Бош саҳифа / Таълим / Тест синовларига тайёрмисан, абитуриент?

Тест синовларига тайёрмисан, абитуриент?

2019/2020 ўқув йили учун олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари ҳам ўтган йилги тартибда ошкора ва шаффоф ўтказилади. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 майда тасдиқлаган янги қарорига биноан тест имтиҳонларида яна ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда. Қарорда назарда тутилган ўзгаришлар ҳамда бу йилги тест имтиҳонларига тайёргарлик жараёнлари ҳақидаги саволларимизга жавоб олиш учун Давлат тест маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Ёқубжон КАРИМОВга юзландик.

Ҳукумат қарорида назарда тутилган ўзгаришлар қайси ўқув йилидан жорий қилинади?

—     Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Яъни улар йўналиши бир-бирига яқин учтагача олий ўқув юртидаги бакалавриат таълим йўналишига ҳужжат топшириб, тўплаган баллига қараб, ўқишга кириш имкониятини синаб кўради. Тест синови топшириладиган фанлар мажмуасига мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили ҳам бўлиши мумкин), математика ва Ўзбекистон тарихи фанларининг киритилиши эса 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб жорий қилинади.

—     Аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан олинадиган тўлов шу йилги ўқув йили қабулидан жорий қилинадими?

—     Ҳа, тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда ўқишни тамомлаган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундириш 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб амалда қўлланади. Эслатиб ўтамиз, ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустаснодир.

—     Вилоятимиздаги абитуриентлар учун бу йилги тест синовлари қаерда бўлиб ўтади?

—     Сурхондарё вилояти абитуриентларига 2019/2020 ўқув йили июль-август ойларида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган. Вилоятимизда олий таълим муассасаларига ўқиш учун талабгорларнинг сони олдинги йилга нисбатан кўпроқ кутилаётганлиги сабабли имтиҳонлар 9 та бинода ўтказилади. Улар: 1-бино Термиз шаҳридаги “Алпомиш” спорт-мажмуасининг биноси (900 нафарга мўлжалланган);

2-бино Термиз давлат университетининг спорт мажмуаси биноси (360 нафарга мўлжалланган);

3-ва 4-бинолар “Сурхон спорт мажмуаси” (1020 нафарга мўлжалланган);

5-, 6-ва 7-бинолар Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати спорт заллари бинолари (840 нафарга мўлжалланган);

8-ва 9-бинолар вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати биноларидир. (390 нафарга мўлжалланган).

— Бу йил қанча абитуриент тест имтиҳонларида иштирок этиши кутилмоқда?

— Бу йил вилоятимиздан 124 500 нафар абитуриент ҳужжат топшириши кутилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда бу биноларга Низомда белгиланган тартибда 1 сменада ҳар бир абитуриент учун 2 квадрат метрдан кам бўлмаган 3510 нафар абитуриент учун жой тайёрланиши белгилаб олинди. Биноларнинг барчаси зарур қурилмалар билан таъминланиб, керакли шароит яратилмоқда.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА
суҳбатлашди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Академиклар тажрибасидан фойдаланайлик

Кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибаси, илмий салоҳиятидан фойдаланиш ёшлар учун кони фойда. Устоз-шогирд анъаналарини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan