Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Тез ва сифатли экайлик

Тез ва сифатли экайлик

Жорий йилда вилоятимиз деҳқонлари 74078 гектар майдонга чигит экишади. Жумладан, ўрта толали ғўзанинг “Султон” нави 28951, “Бухоро-102” нави 20304, “Наманган-77” нави 6501, “Бешқаҳрамон” нави 3676 ва ингичка толали ғўзанинг “Иолатан-14 А” нави 6635 ва истиқболли навлар чигити 8011 гектар майдонга экилади.

Аввалам бор далаларни текислашга алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Ер текислаш сифатсиз бажарилса, майдон кўллайди, баъзи қаторларга сув етиб бормайди. Натижада, далага қадалган уруғлар текис унуб чиқмайди ва ҳосилдорлик пасаяди.

Аёнки, воҳамиз деҳқонлари узоқ йиллардан бери чигитни пушта устига экиш тажрибасини қўллаб келишаяпти. Пушта даладаги намни узоқ вақт сақлайди ва ёш ниҳолларнинг дуркун ўсишини таъминлайди. Пушта 90 сантиметр кенгликда олинганда чуқурлик 25-30 сантиметр, эгатлар кенглиги 60 сантиметр бўлганда пушта чуқурлиги 22-26 сантиметр бўлиши шарт. Пушта олишдан олдин далалар ўтган йилги ғўзапоялар ва бегона ўтлардан тозаланиши шарт. Акс ҳолда пушта очишга ва культивация қилишга халақит қилади, кўчатлар кўмилиб кетиши ва ёш ниҳоллар нобуд бўлишига олиб келади. Пушта тўғри олиниши лозим, акс ҳолда чигит экилган қаторлар қийшиқ бўлиб, культивация ва озиқлантириш жараёнида ёш кўчатлар кўп кесилиб кетиши ҳолатлари учрайди.

Вилоятимизнинг Ангор, Термиз, Шеробод, Музработ, Қизириқ ва Қумқўрғон туманлари шароитида пушта олингач, экиш олди суви берилади. Бу ишга ўта жиддий қараш лозим. Чунки қиш бўйи сув талаб бўлиб ётган далалар сифатли суғорилса, қадалган чигит тез ва бир текис униб чиқади. Суғоришни шундай ташкил қилиш керакки, далада бир квадрат метр жой ҳам суғорилмасдан қолмаслиги шарт. Дала суғорилаётганда, иложи борича кўллатмаслик зарур. Сабаби — сув кўллаган ерларда қатқалоқ ҳосил бўлади, экишни кечиктиради, тўлиқ кўчат олиниши қийинлашади. Вилоятимизнинг жанубий туманларида тез-тез шамол бўлиб туриши ва ҳаво ҳароратининг кўтарилиб кетиши ҳисобига суғорилган далаларда намлик камайиб кетиши кузатилади. Шунинг учун далага экиш олдидан борона, мола ишлатиб, намликни узоқ сақлаш мумкин. Чигитни ернинг оби-тобида экиш талаб этилади.

Чигит тез униб чиқиши экишга тайёрлашга боғлиқдир. Уруғлик чигит пахта тозалаш корхонаси ходимлари махсус тавсиялари асосида бетонланган хандакларда жойлаштирилади, намланиб, димланиб ишлов берилади. Чигит камида 8-10 соат экиш олдидан намланиб, димланиши зарур. Бир тонна тукли чигитни намлаш учун 600 литр сув сарфланади. Намлаш уч жараёнда амалга оширилиб, ҳар бир намлашда 200 литр сув билан ишлов берилади.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида бир неча фермер хўжаликлари қисқариб, ер майдонлари кенгайтирилди ва янги фермер хўжаликлари ташкил қилинди. Ана шу хўжаликларнинг айрим раҳбарлари ҳали тажрибасиз. Шунинг учун уларга чигитни қайси муддатда экишни тушунтириш фойдадан холи бўлмайди. Тупроқнинг 10 сантиметр чуқурлигида ўртача 12-14 даража иссиқлик барқарор бўлганда, чигит экиш тавсия этилади.

Чигит экиш олдидан барча трактор ва экиш сеялкалари сифатли соз ланиши, ишчи органлари яхши ростланиши, сеялкалар қатор ораси кенгликлари бир хил бўлиши, чигитнинг бир хил тушиши, маркерлар кенглиги аниқ масофада бўлиши тавсия этилади. Туксизлантирилган чигитни тупроқнинг 10 сантиметр чуқурлигида ўртача 15-16 даража ҳарорат барқарор бўлганда, экиш лозим. Чунки тупроқ ҳарорати паст бўлиб, намлик юқори бўлса, туксизлантирилган чигит тезда чириб кетади. Шу боис туксизлантирилган чигит экиладиган майдонларда экишни бир ҳафта — ўн кун кейин бошлаш тавсия этилади. Деҳқонларимиз чигит сарфига ҳам алоҳида эътибор беришлари лозим. Ингичка толали ғўза навлари уруғи камлиги туфайли ҳар гектар майдонга 40-45 килограммдан уруғ сарфланса кифоя. Ўрта толали ғўза навлари уруғини ҳар гектар майдонга 50-60 килограммдан сарфлашни тавсия этамиз. Қўшқаторлаб чигит экиладиган далаларга уруғ сарфи 20-25 фоизга оширилади.

Экишни енгил қумоқ ва қумлоқ далалардан бошлаш лозим. Чунки бундай майдонларда ҳарорат юқори бўлади ва намлик узоқ сақланмайди. Чигит экиш билан бир вақтда далаларга ҳар гектар ҳисобига соф ҳолда 20-30 килограммдан азот ва фосфорли ўғитларни солиш, аввало, ёш ниҳолларнинг дуркун ўсишини таъминлайди ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Далалардаги намлик ва ҳароратни инобатга олиб, дастлабки кунларда чигитни 3-4 сантиметр чуқурликда, ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан 4-5 ва 5-6 сантиметр чуқурликда экиш тавсия этилади.

Н. ОЧИЛДИЕВ,

ПСУЕАИТИнинг

Сурхондарё

илмий-тажриба

станцияси директори,

М. ТОЖИЕВ,

қишлоқ хўжалиги

фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE