Бош саҳифа / Жамият / Тежамкорлик — фаровонлик калити

Тежамкорлик — фаровонлик калити

“Талабалик давримда ҳисоб-китоб дафтарчам бўларди. Унда ҳар ойда қилинадиган сарф-харажатлар рўйхатини олдиндан тузиб, ёзиб борардим. Ва йўл кира, тушлик, уй ижараси ҳақи ва рўзғорга кетадиган майда харажатлар пулини олдиндан чамалаб, алоҳида конвертларга солиб қўярдим. Шунда ҳар ой бирор бир янги буюм ёки кийим олишга ҳам маблағ ортарди”, деб эслайди онам. “Турмуш қургач, оилавий бюджетимизни ҳам шу тарзда режалаштиришга одатландик. Натижада ҳар ойда ортиб қолган маблағимизни оз-оздан йиғиб боравердим. Тома-тома кўл бўлур, деганларидек шунинг орқасидан аввал ер олиб, уй қурдик, сўнг машиналик ҳам бўлдик. Болаларимиз катта бўлгач, уларнинг ташвишлари-ю ўқишига сарфладик, ҳаммаларини олий ўқув юрт- ларида ўқитдик. Мана, кам бўлганимиз йўқ”.

Одатда ёши катталарнинг ҳаётий тажрибалари-ю ўгитларига амал қилиб, уларнинг тежамкорликка оид маслаҳатларини олишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, ҳамма ҳам уларга амал қилиб, топганини режали равишда сарф- лашга одатланиш фаровонликнинг калити эканини анг- лармикан?

Тежамкорликнинг аввал боши энг майда харажатлардан бошланади. Масалан, оддий йўл кира ва тушликка сарфланадиган харажатни олайлик. Кимдир ишга йўналишли йўловчи ташувчи автобусда борса, яна кимдир йўналишсиз такси хизматини маъқул кўради. Бир куни ён қўшним ойлик маоши йўл кира, тушлик ва яна шунга ўхшаш майда харажатлардан ортмаслигидан нолиди. Айниқса, таксига ва турли тамаддихоналарда қилинадиган тушликка кўп пул сарф лашини айтди. Унга ишга арзонроқ автоуловда қатнаб, тушликни уйдан олиб боришни маслаҳат берсам, бироз энсаси қотди.

Ҳа, бизга таниш кишилардан “Ҳамма қатори олган ойлик маошим у ойдан бу ойга етмайди” деган гапларни ҳам эшитиб қоламиз. Бунга уларнинг иқтисодий маданияти етарлича шаклланмагани ва ишлаб топган даромадини тўғри тақсимлай олмагани сабаб бўлади.  Бундай кишилар чиқимларни тўғри режалаштириш, аниқ чамалаш, исрофгарчиликларнинг олдини олишга ҳам унчалик эътибор қилишмайди. Ваҳоланки, мазкур қоидалар тежамкорликнинг муҳим омилларидан саналади.

Савол туғилади: ҳар доим ҳам истеъмол ахлоқига амал қиламизми? Кўпинча биз – аёллар кўйлак сотиб олаётганимизда унинг бренди, бозорда энг қиммат нарх ли бўлганига аҳамият қиламиз. Ҳатто, айримларимиз кети узилмайдиган тўю маракаларга янги кўйлак тиктирмасак, кўнглимиз жойига тушмайди. Гўё янги кўйлак бизни бошқа одамга айлантириб қўядигандек.  Бу эса баъзан молиявий режаларимизни бутунлай ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Назаримда, харидни зарурлиги, ҳар томонлама мақбул ва қулайлигига кўра танласак, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Баъзида одамлар бош- қалардан кам бўлмаслик учун осонлик билан қарз олишга, қўшнисиникидан баландроқ бино қуриш учун қарз кўтаришга тайёр. Бундайлар кўп ҳолларда катта “даромадни” қўлга киритиб, ўринсиз сарфлагани сабабли молиявий муаммолар гирдобида қолади.

“Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилур”, дейди халқимиз. Ҳа, оила жамғармасини ақл билан ҳисоб-китоб қилиб ишлатмасангиз, бирингиз икки бўлиши қийин. Қаерда ҳамма нарса тежаб-тергаб ишлатилса, топилган пул расамади билан сарфланса, ундай жойда “молиявий инқирозлар” содир бўлмайди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Савдоси пишмаган режа

Ҳар қандай ходим ёки раҳбар лавозим ваколатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланса, ўша ерда қонун бузилиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan