Бош саҳифа / Жамият / Тил озодлиги —эл озодлиги

Тил озодлиги —эл озодлиги

Бугун биз  тилимизда бийрон сўзлаймиз. Давлатнинг исталган идорасига ўзбек тилида мурожаат қилиб, талабимизни қондирамиз. Бу табиий ҳол албатта, бунинг ҳайрон бўладиган жойи йўқ.

Аммо кўп эмас, бундан 28 йил олдин ҳам бу табиий ҳол саналармиди? Йўқ, у кунларга гувоҳ кишилар буни орзу қилишганди, холос.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгунгача бўлган йиллар халқимизнинг рус тилини билмайдиган оддий вакилларини хўрликларга дучор этилганлиги бор гап. Давлат идораларида иш юритиш тўлиғича рус тилида амалга оширилар экан, бу тилни билмайдиган кишиларнинг ҳатто арзлари ҳам эътиборга олинмас эди. Сарсон-саргардонликдан толиққан бу тоифадаги кишилар охири давлат идораларига мурожаат қилишни ҳам йиғиштириб қўя қолганлар. Энг ёмони, ўз юртида ўз тилининг беҳурмат қилинаётгани кўпчиликнинг юрагини аламга тўлдирарди.

Бу оралиқда халқ орасида яна шундай бир тоифа шаклланди. Ота-оналари уларни замон сенга боқмаса, сен замонга боқ қабилида болалигиданоқ рус тилида ўқитиладиган мактабларга бериб, оилада ҳам русча мулоқотни йўлга қўйиб, ўз тили бўлмиш ўзбек тилига тамоман ёт қилиб ўстирдилар. Тасаввур қилинг: ранг-рўйидан ўзбек, аммо ўзбекчани билмайди. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон бу фожиани аччиқ киноя ила тасвирлаб бир воқеий шеър битган. Унда шоирнинг ўзбек бўла туриб, ўзбек тилини билмайдиган қўшниси бўлади. Қўшни ёлғиз бўлгани учун битта зағизғонни парваришлайди. Шоир ишдан уйга қайтар экан, зағизғон ўзбекчалаб сўкиниб қолади. Шоир унга ўзбекча сўкишни ўз ўғли ўргатганини ич-ичидан билиб, хижолат чекади. Қўшниси эса кулади ва зағизғоннинг ўзбек тилини ўрганиб олганидан ҳайратини рус тилида баён этади.

Жуда аянчли манзара, шундай эмасми? Миллатни ўз тилидан жудо қилиш, уни маънан ўлдириш эканлигини собиқ тузум корчалонлари жуда яхши англашган ва ўз мақсадлари йўлида оғишмай ҳаракат қилишган. Бунинг натижасида, аксарият кишиларнинг ўз тилини унутганлари баробарида, ўзбек тилида сўзловчиларнинг ҳам нутқий софлигига путур етган. Бу “дард”нинг асорати эса то бугунга қадар сезилади. Негадир жумла тузишда рус тилидан тўғридан-тўғри таржима қилинган, ўзбекчага муқобиллаштирилмаган ибораларни ишлатишдан тийилмаймиз.

Бугун ўзлигимиз тимсоли бўлган давлат тилимизга эгамиз. Шунинг учун ҳам ўз қадрини билган, юртини жондан суйган, миллати билан фахрланган ҳар бир киши ўзбек тилининг қадрини баланд тутади.

Наргиза ОДИНАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan