Бош саҳифа / Жамият / Тинчлик – муқаддас қадрият

Тинчлик – муқаддас қадрият

Тадқиқотчилар инсоният тарихида сўнгги 5 ярим минг йил мобайнида 14,5 мингга яқин катта урушлар бўлиб ўтганини ва унда 3,5 миллиарддан ортиқ киши ҳалок бўлганлигини қайд этадилар.

Инсоний тараққиёт ва ҳаётни барбод этадиган урушлар тарихи ана шундай аянчли рақамларни ёдга солади. Биргина ХХ асрнинг ўзида 100 миллиондан ортиқ одам уруш туфайли ҳаёт билан видолашган. 1941 йилнинг 22 июнида Гитлер ва унинг иттифоқдошлари собиқ Совет иттифоқи билан урушмаслик тўғрисида 1939 йил 23 августида ўн йил муддатга тузган шартномасини бузиб, Иккинчи жаҳон урушини бошлашди. Инсониятга қаратилган бу ёвуз уруш учун фашистлар 5 миллион 500 минг солдат ва офицерларини ўзида бирлаштирган 193 та дивизия, 5 минг самолёт, 4,5 минг танк, 5 ярим мингдан ортиқ тўп ва миномётларини жанггоҳларга олиб кирди. Шимолда Баренц денгизидан, жанубдаги Қора денгизгача бўлган 3500 километрлик катта фронт бўйлаб ҳаракатланди. 1418 кун давом этган урушда иттифоқдош республикаларнинг жанговор армияси ва матонатли халқи 1945 йилнинг 9 майида немис фашистлари устидан зарур ғалабани қўлга киритдилар.

Фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон урушида 1 миллион 433 минг 230 нафар юртдошларимиз иштирок этган. Бу Ўзбекистон аҳолисининг ҳар олтинчи кишиси жанггоҳларда бўлганлигини англатади. Бошқача айтганда, ўша машаққатли йилларда юртимиздаги меҳнатга яроқли аҳолининг 50-60 фоизи урушда бўлган. Вилоятимиздан ҳам 41,5 минг киши фронтга юборилган. Айнан воҳамиздан давлат мудофаа фондига 50 миллион сўм ва кўп миқдорда дон, ёғ, гўшт ва мева-сабзавотлар етказиб берилган. Бағрикенг ва олийжаноб халқимиз кўчириб келтирилган, урушдан жабр кўрган одамларга, ота-онасидан айрилган минглаб етим болаларга бошпана бериб, ҳатто охирги нонини ҳам улар билан баҳам кўрганлар.

Иккинчи жаҳон урушида юртдошларимиздан қарийб 500 мингга яқин (шулардан 25 минг нафари сурхондарёлик жангчилар) киши жангларда ҳалок бўлди ёки уларнинг ичида 132 минг 671 киши эса бедарак йўқолди. Минглаб ватандошларимизнинг жасади олис ўлкаларда қолиб кетди. Уларнинг дийдорини кўриш, бирор хабар эшитиш орзусидаги ота-оналар, фарзандлар, ёру биродарлар ва яқинларнинг қалбини армонларга тўлдирди. Афсуски, урушдан омон қолганларнинг 604 минг 52 нафари уйларига ногирон ҳолда қайтишди. Машъум уруш туфайли қарийб 400 минг оила айрилиқ азобига дучор бўлди. Бу жароҳатларнинг изи мана, 74 йил ўтган бўлса-да юраклардан кетмаган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таклифи билан 1999 йилдан 9 май юртимизда “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида ўтказиб келинади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида сана муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизнинг 112 мингга яқини “Жасорат”, 171 мингдан зиёди “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Урушда ҳалок бўлганларнинг хотираси абадийлаштирилиб, пойтахт Тошкент ва барча ҳудудлар марказларида “Хотира” хиёбонлари ташкил этилди. Ҳаёт бўлган уруш фахрийлари эса ижтимоий муҳофазага олиниб, саломатлиги ва маиший шароитлари яхшиланишига жиддий эътибор қаратилди. Бу йил ҳам муҳтарам Президентимиз “Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонга имзо чекиб, унда уруш қатнашчилари ва ногиронларига 7 миллион 500 минг сўм миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланди. Бу йилги санани “Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият”, “Эътибор ва ғамхўрлик — инсоний бурч” шиорлари остида кенг нишонлаш, урушда ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш лозимлиги эътиборга олинган.

Соатмўмин БЎРИЕВ,

тарих фанлари номзоди,

байналминал жангчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan