича мамлакат терма жамоаси аъзоси, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби бўлган спортчимизнинг Сурхон фарзанди эканлиги ҳам кўпчиликка маълум. Воҳамизнинг Сариосиё туманида туғилиб, вояга етган Баҳодиржон яқинда, аниқроғи 8 июль санасида 25 ёшни қарши олади. Агар спортсевар мухлисларининг ёдидан кўтарилмаган бўлса, бундан уч йил аввал Бразилиянинг Рио-де Жанейро шаҳрида ўтказилган 31-ёзги олимпиада ўйинларида Ўзбекистон байроғини айнан баланд бўйли Баҳодир Жалолов майдонга олиб кирганди. Худди шу йили юртимиз спортчилари мамлакат тарихида биринчи бор олимпиада мусобақаларида энг кўп медалларга сазовор бўлганди. Мана шундай илиқ таассуротлар билан хотирамизда қолаётган спортчимизга бугун кўплаб ёшлар ҳавас билан эргашмоқдалар. Юртимизнинг турли ҳудудларида Баҳодирнинг маҳорат сирларини ўрганиш истагидаги ёшлар учун машғулотлар ташкил этилаяпти.

Эътироф этиш лозимки, узоқ йиллар аввал боксда Сурхондарё мактаби вакилларининг ўз ўрни бўларди. Афсуски, кейинги йилларда мазкур спорт турига бўлган эътибор ёхуд шарт-шароитларнинг етарли эмаслиги бокснинг оммалашуви ва натижаларнинг юқори бўлишига салбий таъсир кўрсатди. Шундай бир паллада Баҳодирнинг эришган ютуқлари ҳали умидлар сўнмаганини ва имкониятларимиз етарли эканлигини исботлади. 2010 йилдан буён бокс бўйича республика, халқаро миқёсда ўтказиб келинаётган чемпионат, турнир ва мусобақаларда 91 килограмм вазн тоифасида ғалабалар нашидасини сураётган спортчимиз ҳали юқори натижалар олдинда, деяётгандек. Негаки, келгуси йилда бўлиб ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларида Б. Жалоловнинг иштирокига барчамиз умид боғлаяпмиз.

Ўзбек ёшларининг пешқадам, умидли вакилларидан бири бўлган воҳадошимиз Баҳодир Жалолов чин маънода фахримиздир. Унинг спортдаги ютуқлари қаторида шахсий намунаси, юксак маънавияти барча ёшларимизга ибрат бўла олади. Ватанимиз байроғини баланд кўтараётган Баҳодир сингари ёшларимизга толеингиз баланд бўлсин, деймиз.

Раҳмонберди ЧОРИЕВ,

Ёшлар иттифоқи вилоят

Кенгаши бўлим мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мусобақалар олдидан

Жорий йилнинг 15-17 август кунлари Термиз шаҳрида “Ёшлик спорт жамоалари” Республика мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE