Термизлик ғаллакорлар зафари

0
73

Азалдан туман деҳқонлари пахтачилик, пиллачилик, чорвачилик соҳасида сезиларли ютуққа эришган ва туман деҳқонларининг тажрибаси вилоят хўжаликларида кенг оммалаштирилган.

Аёнки, бошоқли экинларнинг иссиқ шароитда серҳосил ўсиши бироз мушкул. Лекин туман деҳқонлари иссиқ иқлимда буғдойдан мўл ҳосил етиштириш бўйича тажриба мактаби яратишган. Экиннинг талабидан келиб чиқиб вақтида суғоришади, вақтида озиқлантиришади ва энг муҳими, уруғни эртачи экиб, бошоқлардаги доннинг тўкилиб кетишига йўл қўйишмайди. Шу боис, ғаллазорлардан ҳар йили юқори ҳосил йиғиштириб олишаяпти.

Термизлик миришкорлар ўтган йилнинг кузида 3100 гектар майдонга яхши ният билан уруғ қадашганди. Ноябрь ойидаёқ барча майдонларда буғдой тўлиқ ундириб олинди ва парвариши юксак агротехника талаблари асосида ташкил қилинди. Деҳқонларнинг ютуғи шундаки, улар бор сувдан унумли фойдаланишди, ёмғир, қор ёғади, деб осмонга кўз тикишмади. Ўсимлик парвариши жараёнида суспензияга катта эътибор берилди, ғалла ўз вақтида озиқлантирилди ва сувланди. Деҳқонларнинг омилкорлик билан қилган меҳнатлари бесамар кетмади. Ўрим бошланиб, ғалвир сувдан кўтарилганда ҳар гектар майдондан ўртача 30 центнердан ҳосил йиғиб олингани ойдинлашди. Бугунгача давлат омборларига қарийб 9 минг тонна сара дон топширган миришкорлар ғалла топшириш режасини воҳада биринчи бўлиб адо этишди.

Ғаллачилик билан шуғулланган 122 та  фермер хўжалигининг 97 таси давлатга дон сотиш мажбуриятини ҳам адо этди. Қолган фермерлар ҳам ўз имкониятларини чамалаб, давлат режасини бажариш чорасини кўришмоқда.

Тадбиркор ғаллакорлар бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, турфа такрорий экинлар экишга ҳозирлик кўришаяпти. 2900 гектар майдонда ҳар хил сабзавотлар етиштириш учун етарлича уруғликлар захира қилинган.

ЎЗ МУХБИРИМИЗ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг