Тежамкорлик оилангиз ютуғи

0
64

Пул топиш осон, аммо уни тўғри сарфлаш жудаям қийин! Бу сўзларни ўқиб исрофгарчилик ҳақида ўйладингизми, демак, адашмадингиз. Исрофгарчилик ҳамма нарсага нисбатан бўлиши мумкин.

Табиат неьматларига нисбатан, инсонларга нисбатан, ҳаттоки ўз меҳнатингизга нисбатан ҳам…

Ортиқча исрофгарчилик, узоқ йиллар тер тўкиб топилган пулларни бир кунлик тўй ҳашам ва одамларнинг гап-сўзлари учун сарфлаш бу ўзингизнинг ҳамда меҳнатингизнинг қадрини билмаслигингиз, ўзингизга қилган бешафқатлигингиздан бошқа нарса эмас. Тома-тома кўл бўлур, томмай қолса чўл бўлур, деганларидек, тўғри сарф харажат ва оилавий бюджетнинг тўғри йўлга қўйилганлиги шу оилага катта ютуқларни олиб келиши мумкин.

Хўш, сиз оилангиз бюджетини қандай шакллантиргансиз? Уйингизга бир ой давомида атиги бир маротаба келадиган маблағни нималарга сарфлашни билмаётгандирсиз. Турмуш ўртоғингиз қийналиб топаётган пулга нималарни режа қилаяпсиз? Балки унга қимматбаҳо телефон, пўрим кийим, бир ойлик интернет мегабайтлари олмоқчидирсиз. Тежамкорлик меҳнат билан чамбарчас боғлиқ.

Оилада олтита фарзандни дунёга келтириб, барчасининг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб, фаровон яшашига муносиб тарбия бера олган онахон Ирисой Раҳимованинг ҳаёт йўли ҳақида сўраганимизда, “Бизнинг давримизда бундай шароитлар йўқ эди. Бундай имкониятларни тасаввур ҳам қилолмасдик. Эрталаб уйғониб бомдоддан сўнг сигир соғиб, нон ёпардим. У замонлар ширинлик, мева-чевалар бозорларда бўлмас, бўлганда ҳам жуда қиммат бўларди. Шу сабабдан фарзандларим учун сутли кулча, холвайтар, сомса, патир, қатлама пишириб қўярдим. Кейин далага чиқардик, ўзимиз пиширган нонни белимизга тугиб, далада кун узоғи меҳнат қилардик. Фарзандларимни ҳам ёшлигиданоқ меҳнатга солганман. Кенг ҳовлимизда товуқ, қуён, сигир, қўй бўларди. 15 сотихга яқин томорқамиздан чиққан ҳосилга деярли йил бўйи яшар эдик. Энг ёмон кўрганим, исрофгарчилик эди. Рўзғорда ҳеч нарсани ташлаб юбормас эдик. Овқатдан чиққан сабзавот пўчоқларини қайнатиб товуқларга юмшоққина озуқа қилардик. Дон ҳам қиммат ҳамиша бозорда ҳам бўлавермасди. Шу пайтлар меҳнатимиз туфайли бўш вақтимиз бўлмаган, умрим бўйи фарзандларимни ҳалол луқма, меҳнат эвазига улғайтирдим. Эсимда, катта қизимни турмушга бераётиб одмигина тўй қилиб бердик, биз қўлимиздан келганини қилдик, қолган камингни Худо тўлдирсин, пешонангга берсин, қизим дея отаси иккимиз оқ фотиҳа берган эдик. Опасининг тўйи ўтгач қолган қизларим ҳам оқ фотиҳамизни олиб, бирин-кетин узатилди.Ҳозирда фарзандларимнинг ҳаммаси жамиятда ўз ўрнига эга бўлишган”, — дейди юзида шукроналик билан. Ҳақиқатдан ҳам онахон вояга етказган фарзандлари, қизлари ўқимишли, тадбирли инсонлар. Уларни кўриб оила бюджетини тўғри шакллантириш, энг аввало, тадбирли, тежамкор бўлиш, аниқ мақсадни ўз олдига қўя билишда эканини тушунгандай бўламан.

Бугун ҳамма шароитлар бор, бозор расталарида ноз-неъматлар бис ёр. Ҳар қадамда нонвойхоналарда тандирдан эндигина узилган нонлар муҳайё бўлса, ҳеч қайси аёл (ҳатто уй бекаси бўлса ҳам) юз-кўзларини, қош киприкларини куйдириб, нон ёпгиси келмаса керак. Оддий мисол: илгари тўй-маъракалар бўладиган хонадонда қўни-қўшни, хотин-қизлар ҳашар қилиб дастурхонга қўйиладиган пишириқларни тайёрлашган. Бундай пайтда ҳамма ўзининг пазандалик маҳоратини кўрсатган. Уйда тайёрланган егуликлар сифатли, ишонч ли бўлади. Кейинги пайт ларда маросимларга бозордан пишириқлар сотиб олиб борадиганлар кўпайиб бораяпти. Бу ҳолат аёлларнинг ўта бандлигидан эмас. Эътибор қилсангиз, рўзғорнинг камини эплилиги билан тўлдиришга хоҳиш ва ҳаракати бўлмаганлар соатлаб экранга термилиб, турли сериалларни томоша қиладилар. Тайёргина нарсани йўл-йўлакай сотиб олиб, маросимга борган аёлнинг қизлари ҳам шунга одатланишади. У замонлар ўтиб кетди, дерсиз. Аммо шундай аёллар борки, улар оила бюджетини муносиб йўлга қўйганлар.

Шундай аёллардан бири Қумқўрғон туманида яшовчи чевар Гулчеҳра Йўлдошевадир.

— Турмуш ўртоғим ҳайдовчилик қиладилар, мен эса уйда чеварлик қиламан, — дейди Гулчеҳра опа. — Ҳунарим туфайли ойига оиламизга 4 миллиондан ошиқ маблағ кирим бўлади. Турмуш ўртоғим кунлик озиқ-овқатлар ва зарур нарсалар учун пул сарфласалар, мен топган пулларни йиғиб, ҳамма қулайликлари бор уй қуриб битказдик. Ҳали янаям катта режаларни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз, мақсадимизга эришишимизда кунлик ҳаражатларимизни ҳисоб-китоб қиламиз, келишган ҳолда режа асосида иш кўрамиз. Эндиликда шу уйимизнинг бир қисмини тикувчилик цехи учун ажратмоқчимиз.

Ҳикоя қилаётган қаҳрамонимиз 28 ёшда. У тадбирли ва меҳнатсеварлиги билан фаровон ҳаётга эришган.

Бундай ҳаётий мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин-у.., аммо айни масалада жиддий ўйлаб кўриш керак бўлган ҳолатлар ҳам оз эмас. Ҳар бир оилада унинг аъзолари тежамкорликка алоҳида эътибор қаратиши лозим. Зеро, айнан тежамкорлик оила фаровонлигини яратишнинг муҳим шарти, ўзига хос маънавий-ахлоқий қадрият саналади. Оиладаги тежамкорлик — бу “хасислик ёки зиқналик эмас, балки унинг мазмунида оила маблағини қаттиқ назорат қилиш, ҳалол меҳнат эвазига келган пул ва рўзғор анжом-ашёлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечакларни қадрлаш, асраб-авайлаш, нафсни идора этиш, бойлик орқасидан бўладиган манманликдан ўзини тийиш, ҳар бир нарсадан унумли фойдалана билиш маҳоратига эга бўлиш демакдир.

Муқаддас динимизда ҳам исрофгарчилик жуда қаттиқ қораланган ва ундан қайтарилган. Исрофгарчиликнинг зарарлари хусусида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Аъроф” сураси, 31-оятида: “Еб ичинглар ва лекин исроф қилманг лар. Чунки У исроф қилгувчиларни севмас”, — деган. Исроф ва тежамкорлик иккиси ҳамиша ёнма-ён юрувчи тушунчалардир. Тежамкорлик фаровон турмуш гарови. Бир сўз билан айтганда, тежамкорлик ҳаддан ошмаслик, шукроналик аломатидир. Тежамкорлик билан камбағал оила бой бадавлат оилага айланади. Исроф билан эса бой оила ўзига фақирлик ва хорлик эшикларини очади. Тежамкорлик ҳақида жуда ҳам кўп гапириш мумкин. Жамиятимизда ана шундай тежамкор оилалар кўпайса, шубҳасиз, юртимиз ҳам, унинг равнақи ҳам юксалиб бораверади. Хўш, сиз оилангиз бюджетини муносиб йўлга қўйиш учун нималарни тежаяпсиз?

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг