Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Тез ва сифатли экайлик

Тез ва сифатли экайлик

Жорий йилда вилоятимизда 94 минг гектардан ортиқ майдонга ғўзанинг “Бухоро-102”, “Бухоро-6”, “Султон”, “Наманган-77” ва “Порлоқ-1” навлари чигитини экиш мўлжалланган. Шунингдек, ингичка толали ғўзанинг маҳаллий “Сурхон-14”, “Сурхон-16”, “Сурхон-103”, “Термиз-202”, “Ст-1651” навлари уруғини кўпайтириш мақсадида ҳар бири 100-385 гектардан майдонга жойлаштирилади.

Ингичка толали ғўзанинг “Иолатан-14 AI”  нави бу мавсум қарийб 20 минг гектарга экилади. Бу нав қўшма Туркманистондан келтирилган, биринчи тип тола беради, нархи халқаро бозорда қиммат. Жорий йилда ушбу нав чигитини экадиган фермерлар биринчи навбатда ҳар гектар майдонга 75-80 минг туп кўчат қолдириш ва чилпишни ғўзада 13-14 ҳосил шохи пайдо бўлиши билан ўтказишга эътибор беришлари шарт.

Далани чигит экишга сифатли тайёрлаш тўлиқ кўчат олиш ва юқори ҳосил етиштириш кафолатидир. Чигит экиш олдидан ерни сифатли текислашга алоҳида эътибор бермоқ лозим. Яхши текисланган далаларда чигит дуркун униб чиқади, эртачи ҳосил олинади. Чигит пушта устига экилса, тупроқ намлиги 2,5 фоизгача юқори бўлиб, тупроқ ҳарорати очиқ далага нисбатан 3 даражагача юқори бўлади. Чигит пушта устига экилса гоммоз ва илдиз чириш касалликларига деярли чалинмайди. Бу йилги табиий шароитдан келиб чиқиб далани экиш олдидан суғоришда сувни тежашга алоҳида эътибор бериш талаб этилади.

Чигитни экишга тайёрлашда авваламбор пахта тозалаш корхоналарида уруғликни гоммоз ва илдиз чириш касалликларига қарши махсус препаратлар ёрдамида дориланади. Дориланган ва сараланган чигит экиш олдидан қуёшга товланиб, сўнгра махсус хандакларга солиниб 20-25 сантиметр қалинликда ёйилади ва сув пуркагич ёрдамида ҳар тонна тукли чигит 600 литр сув билан намланади. Чигитни намлаш уч босқичда бажарилиши керак. Биринчи марта хандакдаги чигит 200 литр сув билан намланади ва тўплаб икки соат давомида шаффоф плёнка ёрдамида димланади. Чигит яна иккинчи-учинчи марта намланиб димланади. Шундан кейин чигит экишга тайёр бўлади.

Тупроқнинг 10 сантиметр чуқурлигида ҳарорат 12-13 даража бўлгандагина чигит экиш лозим. Чигит экишни дастлаб енгил, қумоқ ҳамда ўрта қумоқ далалардан бошлаш мақсадга мувофиқ.

Қўшқаторлаб чигит экиш мўлжалланган далаларда ерни сифатли текислаш, кесак бўлишига йўл қўймаслик талаб этилади. Қўшқаторда ғўзанинг туп сони 30 фоиз кўп ва ҳосилдорлик якка қаторга нисбатан 8 центнергача юқори бўлади.

Сеялкаларни тўғри созлаб, бир хил чуқурликка ва экиш аппаратларидан бир хил миқдорда чигит тушишига эришиш даркор. Ҳар гектар майдонга 50-60 килограмм тукли ва 25-30 килограмм туксиз чигит экиш тавсия этилади. Қўшқаторларда чигит меъёри 30 фоизга оширилади. Ерга чигит қадаш билан бир пайтда ҳар гектар ҳисобига 20-30 килограммдан азотли ва шунча миқдорда фосфор ўғити солиш чигитнинг соғлом чиқиши ва ёш ниҳолларнинг тез ривожланишига хизмат қилади.

Чигит экишни экипаж асосида ташкил этиб, далада нам қуриб кетишига йўл қўймаслик талаб этилади.

Н. ОЧИЛДИЕВ,
ПСУЕАИТИ Сурхондарё илмий-тажриба
станцияси директори
М. ТОЖИЕВ,
қишлоқ хўжалик
фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE