Бош саҳифа / Жамият / Тинчлик – энг олий неъмат

Тинчлик – энг олий неъмат

2011 йил.  Устозимиз Ўзбекистон Республикаси ФА академиги Маҳмуд Салоҳиддинов раҳбарлигида тўрт кишидан иборат математиклар гуруҳи Россия Федерациясининг Нальчик шаҳрига математикларнинг ҳалқаро анжуманига бордик. Бизга россиялик мезбон, физика-математика фанлари доктори Анатолий Аттаевни бириктириб қўйишди. Биринчи куни биргаликда тушлик қилаётганимизда соатига қарадида, биздан узр сўраб, 20 дақиқада келишини айтиб кетди, иккинчи куни ҳам шу воқеа такрорланди. У кишининг бу ҳаракатидан ажабланиб,  сабабини сўрадик:

—  Мен ҳар куни шу вақтда қизимни мактабдан олиб, уйга қўйиб келаман, — дея жавоб берди. Сўнг устоз Маҳмуд Салоҳиддинов:

—  Қизингиз 1-синфда ўқийдими? — деб сўради.

— Йўқ, 5-синфда ўқийди.

— Мактаб уйингиздан узоқми?

— Йўқ, яқин, мактаб уйимиздан 600-700 метр масофада жойлашган.

— Қизингизни ёши катта бўлса, уйингиз мактабга яқин бўлса, нега мактабга борасиз?                  Анатолий бизга таажжуб билан қараб:

— Сизлар болаларингизни мактабдан олиб келмайсизларми? — деб сўраб қолди. Биз, йўқ деб жавоб бердик. Шунда мезбон кўнглидаги бор дардини айтиб берди:

— Бундан бир йил олдин қизим ўқишдан келаётганида безорилар уни  ўғирлаб кетишди ва мен қизимни ўн минг АҚШ доллари эвазига қайтариб олдим. Мана, ҳозир қизимни, деразалари бақувват темир панжарали, эшиги темирдан бўлган уйимга қулфлаб келаяпман. Кўчага мен билан бирга чиқади. Қизим мустақил ўзи кўчада юра олмайди, ҳар бир дуч келган йўловчидан ҳадиксирайди. Дарс тугагандан сўнг синфхонасида доимо мени кутиб ўтиради, ўқитувчиси ҳам. Шунинг учун мен доимо белгиланган соатда мактабга  бораман.

Анатолий биздан яна, сизлар болаларингизни мактабдан олиб келмайсизларми, деб қайта сўраб қолди. Шунда мен:

— Менинг саккиз нафар фарзандим бор, бирортасини мактабга кузатиб олиб бориб келмайман. Болаларим ўзларининг дўстлари, синфдошлари билан бехавотир дарсга бориб келишади. Мактабдан ташқари таълим-тарбия муассасаларида машғулотларда қатнашишади ёки мактаб ҳовлисидаги стадионда футбол ўйнашади, маданий ҳордиқ чиқариб, сув ҳавзаларида чўмилишади, хиёбонларда сайр қилишади. Унинг дўстлари орасида мансабдор кишиларнинг ҳам фарзандлари бор, уларга ҳеч ким ҳеч қандай зарар етказмайди, дедим. Шунда мезбон:

—  Бўлиши мумкин эмас, — деб юборди.

— Бизнинг кўпчилик ҳовлиларда катта дарвозаси ҳам йўқ. Ёзда очиқ ҳавода,  супада ухлаймиз, тонгнинг майин салқин шаббодасидан мириқиб нафас олиб уйғонамиз, деганимда, Анатолий “бу эртакка ўхшайди” деб бизга ҳавас билан қарагани ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Ўшанда Анатолийнинг юртидаги нотинчлик сабаб кўзига ёш келганини кўриб, юртимиздаги тинчлик осойишталикнинг қадри нақадар баландлигини ҳис этиб, шундай юрт менинг ватаним эканлигидан, шу юртдаги тинчлик учун яратганга шукрона келтирдим.

Тарихан қисқа давр — 26 йил ичида барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришдик. Лекин, биз қанчалик муваффақиятга эришган бўлмайлик, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимиздаги кўнгил хотиржамлиги, эртанги порлоқ келажакка ишонч бизнинг энг катта ютуғимиздир.  Шундай экан ана шу улуғ неъматнинг қадрига етайлик.

Мираҳмат МИРСАБУРОВ,
ВХТХҚТМОИ кафедра мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE