Бош саҳифа / Жамият / Тиланчилик – энди жиноят

Тиланчилик – энди жиноят

ёки мўлтонидан ўзган болалар

Ёшлигимизда “Мўлтони”, “Жўги” деб изза қилишни энг ёмон койиш, деб тушунардик. Ҳақиқатдан ҳам бировдан бир мартда ручка сўраб турсак, иккинчи бор тортиниб, эҳтиёжимизни ўзимиз қондиришга ҳаракат қилардик.

Яъни, “тиланчи” дейишларидан ор қилардик. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг тиланчиликни барчамизнинг кўзимиз сингишган “мўлтони”лар ортда қолиб, ҳатто айрим ёшларимиз ҳам текин даромад манбаига айлантириб олишди. Энг ачинарлиси, кўрга ҳасса кераклиги маълум, аммо ёнингизда ўзини муҳтож, ночор кўрсатиб, дирдирабгина турган боланинг сиз томон узалган кафтига бехосда 1000, 500 сўм тутқазганингизни билмай қоласиз. Майли муҳтожларга хайр-садақа қилиш қадриятимизда эъзозланган фазилат. Бир сафар мен ҳам узатдиму, болакайнинг қўлимдаги узалишга шайланган пулни шунчалик тез юлиб олиши ва югурганча яна одамлар орасига ўзини ургани мени бироз ажаблантирди. Сабаби, ўзини беҳол кўрсатган боладаги шиддат мени лол қолдирди. Эринмай изидан анча кузатдим… Бу болаларнинг сони бир неча экан. Улар Термиз деҳқон бозорининг орқа тарафида учрашиб, “даромад”ларини берилиб санашарди. Ҳатто мен уларга яқинлашганимни ҳам сезмай қолишди.

—Тушум зўр-ку, -болаларга юзланаман. Тоҳир деб ўзини таништирган новча бола.— Меники, 21 минггина бўлди. Аккиники 34 минг, у итдай югуради-да, — деб нолиб қўйди.

Ор-номус, ғурурни “боғлаб” қўйиб, тиланчиликка тўрт мучаси соғ, вояга етмаган фарзандини етаклаётган ота –оналарнинг бу хатти-ҳаракатидан энсангиз қотади. Наҳотки, нафснинг “нағма”лари шунчалик ғолиб бўлса.

— Вилоятимизда 2018 йилда ота–оналарнинг назоратидан четда қолиб, дайдилик ва тиланчилик кўчасига кирган 32 нафар вояга етмаган ёш ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган бўлса, жорий йилда эса уларнинг сони 2 нафарни ташкил этади. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш мақсадида тиланчилик қилишда вояга етмаган ёки ногиронлиги бўлган шахслардан фойдаланганлик ёки уларни жалб қилганлик учун қонунчиликда жавобгарлик белгилангани хусусида тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз, — дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарлик ва профилактика бошқармаси бўлинма бошлиғи майор Саломат Каттаева.

Бу иллатнинг кундан кун “мода”га айланиб, болалаб кетишига барҳам бериш мақсадида энди тиланчилик қилиш қонун билан таъқиқланди. Яъни, Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.

 Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 127-1-модда билан ҳам тўлдирилди. Қонунга асосан, жамоат жойларида тиланчилик билан шуғулланиш аввалига маъмурий, кейинчалик жиноий жавобгарликка тортилиши ҳуқуқий асослаб қўйилди. Яъни, тиланчилик билан шуғулланиш, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этилса, икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади,” дея келтирилган. Шунингдек, “Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади,” — дея қатъий белгиланган.

Одамлар гавжум жойларда тобора газак отаётган тиланчилик ҳолати гўё энди ҳеч кимнинг энсасини ҳам қотирмай қўйгандек, атроф олам бунга кўниккандек туюлади. Аслида бефарқлик барча иллатларнинг онаси эканлигини барчамиз яхши биламиз. Ақли расо, соғлом, эртамиз умиди бўлган фарзандларингизга “кўча”нинг рангини эмас, оилангиз, қалбингиз тафтини беринг.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энди «TikTok», «Twitter” га кириш имкони йўқми?

Ўзбекистон ҳудудида «TikTok», «Twitter»  ва «ВКонтакте»» ижтимоий тармоқлар фаолияти  чекланди. Бу ҳақда «Ўзкомназорат» ахборот хизмати …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan