Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Термизда бизнес–форум ўтказилмоқда

Термизда бизнес–форум ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни  таъминлаш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташқи ва ички туризмни янада ривожлантириш  дастури  ва  чора-тадбирлар  режаси доирасида воҳамизда ҳам  эътиборли  ишлар  қилинмоқда.

Жорий  йилнинг 2-3 июнь  кунлари бўлиб ўтадиган  Сурхондарё вилоятининг инвестицион, экспорт ва туризм салоҳиятини кенг ёритишга бағишланган “Open South  International  Business Forum” халқаро бизнес-форумига айнан бизнинг вилоятимиз мезбонлик қилаётганининг боиси ҳам айнан ҳудуднинг кўплаб иқтисодий имкониятларга эгалигидандир.  Вилоят  ҳокимлиги, вилоят  инвестициялар бўйича бош  бошқармаси, савдо  саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят иқтисодиёт ва  ҳудудларни  комплекс  ривожлантириш  бошқармаси ва бир қатор корхона, ташкилотлар  ҳамкорлигида  ўтказиладиган  икки  кунлик тадбирда Словакия, Чехия, Украина, Россия, Белоруссия, Бангладеш, Япония, Туркия, Австрия, Буюк Британия, Индонезия, Ҳиндистон, Қувайт, Афғонистон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан ташриф буюрадиган 120 га яқин тадбиркорлар иштирок этади.

Унда иштирокчилар Термиз тумани ва Термиз шаҳридаги 50 дан ортиқ турли соҳаларга ихтисослашган маҳаллий фирмалар фаолияти билан яқиндан танишади. Форум доирасида чет эллик инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида аниқ лойиҳа таклифлари бўйича музокаралар ўтказилади, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва маҳсулотларни экспорт қилиш борасида шартномалар  имзоланади. Воҳада ишлаб чиқарилаётган саноат корхоналари  маҳсулотлари   ҳамда  миллий ҳунармандчилик  буюмлари   кўргазмалари ташкил этилади. Бизнес-форум  иштирокчилари  учун  муҳташам санъат  саройида  концерт  дастури ҳам намойиш  этилади.

Вилоятимиз  инвестицион  лойиҳаларни  амалга  ошириш, экспорт кўламини кенгайтириш,  туризм соҳасини  янада  ривожлантириш  учун  ўзига хос  потенциалга  эга. “Open  South  International  Business Forum” халқаро бизнес-форумининг ташкил  этилиши  вилоятнинг айни  жиҳатларини   яна  бир   бор  намойиш  этади.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan