Бош саҳифа / Жамият / Термизнинг эски каналлари

Термизнинг эски каналлари

Термизнинг, жумладан, Ангор, Шеробод, Музработ, Қизириқ туманларининг оқар сувга бўлган эҳтиёжлари ва ҳозирги аҳволи мени баъзан жамоатчилик билан маслаҳатлашишга ундайди. Шу борада, беихтиёр Раҳмонберди бобом ва укалари-менинг отам-Холтож боболарнинг гаплари хаёлимга келади.

Уларнинг айтишларига кўра, Октябрь инқилобидан кейинроқ, кекса мироб боболарнинг ҳеч қандай илмий техника воситаларисиз, кўз билан чамалаб, бел-кетмонлари билан чизган чизиқлари бўйлаб, «Жайронхона» сиҳатгоҳидан юқорироқдаги Оқтепа қишлоғи ҳудудидан пастга, Сурхоннинг ҳар иккала қирғоғи бўйлаб, катта анҳор-ариқлар қазилган.

Ўнг қирғоқдан: Хўжакамол, Сабзипоя, Салавот қишлоғи, аэропорт ва темир йўл станцияси атрофлари, Мангузар, Жўйижангал қишлоқлари, дарё порти атрофлари, Термиз шаҳри ҳудудлари ва жанубдан Амударё бўйлаб ҳайвонот боғи этакларигача;

Чап қирғоқдан: Жайронхона , Янгиариқ, Жўйижангал қишлоқлари оша Амударёгача. Тахминан, иккала қирғоқ бўйлаб 200 километрни ташкил этадиган ариқларга сув чиқарилган.

Бу ариқлар 7 ёшдан 70 ёшгача ва ундан ҳам улуғрок ёшдаги эркаклару, хотин-қизларнинг ёрқин орзулари, метин иродалари, фидокорона меҳнатлари билан оддий деҳқончилик қуроллари ёрдамида ишга туширилган. Барча ҳудудда деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик билан шуғулланишга имкон яратилган. Ушбу ариқлар суви юқорида санаб ўтилган барча ҳудудларни таъминлаб келгани, шунингдек, оқар сувларимизга заррача ифлослик туширмасликка одатланган халқимиз яқин-яқинларгача ундан ичимлик суви сифатида ҳам фойдаланиб келишгани очиқ ҳақиқат.

Кейинги 50-60-йиллар давомида, айниқса, мустакилликка эришилгач, аҳолининг кескин кўпайиши, қишлоқ хўжалиги ерларининг талай қисми уй-жой ва бошқа мақсадларда эгалланиши натижасида, шаҳар аҳолиси ва табиати ер ости ва қувур сувларидан фойдалана бошлашиб, оқар сувга гўё эҳтиёж қолмаётгандек, юқорида қайд қилинган ариқлар сувларига аҳамият сусайди. Бу, ўз навбатида, ичимлик суви таъминотчилари учун турли муаммолар туғдираётгани билан бир қаторда, ҳудуднинг экологик соғломлашувига хам салбий таъсир кўрсатаётгани исбот талаб қилмайдиган ҳолат.

Вилоятимизнинг олдинги ва ҳозирги ҳокимлари Эркин Турдимов ва Тўра Боболовларнинг оқар сув таъминотини мукаммаллаштиришга бўлган ҳаракатларида термизликларнинг аҳволига алоҳида эътибор каратилган. Бу янги қурилаётган йўллар ва даҳаларда, шунингдек, шаҳарга келадиган оқар сув иншоотлари қурилишида ва таъмирланишида намоён бўлмокда. Термиз шаҳрининг барча катта-кичик, шоҳ кўчалари бўйлаб, бозорлари-ю, сайилгоҳлари оралаб, Сурхоннинг маъданларга бой сувларини оқизиш мўлжалланаётгани айни муддао ва таҳсинга лойиқ.

Ана шу жараёнда, деҳқон фарзанди эканимданми ёки китобларда ўқиганимдек, 1940 йилларда Катта Фарғона канали қурилишида ўзбек ҳалқининг афсонавий яратувчилик маҳоратидан таъсирланганимданми, хуллас, менинг назаримда Юртбошимиз Шавкат Миромоновичнинг даъватлари, айнан, Фарғона канали бунёдкорлигини Сурхондарёда такрорлашга зарурат борлигини уқтираётгандек туюлмоқда.

Шу ўринда ваколатли расмий ва илмий идораларда қандай режалар мавжудлигидан бехабар ҳолда мен ўзимнинг деҳқонча таклифларимни матбуот орқали жамоатчилик муҳокамасига тақдим этишни лозим топдим.

Аммо бу, бир қарашда кўпчиликнинг назарида баландпарвоз афсонасимон, орзудан нари ўтмайдиган ишларга ўхшаши мумкин. Аммо, иккинчи томондан, бу эртами-кечми, барибир тараққиётимиз олдида, келажак авлод олдида муҳим, долзарб вазифа сифатида намоён бўлиши муқаррар. Шу боисдан, бу ишларга баҳоли-қудрат киришилса, келажак авлод учун бебаҳо мерос бўлади.

Бу қуйидагилардан иборат:

1. Юқорида қайд этилган, ҳозиргача Термизнинг барча ерларига сув бериб келаётган Сурхоннинг хар иккала қирғоқ анҳор-ариқларини такомиллаштириш ва ҳар иккала қирғоққа дарё сувини бир тўғон ёрдамида чиқаришни, ҳозирги илмий техника имкониятларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштириш.

2. Ушбу лойиҳада, лозим топилса, Сурхон сувларини йилнинг барча фаслларида янги сув омборида сақлаш ва Термиз-Жарқўрғон туманлари оралиғидаги Каттақум массивини асрий ғуруридан мосуво қилиш.

3. Шаҳарлар ва уй-жой қурилишлари туфайли камайиб бораётган экин майдонлари ўрнини тўлдириш, ўзга юртларда меҳнат миграциясида юрган ишчи кучларимизни воҳада ташкил топаётган қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги корхоналарига ишга қайтариш.

4. Катта электр энергияси ҳисобига ишлайдиган сув насосларидан воз кечиб, тежаладиган электр энергиясини бутун йил давомида, янги ерларда барпо этиладиган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган иссиқхоналарга ва бошқа эҳтиёжманд истеъмолчиларга узатиш.

5. Чўл-саҳроларга сув чиқаришнинг қадимий усулларидан фойдаланган ҳолда, Амударё сувларини ўз оқими билан Хотинработ чўлларига чиқариш имконларини ўрганиш, бунда Амударёнинг республикамиз ҳудудига Термиздан, тахминан 40-50 метр баланддан эниб (оқиб) келаётганини назарда тутиш.

6. Мавжуд амалиёт ва янги техник имкониятлар билан мукаммаллашган, катта ва кичик диаметрли чархпалаклардан, ваакум насослардан фойдаланишни гидротехник ва физик олимларимизнинг тавсиялари асосида ишлаб чиқариш ва оммавийлаштириш, бунинг эвазига, электр энергиясининг кичик, аммо, кўп сонли истеъмолчиларининг кескин камайишига эришиш.

7. 1963-64-йилларда Тожикистон тоғларидаги Сарез муз-кўли эриётгани ва ундан тоғни емириб чиқадиган катта сув тошқини Термиз ва шу йўналишдаги катта ҳудудни сув босиши хавфи борлиги ҳақида хабар тарқалган эди. Бунинг муқаррарлиги, тўғри ёки нотўғри экани менга номаълум. Аммо, шундай сув заҳираси мавжуд бўлса, ундан илмий асосларда фойдаланиб, Амударё сувларини Орол денгизига кўпайтириб етказиш ва уни йўқолишдан сақлаб қолиш;

Уюшқоқ, ҳамдард ва ҳамкор халқнинг орзу-умидларини Оллоҳ ҳам хуш кўриб, мустажоб қилади. Аммо, ҳаракатга баракат деганларидек, мамлакатимиз ва вилоятимиз раҳбарлари чақириқларига жавобан беминнат имконлардан фойдаланишга киришсак, зеро бу, фидокорлик талаб қилса-да, меҳнатнинг таги роҳатдир.

Ж. ТУРДИЕВ,

меҳнат фахрийси, ҳуқуқшунос

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Вилоят ҳокими аҳоли билан юзма-юз учрашмоқда

Вилоят ҳокими Тўра Боболов Қумқўрғон туманида бўлиб, тумандаги «Наврўз», «Сурхон соҳили», «Янги шаҳар» маҳаллалари аҳолиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan