Бош саҳифа / Маданият / Термизда халқаро туризм куни кенг нишонланди

Термизда халқаро туризм куни кенг нишонланди

Байрам шодиёналари эрта тонгдан вилоят туманлари ва воҳа марказидаги веломарафон билан бошланди. Жумладан, Термиз шаҳрида веломарафон иштирокчилари Султон Саодат мажмуасидан Қирққиз обидасигача бўлган масофани босиб ўтиб, юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилди.

Шўрчи туманидаги 9-мактаб директори Улуғбек Исаев бошчилигида 8 нафар ўқувчи велосипедда йўлга чиқиб, саккиз соатда Термиз туманидаги Ҳаким Термизий зиёратгоҳига етиб келди.

-Ўқувчилар билан тунда йўлга чиққан эдик,-дейди У. Исаев.-Велосипедда юз километрдан ортиқ йўл босишнинг ўзи бўлмас экан. Тўғриси, биз манзилга тўрт соатда етиб олишни мўлжаллаган эдик. Жисмонан чаққон, соғлом, руҳан, тетик бўлсангиз велосипедда узоқ йўл боссангиз ҳам чарчоқ сезилмайди. Энг муҳими биз бугун велосипедда зиёратга боришнинг ўзгача завқини чуқур ҳис этдик. Бутунжаҳон туризм кунида буюк аждодимиз Ҳаким Термизий мангу қўним топган сокин гўшани зиёрат қилганимиздан хурсандмиз.

Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан Термиз шаҳридаги Қирққиз қалъаси, Бойсун тумани Омонхона зиёратгоҳи, Сариосиё тумани Цангардак туризм объектларида «Мусаффо туризм» кўнгиллилар акцияси ўтказилиб, йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шунингдек,мазкур акция иштирокчилари бу тадбирни ҳар ойнинг биринчи шанбасида доимий ўтказиб туришга келишиб олди.

   Тадбир доирасида Термиз археология музейи ва Термиз давлат музей-қўриқхонасида маданий тадбир ҳамда «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг Термиз шаҳридаги музейларга саёҳати уюштирилди.

-Термиз шаҳридаги «Болажон» боғи ва Муз сарой оралиғидаги майдон ҳам қизиқарли тадбирларга бой бўлди, – дейди Сурхондарё вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зебинисо Алимардонова. – Ҳунармандлар ва музейлар кўргазмалари ҳам иштирокчиларда яхши таассуротлар қолдирди. Байрам баҳонасида воҳамизнинг туристик салоҳиятини ҳам кенг тарғиб қилдик.Туризм саводхонлиги бўйича «Тв викторина» ўтказилди. Миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди.

Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда. Бугун кечки пайт бўлиб ўтадиган катта шоу-концертда соҳа вакиллари иштирокида туризм соҳаси фидойиларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилади. Иштирокчиларга туризм логотипи туширилган нишон ва байроқлар улашилади. Қизиқарли концерт дастури намойиш этилади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Do‘mbira sadosini eshitib ulg‘aydim

Do‘mbira sadosini eshitib ulg‘aydim. Terma tinglab, do‘mbiraning nag‘masidan qonib o‘sgan bola baxshi bo‘lmay qolarmidi? 7 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan