Тинчлик ва тараққиёт чорлови

0
67

Халқаро терроризм ва экстремизм бутун инсониятни ташвишга солаётгани барчага аён.

Тинчликдек олий неъматга шукур келтирмасдан, ёт ғоялар таъсирига берилиб, оқибат ўзга элларда сарсон-саргардонликда Ватанига, миллатдошларига қарши қурол кўтарган инсонлар қисматидан ҳам кўпчилигимиз хабардор.

Маълумотларга қараганда, вилоятимизда ўтган йилда ана шундай мудҳиш жиноятларга қўл урганлар сони 23 нафарни ташкил этди. Ачинарлиси, уларнинг аксарияти эндигина мустақил ҳаётга қадам қўйган, аниқроғи, 18 дан 30 ёшгача бўлган фуқаролардир. Таҳлилларга қараганда, мазкур шахслар дастлаб, ишлаш мақсадида хорижга иш излаб чиқиб кетишган. Ўша жойларда турли алдовлар таъсирига тушиб, қисқа фурсатларда бойиб кетиш орзуси устунлик қилган. Оқибатда эса ҳавойи нафс уларни жаҳолат тузоғига илинтирган.

“Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан республикамиз вилоятлари бўйлаб шу мавзуга бағишланган “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик“ номли илмий-амалий семинарлар бўлиб ўтмоқда. Кеча Термиз шаҳридаги “Баркамол авлод” марказида партия фаоллари, депутатлар, ички ишлар ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида навбатдаги ҳудудий семинар бўлиб ўтди. Семинар ишини партия вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамроев олиб борди. Унда сўзга чиққан вилоят ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходими Мансур Турдиев, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг вилоятдаги вакиллиги ходими Абдураҳмон Хурсандов, “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Даврон Тангиров ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, муқаддас ислом динининг асл моҳиятини кенгроқ тушунтириш лозимлигини таъкидлади. Бу эзгу мақсад йўлида барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, аждодларимизга муносиб ворислар бўлишимиз зарурлиги қайд этилди. Семинар доирасида ёшларимизнинг шу мавзу доирасида ёритилган расмлар кўргазмаси ва саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Баҳром
НОРМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг