Бош саҳифа / Таълим / Тест имтиҳонларида шаффофлик таъминланади

Тест имтиҳонларида шаффофлик таъминланади

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши кўпчиликнинг кўнглидаги орзу эди. Ниҳоят, давлат раҳбарининг ташаббуси билан бу орзу ушаладиган, жорий йилги тест имтиҳонлари шаффофлиги таъминланадиган бўлди. Тест синовлари билан боғлиқ бўлган ишларни сифатли, ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг жойларда ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Айни пайтда воҳамизда ҳам Давлат тест марказининг вилоят бўлими фаолият юритмоқда. Бўлим ходимлари имтиҳонларнинг адолатли ўтиши учун тайёргарлик кўрмоқда. Хўш, ушбу жараён қандай кечмоқда, бу йилги тест синовларида бизни қандай янгиликлар кутаяпти? Давлат тест марказининг вилоят бўлими бошлиғи Ёқубжон Каримов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

— 2018-2019 йилги ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнига қандай ўзгартиришлар киритилган?

—     Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари 1-15 август кунлари, ҳар куни икки сменада ўтказилади. Тест материаллари китоб типлари асосида тайёрланиб, битта типдаги фанлар мажмуасига мос келувчи таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказиб борилади. Натижаларни тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтидан олиш мумкин. Тест даги яна бир муҳим ўзгариш эса энди битта фан блокидаги саволлар сони 36 та эмас, 30 тадан иборат бўлади. Тест топшириқларини бажариш ҳамда жавоблар варақасини белгилаш учун 30 та тест саволи учун бир соатдан вақт берилади. Шунда 90 та тест топшириғини абитуриент 3 соат давомида бажариб, жавоблар варақасига белгилаб улгуриши керак. Акс ҳолда жавоб варақалари қабул қилинмайди.

— Тест имтиҳонлари вилоятимизнинг айнан қайси ҳудудида бўлиб ўтади ва имтиҳонларга тайёргарлик ишлари қандай кетмоқда?

—     Бу йилги тест имтиҳонлари Термиз шаҳридаги Термиз олимпия захиралари коллежи, “Сурхон” спорт мажмуаси ҳамда ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати биноларида бўлиб ўтади. Мазкур бинолардаги 8 та павильонда 2070 та ўрин ҳозирланган бўлиб, бир кунда икки сменада 4140 нафар абитуриентнинг имтиҳон топширишига шароит яратиб берилади. Имтиҳон вақти биринчи сменада эрталаб соат 8:00 дан, иккинчи сменадагилар учун эса 15:00 дан бошланади.

Энг асосийси, тест синовлари ўтадиган 69 та гуруҳда 6 та айланувчи, 76 та кузатувчи замонавий видеокамералар ўрнатилади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги эса тест синовлари жараёнини онлайн тарзда мунтазам назорат қилиб боради ва видео ёзувларни имтиҳон ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказига топширади. Ота-оналар эса павильонларда ўрнатиладиган мониторлар орқали фарзандининг ҳар бир хатти-ҳаракатини, тест имтиҳонларининг қандай ўтишини онлайн тарзда кузатиб бориш имконига эга бўлади.

Тест синовларининг холис ва очиқ ўтишида уни назорат қилишга масъул ходимлар, хусусан, гуруҳ назоратчиларини оқилона танлаб олиш муҳим саналади. Бу йил гуруҳ назоратчиларини танлашда қандай меъёрларга амал қилинмоқда?

Албатта, гапингизда жон бор. Мазкур жараёнда иштирок этадиган гуруҳ назоратчилари Президент қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги, жорий йил 20 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда 3 апрелдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларини билиши, тест синовида масъул ходимларнинг ўз вазифаларини бажармаслиги бўйича қўлланиладиган чоралар ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб бериши тўғрисида тасаввурга эга бўлиши талаб этилади.

Қолаверса, уларнинг тест синовларини ўтказишнинг янги технологияси, юзага келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатлар ва уларни бартараф этиш бўйича кўникмага эга бўлишлари учун уч босқичли ўқув семинарлари ташкил этилмоқда. Вилоятимизда ҳозирга қадар олий таълим муассасаларидан 235, вилоят халқ таълими бошқармасидан 276 нафар гуруҳ назоратчилари Давлат тест маркази ходимлари томонидан ўқитилди. Ўқув-семинар якунига етгач, улар ўтилган мавзулар юзасидан онлайн тарзда тест имтиҳони топиширади ва 138 нафари саралаб олинади.

— Талаба бўлиш истагида бўлган абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёни ва уларга яратилган шароитлар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

— Ўтган йилда вилоятимиздаги олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиалларига 47 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган бўлса, бу йил уларнинг сони 54 мингдан ортиши кутилмоқда. Уларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун эса қабул комиссияси ўз ишини 15 июндан 15 июлга қадар олиб боради. Бунда абитуриентларнинг аризалари ва ҳужжатлари қабул қилинганлиги тўғрисида тилхат берилиб, уларга тест синовлари қоидалари тушунтирилади. Шундан сўнг, абитуриентдан мазкур қоидалар билан танишганлиги тўғрисида тегишли ҳужжатга имзо қўйдирилади. Шу куннинг ўзидаёқ абитуриент ҳақидаги маълумотлар, электрон шаклдаги фотосурати Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган махсус дастур ор- қали базага киритилади. Имтиҳон куни абитуриент ҳақидаги маълумот ва фотосурат базадагиси билан тўғри келсагина, тест синовларига ортиқча ашёларсиз фақат шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан киритилади. Қоидага кўра, бир нафар абитуриент учун 2 метр квадратдан кам бўлмаган жой ҳозирланяпти. Ҳар бир стол устида биттадан қадоқланган сув ҳамда ёзув ручкаси бўлиши таъминланади. Бундан ташқари, 8 та павильоннинг ҳар бирида тиббиёт хоналари ҳам ташкил этилади. Эслатиб ўтамиз, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20-30 август кунлари, яъни 11 календарь куни давомида апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan