Бош саҳифа / Жамият / Термизда Марказий Осиё ёшларининг халқаро “Дўстлик” форуми бўлиб ўтди

Термизда Марказий Осиё ёшларининг халқаро “Дўстлик” форуми бўлиб ўтди

Воҳамиз маркази яна бир йирик маданий-маърифий тадбирга мезбонлик қилди. 9-13 октябрь кунлари бўлиб ўтаётган тадбирда Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон Республикаларидан фаол ёшлар иштирок этишди.

Дастлаб форум иштирокчиларини Термиз хал- қаро аэропортида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Форум доирасида “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳидаги 6 та мулоқот майдонида “Архитектура, урбанистика ва дизайн”, “Ёш дипломатлар”, “Янгича ёндашув, “Жаҳон — ёшлар нигоҳида”, “Ёш экологлар” мавзуларида фикрлар алмашишди. Тадбирнинг иккинчи куни Марказий Осиё ёшларининг халқаро “Дўстлик” форуми ўз ишини расман бошлади. Шаҳардаги “Ёшлар маркази”да минтақанинг турли ҳудудларидан келган 22 нафар ёш, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи республика ва вилоят Кенгашлари аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Тўра Боболов сўз олиб, Марказий Осиё ёшларини дўстлик тадбири билан табриклади. Тадбирда ўз маърузаси билан иштирок этган афғонистонлик Саид Асадуллоҳ Башош, қозоғистонлик Маржан Бахйт қизи, қирғизистонлик Асилбек Мадалиевлар бу каби тадбирлар минтақа ёшларининг ўзаро дўстлик ришталарини боғлашига замин бўлишини таъкидлашди. Қардош ва қўшни халқлар урф-одатлари, қадриятлари, санъатини ўзида жамлаган тадбирнинг бадиий қисми ҳам бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказида форум доирасида учрашув ўтказилди. Меҳмонлар бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишишди.

— Бизнинг тилимиз ўхшаш, динимиз бир, қадрият ва урф-одатларимиз бир-бирига ҳамоҳанг. Қардош юрт вакилларининг бизнинг муассасамизга ташрифи барчамизни хурсанд қилди, — дейди Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси Раъно Шерзод.

Ҳафталик доирасида қатнашчилар Сурхондарёнинг диққатга сазовор жойлари жумладан, Термиз археология музейи, Термиз туманидаги қатор тарихий ёдгорликлар билан танишишди.

Воҳадаги йирик саноат корхоналарига ташриф буюришди. Форум доирасида ташкил этилган “Бахшилар оқшоми” “Миллий рақслар кўргазмаси”, “Мақом кечаси”, “Миллий либослар кўргазмаси” каби маданий кечалар ҳам воҳамиз меҳмонларига ўзгача шукуҳ бағишлади.

Форум доирасида Термиз давлат университетида илмий-амалий конференция ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий университети талабаси, “Ёш олимлар” кенгаши аъзоси Нодирбек Хуррамовнинг “Жанубий Орол бўйида инқирозга учраган экосистемаларнинг ҳозирги ҳолати ва уни яхшилаш йўллари” мавзусидаги тақдимоти конференция иштирокчиларини бирдек қизиқтириб қўйди.

— Орол муаммоси Ўрта Осиё халқларига бирдек тегишли деб ҳисоблайман, дейди Нодирбек Хуррамов. — Маълумотларга қараганда, Тинч океанининг бир литр сувида 18-24 грамм туз бўлса, Орол денгизида эса бу кўрсаткич 150-300 грамни ташкил этади.

Бу ачинарли ҳол, албатта. Орол майдони дунёда ёпиқ берк кўллар бўйича 4-ўринда туради. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Миллий университети, Москва давлат университети, УФА университети, ва Тошкент давлат аграр университети томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Лойиҳа орқали Оролбўйи аҳолисининг яшаш тарзи ва саломатлиги яхшиланади. Фикримча, Ўрта Осиё ёшларининг барчаси Орол муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашса, вазиятни бирмунча яхшилаш мумкин.

Лойиҳага кўра, ушбу муаммо юзасидан кўнгилли ёшлар гуруҳи ташкил этилади ва қардош халқлар бир мақсад — Оролни қутқариш учун ҳаракат қилади.

Сурхонча тандир кабоб — воҳамизнинг энг тансиқ таомларидан биридир. Шунинг учун унинг қандай тайёрланиш сири эса бошқа халқ вакилларининг ҳам қизиқишига сабаб бўлиб келмоқда. “Дўстлик” форуми доирасида қўшни юрт ёшлари ана шу таомнинг тайёрланиш жараёнига гувоҳ бўлишди.

— Бизнинг Қозоғистонда ҳам мазали таомлар тайёрланади, аммо сурхонча тандир кабобнинг мазаси тамоман бошқача экан, — дейди қозоғистонлик Маржан Бахйт. — Энг муҳими, бу таомнинг тайёрланиш сирини билиб олдик.

Умуман, мазкур форум тўрт қўшни юрт, тўрт миллат ёшларини бир давра, бир дастурхон ва барча учун бир бўлган муаммоларнинг ечими атрофида бирлаштирди. Форумда иштирокчилар қардош давлатларда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашишди. Уларнинг дўстлиги эса қўшни давлатларнинг ўзаро дўстлигини келажакда ҳам янада мустаҳкамланишига том маънода замин ҳозирлади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan