Бош саҳифа / Таълим / Тест синовлари адолатли ўтади

Тест синовлари адолатли ўтади

Олий таълим олиш истагидаги минглаб ёшларимиз билимларини чиғириқдан ўтказадиган тест синовлари бошланишига саноқли кунлар қолмоқда.

Шу муносабат билан Термиз шаҳридаги вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида вилоятимизда тест синовларига тайёргарлик ишларининг боришига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов ҳамда алоқадор корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этдилар.

Дастлаб йиғилиш иштирокчилари мазкур таълим муассасасида абитуриентлар учун яратилган қулайликлар, жараённинг очиқлигини таъминловчи видеокузатув камералари ва совутгичларнинг иш ҳолати билан танишди. Барчага маълумки, олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича жорий йил 1 августидан 15 августигача тест синовларини ўтказиш назарда тутилмоқда. Мутлақо янгича асосларда ўтказилиши кутилаётган тест синовлари учун Давлат тест маркази ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан барча ташкилий, тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бу йил вилоятимиздаги олий таълим муассасаларига 56 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширишган. Бу кўрсаткич республика миқёсида ҳам анча баланд. Шу боис, тест синовларини ташкил этиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Имтиҳонлар аввалги йиллардагидек кўплаб биноларда эмас, балки 9 та махсус павильонда,  икки сменада ўтказиш кўзда тутилаяпти. Бир сменада 2070 нафар, бир кунда 4140 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этади. Шулар  ҳисобга олинганда, 13 август куни тест синовлари якунланиши ва имтиҳон ўтказилган кунларнинг эртасидаёқ натижалар эълон қилиб борилиши белгиланмоқда. Йиғилишда сўзга чиққан Давлат тест марказининг вилоятдаги вакили Ё.Каримов бу тўғрида атрофлича маълумот берди.

Йиғилишда тест синовлари ўтказилиши белгиланган бино ва уларнинг ҳудудларини жиҳозлаш, Термиз шаҳрида бир кунда 5 минг кишига хизмат кўрсатувчи ярмаркалар ташкил этиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулай шарт-шароит яратиш, тест жараёнининг ошкора ва шаффофлигини таъминлаш, уни видеокузатувлар орқали онлайн тизимда жамоатчиликка, шу жумладан, абитуриентларнинг ота-оналарига кўрсатиб бориш хусусида мулоҳазалар билдирилди.

Йиғилишда ТерДУ ректори А.Тошқулов тест синовларига тайёргарликни синовдан ўтказиш таклифини ўртага ташлаб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш имконияти юзага келиши ҳақида фикрлар билдирди. Ушбу таклиф вилоят раҳбарияти томонидан ҳам маъқулланди.

Шунингдек, ҳаракат хавфсизлиги, жараённинг назоратини амалга оширувчи масъул шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва бошқа қатор ташкилий масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

***

Термиз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида тест синовларини ўтказишда бевосита иштирок этувчи масъул  аудитория раҳбарлари ва назоратчилар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рўзимурод Чориев, вилоят халқ таълими бошқармаси  ва олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда педагоглар иштирок этишди. Қайд этиш жоизки, бу йил тест синовларида иштирок этувчи педагоглар Термиз шаҳридаги мактаб ўқитувчилари орасидан саралаб олиниб, уларга семинар машғулотлари олиб борилди. Тез кунларда 200 нафардан ортиқ ана шундай масъулларга тест синовларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилади. Аудитория назоратчилари зиммасига ҳар қачонгидан катта масъулият юкланмоқда. Аввалгидек, аудиторияларда шунчаки кузатувчи эмас, назорат этувчи шахс бўлиб иштирок этишлари талаб қилинаётгани алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда сўз олганлар бу йил аудитория назоратчилари ҳам видеокамералар орқали кузатиб борилиши, қоидани бузаётган абитуриентга нисбатан ҳам чора кўрилиши, олий таълим муассасаларига билимли, иқтидорли ва муносиб номзодларни танлаб олишга замин яратишини қайд этишди.

Йиғилиш сўнггида тест синовлари назоратчиларидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида кафолат хатлари олинди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мактабларда ҳарбийлаштирилган синфлар

“Темурбеклар мактаби”да ўқишни истайдиганлар борми? Бунинг учун қандай мезонларга жавоб бера олиш, мактабда ўқиш учун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan