Бош саҳифа / Жамият / Тинчлик қадри

Тинчлик қадри

Иккинчи жаҳон уруши келтирган талофатлар миқёсининг кенглиги билан инсоният тарихи саҳифаларида ўчмас қора доғ бўлиб қолди. Уруш туфайли болалар отасидан, аёллар турмуш ўртоғидан айрилди. Овуллар кимсасиз, боғу роғлар, далалар файзсиз бўлиб қолди. Жарқўрғонлик Кенжа бобо Хўжанов ҳам навқирон 20 ёшида бошқа юртдошларимиз қатори урушга кетди.

У 1924 йилда “Оққўрғон“ қишлоғида таваллуд топган. Оилавий шароити оғирлиги туфайли 4-синфдан кейин ўқишни ташлашга мажбур бўлди. 1941 йилда акаси Эргаш Хўжанов урушга кетиб, қайтмади. Кенжа Хўжанов 1944 йилда “1-Украина фронти“ таркибига келиб қўшилди ва маршал Конов раҳбарлигида, душманга қарши бўлган қақшатгич жангларда қатнашди.
— Армия сафида жанг олиб бориб, ўнлаб шаҳарлар, республикаларнинг ҳудудларини немис босқинчиларидан тозалашда иштирок этдим, — дейди Кенжа бобо Хўжанов. — Берлингача бориб, ғалабани нишонладик. Урушда кўп қийинчиликларни бошимиздан кечирдик. 1950 йил 27 июлгача контр-разведкада хизмат қилдим. Яратганнинг ўзи асрайман деса, ҳеч гап эмас экан. Елкамдан енгилгина жароҳат олдим. Ҳатто урушдан кейинги тозалаш даврида ҳам кўплаб қуролдош дўстларимиз қурбон бўлиб кетишди. Айниқса, Германия ва Австрия давлатларида аскарларнинг жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп бўлди. Урушдан кейинги даврда сапёрлар сафида миналардан тозалаш ишларида ҳам иштирок этганман. Гарчи уруш 1945 йилда тугаган бўлса ҳам яна 5 йил армия сафида хизмат қилдим. Японияга қарши олиб борилган жангларда ҳам иштирок этдим.

Кенжа бобо Хўжанов “Меҳнат шуҳрати“ ордени, медаллар билан тақдирланган.
— Давлатимизга раҳмат, биз каби уруш фахрийларини эслаб, ҳурмат-иззат кўрсатмоқда. Бугунги эмин замонда фарзандларимиз қуршовида қарилик гаштини сураяпмиз. 24 нафар неварам, 29 нафар чеварам, 10 нафар келиним бор. Бундан ортиқ бахт бўлиши мумкинми? — дейди Кенжа бобо.

Ҳаёт бешафқат, уруш эса ёвуз кимсалар ҳокимиятпарастлиги, дунёпарастлигининг бир тимсолидир. “Тўқайга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади“, дейишади. Гарчи асосий уруш ҳаракатлари Европа ва унга ёндош қитъаларда содир бўлган бўлса ҳам унинг жабру ситамини бутун дунё тортди. “Бир кун уруш-жанжал бўлган ердан қирқ кун барака кўтарилади”, дейишади. 50 миллионга яқин одамнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон урушининг оқибатлари йиллар, асрлар ўтса-да, инсоният тарихида энг мудҳиш воқеа сифатида муҳрланиб қолади.

Холмуҳаммад
ТОўАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE