Бош саҳифа / Жамият / Тиббий хизматдан аҳоли қониқаяптими?

Тиббий хизматдан аҳоли қониқаяптими?

Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Қумқўрғон туманидаги 34- ва 36-қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолияти билан яқиндан танишдик.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича туманда Қумқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 21 та қишлоқ врачлик пунктлари мавжуд бўлиб, мақбуллаштириш ҳисобига 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилган. 2 та қишлоқ врачлик пункти эса ўз ўрнида қолдирилиб, 1 та қишлоқ врачлик пункти тўлиқ тугатилган.

Аввало, ҚОПлардаги шароит билан қизиқиб, Қумқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси қишлоқ оилавий поли  клиникалари бўйича координатори Боймирза Марданақуловга мурожаат қилдик.

— Туманда тез тиббий ёрдам шохобчалари учун ажратилган маблағ ҳисобидан 36-ҚОПдаги тез ёрдам бўлимига қарашли бинода 20 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 13 миллион сўмлик иш амалга оширилган, — дейди Боймирза Марданақулов. — 34-ҚОПда эса 34 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари тўлиқ тугатилган.

— Аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, “Соғлом аёл ойлиги” доирасида туман тиббиёт бирлашмаси даволаш профилактика муассасаларида 12 мартдан 31 мартгача туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш бошланди, — дейди 34-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири, Ўрол Поянов. — Кўрик давомида тумандаги барча поликлиникаларга туман тиббиёт бирлашмасидаги учта аппарат олиб борилиб, аҳоли текширувдан ўтказилади. — Аммо ишимизда муаммолар ҳам йўқ эмас. Айрим ҳолларда одамлар арзимаган сабаб билан ҳам шифокорларга мурожаат қилиб, уларнинг  вақтини ўғирлайди. Масалан, боши бироз оғриб турганда керакли таблеткаларни қабул қилиш, умумий гигиеник қоидалардан фойдаланиш кўникмаси ҳар бир фуқарода бўлиши керак. Шифокор агар унинг кўнглидагидек ёрдам кўрсатолмаса ёки соат тунги иккиларда тиши оғриётган беморни бориб текширувдан ўтказмаса, дарров тегишли жойга мурожаат қилувчилар ҳам топилади, орамизда. Бундай ҳолатлар эса шифокорнинг ишига бўлган масъулият ва шижоатини сусайтиради.

34-ҚОПдаги асосий муаммолардан бири тез ёрдамга мурожаат бўлган пайтда, поликлиникалардаги навбатчи шифокорлар ҳам чақирувга кетади. Натижада шифохонага келган беморлар шифокор келгунга қадар навбатини кутиб ўтираверади.

— Поликлиникамизда компьютер йўқ, — дейди 34-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Чори Дониёров. — Агар  бизда ҳам компьютер бўлса, интернетдан фойдаланиш, профессорлардан онлайн маслаҳатлар олишга кўмаклашган бўларди. Хорижий мамлакатларда ҳам фаолият юритаётган таниш шифокорлар бор. Улар билан ҳам тиббиёт соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар борасида фикр алмашиниб туришда фойдали бўлар эди.

Ҳудуддаги 36-қишлоқ оилавий поликлиникасининг “Каттакўл” маҳалласида жойлашган филиалида бўлганимизда эса беморларнинг  совуқ ва зах хоналарда муолажа олишаётганига гувоҳ бўлдик.  Биз борган вақтда поликлиниканинг совуқ хоналаридан бирида томиридан томчи дори олаётган болани бирдан қалтироқ босди. Воқеани ҳамшира умумий амалиёт шифокори Турғун Мадатовга етказди. Очиғи, бундай шароитда беморга томчи дори қилиб бўлмаслигини англамаган шифокору ҳамширанинг хатти-ҳаракатидан ажабландик.

Ҳали куз-қиш мавсуми тугамасданоқ иситиш тизими нега ўчириб қўйилган? Ахир беморлар иссиқ хоналарда, тоза шароитда даволаниши, тиббий кўрикдан ўтиши керак эмасми? Ушбу ҳолатга сабаб қилиб кўрсатилган баҳона эса кишининг ҳайратини оширади.

— Кадр етишмаслиги туфайли ишга чақирилган нафақадаги шифокор Абдураҳим Жўраевнинг иссиқликка, яъни печкадан чиқадиган тутунга аллергияси борлиги сабабли хоналардаги печкалар ўчириб ташланган, — дейди Турғун Мадатов. — Хоналар иситилмаётганлигини бир ҳафта олдин 36-ҚОП бош врачи Улуғбек Қорабоевга маълум қилганман. Лекин ҳали печка қайта ўрнатилмади.

Ушбу филиал 7 минг 359 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Кун давомида кўплаб беморлар шифокор кўригига келади. Уларнинг соғлиғи учун ҳар бир тиббиёт ходими масъул. Лекин кимгадир печкадан чиқаётган тутун ёқмаслиги туфайли бутунлай шифохонани иситишни тўхтатиш қанчалик тўғри? Ушбу ҳолат юзасидан Улуғбек Қорабоевга мурожаат қилганимизда эса, “Кунлар исиб кетди, бу муаммо агар шунчалик муҳим бўлса, эртагаёқ печкани қўйдириб қўяман”, деди.

Бир нарса одамни ўйлантиради. Нега энди кимдир муаммони пайқаб, бош шифокорни огоҳлантиргандан кейингина уни бартараф этишга киришилиши керак. Бундай бамайлихотир, эртага, индинга бажараман деган фикрда яшаш даври ўтмадимикин?

— Жорий йил 1 мартдан 36-поликлиниканинг янги биноси қурилиши керак эди, негадир қурилиш ишлари ҳалигача бошланмади, — дейди шифокор Холтўра Тангиров. — Бизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун шароит етарли эмас. Хоналар, малакали тиббиёт ходимлари етишмаслиги, компьютер йўқлиги  аҳолига сифатли ва тез тиббий хизмат кўрсатишга таъсир этмасдан қолмайди. Битта хона уч нафар шифокорга бириктирилган. Шифокорлар беморларини қабул қилиши учун хонанинг ўртасидан парда тортиб сунъий хоналар ташкил этганмиз. Лекин бу беморларни текшириш ва уларнинг соғлиғи юзасидан мулоқот қилишда муаммо туғдиради. Ҳар бир шифокор ўз бемори билан паст овозда гаплашишга мажбур. Чунки  шифокор ва бемор ўртасидаги мулоқот бошқа бир беморга ҳалал бермаслиги лозим.

36-қишлоқ оилавий поликлиникасининг тез тиббий ёрдам бўлимида эса 2 та тез ёрдам машинасида узлуксиз хизмат йўлга қўйилган.

— Бу бўлимда ҳам бир қанча муаммолар бор,— дейди тез тиббий ёрдам навбатчи ҳамшираси, Ҳамида Муртазаева. — Тез ёрдам бўлими учун ажратилган телефон яхши ишламаслиги туфайли, баъзан аҳоли мурожаат қилганда уларнинг сўзларини тушунишга қийналамиз. Баъзан эса чақирилган жойга тез етиб бора олмай қоламиз, чунки йўлларнинг таъмирталаб бўлиб қолганлиги ишимизга салбий таъсир этмоқда. Биз ҳам аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишни хоҳлаймиз. Бироқ, бу каби муаммолар бунга тўсқинлик қиляпти.

— Тунов куни соғлиғим ёмонлашганлиги учун УЗИ аппаратига тушиш учун туман марказидаги диагностика марказига боришга мажбур бўлдим, — дейди “Кўганли” маҳалласи фуқароси, Гулсара Аҳмедова. — Ҳам пулим, ҳам вақтим кетди. Агар УЗИ аппаратлари поликлиникамизга ойида икки-уч марта олиб келинса, аҳоли учун қулайлик яратилган бўларди.

Тумандаги 34- ва 36-қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолиятини ўрганиш натижасида ҳам бир қатор ечимини кутаётган масалалар борлиги ойдинлашди. Ўйлаймизки, мазкур шифо масканидаги масъуллар ўз вазифасини сидқидилдан адо этишга киришса, тиббиёт муассасаси шароити яхшилансагина камчиликларни тузатишнинг ҳам, аҳолини   рози қилишнинг ҳам имкони топилади.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE