Бош саҳифа / Жамият / Тиббиётда қачон ўзгариш бўлади?

Тиббиётда қачон ўзгариш бўлади?

ёхуд инсонпарварлик дорилари нима мақсадда берилади?

Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, мустақиллик йилла-рида мамлакатимиз тиббиётида амалга оширилган туб ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари, эзгулик йўлида қўйилган илк қадамлардан бири бўлди.

Хусусан, Жарқўрғон туманида ҳам бу борада бир қатор ибратли ишлар қилинганлигини асло инкор этиб бўлмайди. Ўтган йиллар мобайнида туман тиббиёт бирлашмаси ва бўлимларда кўплаб қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, режали жарроҳлик, болалар, ички касалликлар, туғруқхона, юқумли касалликлар, тез ёрдам бўлимлари замонавий қиёфа касб этди. Бунинг натижасида аҳолига сифатли тиббий хизмат кафолатланди.

Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиш мақсадида Жарқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимида бўлдик. “Қорақурсоқ” маҳалласи ҳудудида жойлашган мазкур шифохона бир пайтлар пастқам, талабга жавоб бермайдиган эски бинода жойлашган эди. 2011 йилда “Динара” хусусий қурилиш корхонаси томонидан давлат дастури асосида лойиҳа қиймати 1 миллиард 700 миллион сўм эвазига эски шифохона ёнида 40 ўринли замонавий 3 қаватли иморат қад ростлади. Ташқаридан қараганда жуда салобатли, замонавий кўринган бу бинода афсуски, бир талай муаммолар йиллар ўтса-да, ўз ечимини топмаяпти.

Шифохонанинг палаталари доимо ёруғ бўлиши учун албатта, электр лампалари зарур. Аммо қандайдир сабабларга кўра, палата ва залларда лампалар етишмайди. Масалан, битта хонада 4 та ўрнига, бор-йўғи битта лампа қўйилган. Қолган учтаси эса ёнмайди, шу сабабли, хоналар нимқоронғи. Шифохона маъмурларининг гапига кўра, айни пайтда 60 га яқин лампочка етишмайди. Кир ювиш воситалари билан тўлиқ таъминланмаган. Айниқса, юқумли касалликлар бўлимида хлор моддаси таъминоти ачинарли аҳволда. Жорий йилнинг февраль ойида беморлар учун жами 40 та махсус кийим-бош келтирилган. Шифохона 40 ўринли. Мавсумга қараб, баъзан беморлар мўлжалдагидан ошиб кетади. Шундай ҳолатларда жой етишмай қолади. Бўлим бошлиғи Олим Холпўлатовнинг айтишига қараганда, кроватларнинг аксарияти эски. Ошхонада электр плиталар, беморлар учун махсус кийим-бош етишмас экан. Совутгичларнинг йўқлиги, айниқса, ёз ойларида сезилади.

Дори-дармон билан таъминланганлик даражаси 20-30 фоиз атрофида. 2017 йилда шифохонага 110 миллион 811 минг сўмлик дори-дармонлар берилган. Энг қизиғи, чет элдан инсонпарварлик ёрдами сифатида келтирилган “Ванкомицин” номли антибиотик пулга ҳисоблаб берилган. Унинг 5 жамланмаси 54 миллион 816 780 сўм туришини ҳисобга олсак, умумий ажратиладиган маблағнинг тенг ярмини ташкил қилади. Юқорида қайд этилган пул маблағи нега дори-дармонлар учун ажратиладиган умумий суммадан чегириб олинганлиги, рости, биз учун ҳам жумбоқ. Агар ростдан ҳам ушбу сумма умумий лимитдан чегириб қолинган бўлса, унда бу инсонпарварлик дорилари туман тиббиёт бирлашмаси томонидан пулланган, де-йишга асос бўлмайдими?

Телефон орқали вилоят соғ-лиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари билан боғланиб, инсонпарварлик дорилари тақсимотининг тартиби ҳақида сўрадик. Уларнинг айтишича, инсонпарварлик дорилари ажратилган умумий лимитда ҳисобланмас экан.

Шифохонада ҳамширалар етарли даражада. Яъни бир ўринга 4 нафардан ҳамшира тўғри келади. Кундузги бўлимда фаолият кўрсатадиган 4 нафарини ҳисобга олмаганда, ҳамширалар бир ойда 2 ёки 3 марта навбатчиликда туришади.

— Сув минораси яроқсизлиги туфайли учинчи қаватга сув чиқмайди. Ички ҳожатхоналар ишламайди. Сабаби, ер ости оқова сув ҳандагининг техник ҳолати талабга жавоб бермайди. Қурувчилар бу ишларни қўлдан ўтар қилишган. Бундан ташқари, сув иситиш бойлери ўрнатилмаганлиги боис, душдан фойдаланишнинг имкони йўқ. Ошхонада озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун музлаткичлар етишмайди, — дейди О. Холпўлатов.

Бугунги давр, бугунги ислоҳотлар барчамиздан ватанпарварлик, фидойиликни талаб қилади. Юрт тақдири, унинг бугуни ҳамда келажагига масъуллик ҳисси ҳар бир ватандошимизнинг кундалик вазифаси бўлмоғи жоиз. Шундай экан, юртимизда содир бўлаётган ҳар бир жараён ва ислоҳотларда иштирокимиз сезилиб туриши лозим. Айрим соҳаларда учраётган лоқайдлик, баъзи бир ғирромликлар соғлом фикрлайдиган ҳар бир инсонда салбий фикр-мулоҳазаларни қўзғаши тайин. Истагимиз, воҳамиз тиббиёти ривож топиб, сифатли тиббий хизмат кафолатлансин!

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE