Бош саҳифа / Таълим / Тест синовларида ўзгариш кутилаяпти

Тест синовларида ўзгариш кутилаяпти

Мамлакатимизда таълим соҳаси ривожлангани сари ёшларимизнинг олий маълумотли касб эгаси бўлиш истаги тобора ошиб бормоқда. Қолаверса, хорижий давлатларнинг таълим соҳаси тажрибасини ўрганиш натижалари ёшларимизга янада кенг имкониятлар яратиш эҳтиёжини келтириб чиқармоқда. Бу эса олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига доир янги қарор лойиҳасининг ишлаб чиқилишига сабаб бўлмоқда.

Аввало айтиш керакки, 2019/2020 ўқув йилида 744 000 нафардан ортиқ ўқувчи мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тугатади. Агар таълим муассасаларини олдинги йилларда битирганлар билан биргаликда ҳисобласак, жорий ўқув йили қабулида тахминан 1 300 000 нафарга яқин абитуриент олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириши кутилмоқда. Бу улкан рақам.

Ташкилий жиҳатларнинг кўп вақт ва куч талаб қилиши, абитуриентлар сонининг кескин ортиши муносабати билан қарорда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказиш таклиф этилмоқда, шунингдек, тест синовларини 2018 йилдаги тажрибадан келиб чиқиб, катта сиғимли бино ва иншоотларда ўтказишни давом эттириш режалаштирилмоқда. Абитуриент га ўзи рўйхатдан ўтадиган, аниқроғи, доимий истиқомат жойида тест синовида иштирок этиш имконияти ҳам яратилмоқда. Масалан, абитуриент Сурхондарё вилоятидан бўлиб, Ўзбекистон миллий университетига кириш учун ўша ердаги Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтган бўлса, абитуриент тест синови жараёнида Тошкент шаҳрига бормай, Термиз шаҳрининг ўзида тест синовида иштирок этади. Бу ортиқча вақт, маблағ сарф ланишининг, сарсонликларнинг олдини олади. Бундай ҳолат бизда олдин кузатилмаган эди.

Булардан ташқари, биринчидан, абитуриент бир вақтнинг ўзида 3 та таълим йўналишида танловда иштирок этиши белгиланмоқда. Аниқроқ айтганда, абитуриент жорий ўқув йили қабули учун ўтказиладиган кириш тест синовларида математика (3.1 балл), физика (2.1 балл), она тили ва адабиёт (1.1 балл) фанларидан иборат бўлган 3 та таълим йўналишини, масалан, ТерДУнинг “Математика”, ТДТУнинг “Энергетика” ва Қарши давлат университетининг “Математика” таълим йўналишларини танлаши мумкин.

 Фарзандларимиз кейинги пайтларда ўзи танлаган таълим йўналишига оид фанлардан яхши тайёрланиб, бошқа умумтаълим фанларини ташлаб қўймоқдалар. Бу эса уларнинг бошқа фанлар бўйича саводхонлигини сустлаштирмоқда. Халқаро тажрибаларда эса бунинг олдини олиш учун тест синовларига мажбурий фанлар киритилган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб: тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, 1-бўлимга барча тест топширувчи абитуриентлар учун мажбурий 3 та фан – она тили ва адабиёт, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш таклиф этилмоқда. Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади.

Учинчидан, энг юқори баллнинг 30 фоиз ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган ва 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш тартибини жорий этиш масаласи киритилди. Ушбу тартиб доирасида сертификатга эга бўлган, жорий йилда ўқишга тавсия этилмаган ёки ўқишни хоҳламаган абитуриентлар, хоҳишига кўра, кейинги 2 йилда бўладиган тест синовларида иштирок этмаслиги ва сертификатдаги балл бўйича белгиланган муддатда ва тартибда танловларда тўловларсиз иштирок этиш имконияти таклиф этилмоқда.

Тўртинчидан, таҳлиллар натижасига кўра, таълим муассасаларида, ташкилот ва корхоналарда айрим ёшларимизнинг ёзиш кўникмаси талаб даражасида эмаслиги (ҳатто, оддий ариза ёза олмаслиги) жиддий ўйлашга сабаб бўлаяпти. Шу боис, келгуси ўқув йилидан бошлаб ёшларнинг ёзиш кўникмаларини аниқлаш мақсадида ўзбек тили, рус тили, қорақалпоқ тили фанлари бўйича алоҳида синовларни ташкил этиш таклиф этилди. Ушбу тест синовлари давомида тўпланган балларни кириш тест синовларида ҳам ҳисобга олиш режалаштирилмоқда.

Бешинчидан, маълумки, хорижий давлатларда барча кириш тест синовлари тўлов асосида ташкил этилади. Таҳлиллар асосида аниқланишича, тест синовларига тайёргарлик кўрмасдан келаётганлар, тест топшириш жараёнида кимнингдир ёрдамини кутаётганлар учрамоқда. Ҳар йили тест синови бошлангандан кейин 30 фоизга яқин абитуриент 0.5 соат ичида тест жараёнидан чиқиб кетмоқда. Шу билан бирга, давлатнинг тест жараёнларини очиқлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлаш учун катта миқдордаги маблағларини сарфлашга тўғри келмоқда.

Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига мувофиқ олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим жорий этилмоқда (тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронлари бундан мустасно). Ушбу йиғимлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Жорий йил битирувчилари учун тест синовлари давлат ҳисобидан ўтказилиши белгиланмоқда.

Жамоатчиликка бу йиғимлар абитуриентларнинг ўзларига қайтишини тушунтира олишимиз керак. Масалан, маблағларнинг қайтиши уларга яхши шарт-шароит яратиш, айнан биноларни тайёрлаш, тартиббузарликларни аниқлайдиган, олдини оладиган техника воситаларини қўллаш, биноларнинг мўътадил ҳароратини таъминлаш, сув, ручка, сифатли тест материалларини тайёрлаш, уларни жойларга етказиш ва олиб келиш, натижаларни тезкор ҳисоблаш ва абитуриентга етказиш, назоратчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш эвазига адолатлилик, шаффофлик, холисликни таъминлаш ва бош қача кўринишларда бўлиши мумкин. Яна бир гап – таълим муассасаларини олдинги ўқув йилларида тугатган абитуриентлар бир маротаба тўлов эвазига 3 йил давомида имконият, имтиёзлардан фойдаланади.

Қарор лойиҳаси айни пайтда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Давлат тест марказининг Сурхондарё вилоят бўлими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ижодий ёндошаман

Мактаб улуғ даргоҳ. Ҳар бир ота-она фарзандларини мактабга топшириб, келажакда Ватаннинг муносиб ворислари бўлиб етишишини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan