Бош саҳифа / Жамият / Термизда замонавий лаборатория маркази очилди

Термизда замонавий лаборатория маркази очилди

Вилоятимизда Туркиянинг “Kani-med” компанияси томонидан замонавий лаборатория маркази ишга туширилди. Компаниянинг Термиз шаҳрида марказий офиси ташкил этилиб, унда дунёнинг етакчи мамлакат-ларида ишлаб чиқарилган юқори технологияли замонавий лаборатория жиҳозлари ўрнатилди.

Эндиликда ушбу муассасада лаборатория диагностика хизматлари йўлга қўйилади. Куни кеча мазкур тиббий муассасанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Т.Боболов, Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ҳамда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланаётгани ҳамда лаборатория диагностика маркази имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Жорий йил бошида бошланган ушбу муҳим лойиҳа доирасида қурилиш, жиҳозлаш ва фаолиятни электрон ташкил этиш ишларига 2 миллион АҚШ долларига яқин инвестиция киритилди. Натижада, 30 нафар янги иш ўрни яратилиб, 300 турга яқин лаборатория таҳлилларини бажариш имкониятига эга марказ бунёд этилди. Эндиликда, мураккаб лаборатория таҳлилларини бажариш учун Тошкентга боришнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, таҳлил жавоблари ҳам ўша куннинг ўзида фуқаронинг электрон манзили ёки мобил телефонига юборилади.

Марказга 6000 ҳажмга эга бўлган “Roche cobas” русумли автомат биохимик иммуноанализатор ҳам келтирилган бўлиб, қон зардобидаги барча параметрларни аниқлай олади. Энди Сурхондарёда ҳам замонавий автомат анализатор ёрдамида кўпчиликни қийнаб келаётган аллергик омилларни, шунингдек, ўсма касалликларини эрта аниқлаш ва қон таркибида микробларни тез ва сифатли аниқлаш имкони пайдо бўлади.

Қолаверса, ушбу лаборатория диагностика маркази пешоб таҳлиллари ва бактериологик, микробиологик текширувлар ўтказиш учун ҳам замонавий тиббий аппаратуралар билан жиҳозланган. Эътиборли томони, ушбу тиббиёт масканида Туркиядан келган малакали тиббиёт ходимлари маҳаллий мутахассисларни тайёрлашда яқиндан ёрдам беришади ва фаолият кўрсатишади.

Ф.УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳаммаси тиббий маданиятга боғлиқ

ОИВ инфекцияси бугунги кунда жаҳон мамлакатлари олдида турган долзарб муаммоларнинг бирига айланган. Республикамизда ҳам ОИВ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan