Бош саҳифа / Жамият / Тийин сўмни тежайди

Тийин сўмни тежайди

“Пулни ҳеч ким ердан супуриб олмайди”. Халқ орасида тез-тез тилга олинадиган бу иборада жон бор. Сабаби, пулни то-пиш учун ақл билан, чидам билан ҳалол меҳнат қилиш керак. Уни ишлатишда эса бун-дан-да ўн чандон ақл билан иш тутиш зарур бўлади.

Албатта, бугун бунинг уддасидан чиқаётганлар кўп. Улар сармоясини хайрли ишларга сарфлаб, кичик корхона ёки маиший хизмат кўрсатиш жойи очаяпти. Одамларни иш билан таъминлаяпти. Оиласи ҳам фаровон, тўй қилаяпти, машина олаяпти. Чунки оила бюджетини расамади билан ишлатаяпти.

Қумқўрғон туманидаги қишлоқ мактабида математикадан дарс берадиган аёл ўқитувчини танийман. Икки нафар фарзанди бор. Ишдан сўнг, уйида фарзандлари билан бирга ҳам томорқасида ишлайди, ҳам товуқ боқади. Яна баҳорда қорамол олиб, меҳнат таътилида уларни обдон семиртиради. Яқинда улардан яхшигина даромад кўрди. Туриш-турмуши рисоладагидай. Бир неча йилдан бери шу тартибда пул жамғариб, келгуси йил олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи бўлган ўғлига пойтахтдан уй сотиб олди.

Бу аёлни қишлоқда ҳовли-жойи бўла туриб, қуруқ маошга қараб нолиб яшайдиган кўплаб ҳамюртларимизга ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. Ваҳоланки, ўша ўқитувчининг бирор марта ҳам тўй-ҳашаму гап-гаштакда ясаниб юриб, вақтини бекор ўтказганини кўрмаганман. Ҳар бир тийиннинг ҳисоб-китобини ўрнига қўйган муаллима ҳар кунлик ишини ҳам режа асосида бажаради. Меҳнатга ўрганаётган фарзандларининг ҳам ўқишини қатъий назорат қилиб боради.

Ўзаро суҳбатларда тежамкорлик ҳақида гап кетса, японларни, немисларни мисол қилиб кўрсатамиз. Уларнинг тежамкорлигига “Қойил-е!” деб қўямиз. Аммо японлар ҳам, немислар ҳам ҳеч қачон тўй қиламан деб, икки соатлик базмга минг кишини таклиф қилмаслиги, миллионлаб пулларни беҳудага ҳавога совурмаслиги ҳақида ўйлаб кўрмаймиз.

Тўғри, ҳамма яхши яшашга, кўпроқ пул топишга интилади. Аммо пул топиб, ақл топмаганлар кўплиги ҳам бор гап. Россияда уч-тўрт йил ишлаб, минг машаққат билан маблағ жамғариб қайтган маҳалладошимиз тумонат одам йиғиб, ресторанда ўғилларига суннат тўй қилди. Кетган сарф-харажатга бола-чақаси икки-уч йил ҳеч нарсага зориқмай яшаши мумкин эди. Бир ойдан кейин йўлкирани қарз-қавала қилиб, яна қайтиб кетган йигит рус ишбошисига тўйнинг видеосини кўрсатиб, мақтанибди. Рус ажабланиб, кўрсаткич бармоғини чеккасига нуқуб, “Нима, сен аҳмоқмисан, қийналиб топган пулингни шунақа қилиб елга совуриб келдингми?” деб дашном берибди. Энг ачинарлиси, йигитнинг ҳовли-жойи, томорқаси қаровсиз, оиласи ночорликда яшайди. Отанинг қаттиққўл тарбияси бўлмагандан кейин болалари ҳам ўқишни ташлаб қўйган, ялқов бўлиб вояга етаяпти.

Америкалик миллиардер Генри Форд ҳам ёшлигида оддий устачилик қилиб, пул жамғарган. Аста-секин тадбиркорлик билан иш юритиб, автомобиль саноати магнатига айланган. Аммо у доимо жамоат транспортида юрган, энг арзон ошхоналарда овқатланган. Чунки бу ишбилармон одам ҳар бир тийинни қадрлаган.

Ота-боболаримиз томонидан топиб айтилган бир мақол бор: “Ҳисобини топмаган қирқ йил етим, ҳисобини топган бир йил етим”. Назаримда, ҳар биримиз ушбу мақолнинг мағзини чақиб кўрсак, ёмон бўлмайди. Зеро, тежамкорликда ҳикмат кўп.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE