Бош саҳифа / Жамият / Термиз туманидаги Отчопар майдонида ўтказилган вилоят Наврўз байрамидан репортаж

Термиз туманидаги Отчопар майдонида ўтказилган вилоят Наврўз байрамидан репортаж

Ҳар баҳорнинг ўзгача жозибаси бўлади. Бу йил воҳамизга баҳор жуда эрта келди. Январь охиридаёқ бодомлар гулга кирди. Қир-адирларда бойчечаклар ҳаққа сано айтиб, бўй кўрсатди. Ариқ ва анҳорлар бўйида ялпизлар ниш уриб, мўъжизали кунлар — Наврўз яқинлигидан алиёр айта бошлади.

Чорвадор ва деҳқонларимиз, ишбилармон ва тадбиркорларимиз ҳар дақиқани ғанимат билиб, ғаллазорларни ўғитлаш, суғориш ишларини бошлаб юборишди. Сурхон воҳасидаги фермерлар ёппасига эртачи чигит экишга киришди. Боғ-роғларга ишлов бериш, токзорларни очиш, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўт.азиш, ариқ ва зовурларни тозалаш, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, қишлоқ ва маҳаллаларни замонавий кўринишга олиб келиш, намунали уйлар, кўп қаватли турар жойлар бунёд этишда меҳнаткаш Сурхон аҳли ибратли ишларни амалга ошириб улгурди. Бошқача айтганда, сурхондарёликлар Наврўз байрамига жуда катта меҳнат совғалари билан ташриф буюришди.

Кўкламни, баҳорни, Наврўзни соғинган юртдошларимиз асосий томошалар соат 9 да бошланишига қарамай, эрта тонгданоқ Отчопар майдонига шоду хуррамлик билан кириб кела бошлашди. Мактаб ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари тугул, нуроний отахону онахонлар узоқ-узоқдан осмонга парвоз қилаётган варраклар, маҳобатли ҳаво шарларини кўриб, карнай-сурнай садоларини эшитиб, юраклари энтикиб-энтикиб кетгани тайин. Етказганига шукрона айтиб, Наврўз сайлига ошиқаётган жигаргўшаларимни кўриб, масрурликдан муштдаккина юрак кўксимга сиғмаётганлигини ҳис қилдим.

Ялпиз ҳидлаб дуолар қилган,
Бодом гули бобом кафтида
Қиш аёзи бағрини тилган,
Музлар эрир соғинч кафтида,
Наврўз, сени соғиниб келдик,
Яратганга сиғиниб келдик.

Набираларини етаклаган, бўйнига қўндириб олган боболар ва оталар, солланиб келаётган келинчаклар, ёвқур йигитлару мунис оналарнинг юз-кўзларида, баҳор, Наврўз соғинчи, шукронаси шундоқ кўриниб турарди.

Биз байрам сайлини отчопардаги энг баланд тепаликка олиб борадиган жойдан бошладик. Йўлнинг икки томонида дўппи ва атлас кўйлак кийган қизлар, зар чопонли йигитлар тизилишиб турибди. Улар қўшни давлатлар ва вилоятлардан келган меҳмонларни кутиб олишга сайланишмоқда. Йўлнинг ўнг томонидаги арчалар тагида барча туман, шаҳар “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказларининг бир-биридан чиройли кўргазмалари ташкил этилган. Бош трибунага етгач, янада ўнг томонга зинадан юқорилаймиз. У ерда замонавий тарзда қурилган айвонда тожик, рус, туркман миллий маданият марказлари вакиллари халқ амалий санъати намуналари кўргазмасини ташкил этган. Айвоннинг бир томонида эса Термиз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи жамоаси юзга яқин таомларни шундай чиройли тайёрлашганки, кўрган кишининг ҳаваси келади. Сал пастроқда эса вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари баҳслашишгандек бир-биридан нафис, бир-биридан кўркам ва бежирим харидорбоп буюмларни тизиб қўйишган.

Бу ерда уюшманинг Денов бўлими кўргазмаси билан танишар эканмиз, 40 турдан ортиқ маҳсулотлар борлигига гувоҳ бўлдик.

— Биз асосан қўлда тайёрланадиган уй-рўзғор буюмлари, миллий либосларни намойиш этаяпмиз, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Денов туман бўлими раиси Қурбон Ниёзов. — Уюшмамизда 200 нафар ҳунарманд фаолият олиб боради.

Улар орасида ўймакорлик, ганчкорлик, кандакорлик, зардўзлик, каштачилик билан шуғулланадиганлари ҳам бор. Қувонарлиси, туманимизда халқимизнинг қадимий миллий ҳунармандчилигига қизиқиш катта. Айни пайтда 350 нафар ёш йигит-қиз тажрибали устозларга шогирд тушиб, иш ўрганаётгани ҳам бу фикримга яққол исбот бўла олади.

Наврўз кўргазмасига яхши ният билан ўз маҳсулотларини олиб келган юртдошларимиз орасида ёши улуғ кишилар кўпчиликни ташкил этиши кўнглимизга таскин берди. Чунки чевар онахонлар, қўли гул отахонлар ўз фарзандларига, набираларига, маҳалладошларига халқ амалий санъатининг ноёб сирларини ўргатишади. Эътиборимизни 70 ёшли онахон тортди.

— Мен Қизириқ туманидан келганман. Келиним, қизим билан 20 турдан ортиқ эркаклар ва аёллар миллий либосларини тикамиз. Даромадимиз ҳам яхши бўлаяпти. Сифатли маҳсулотга ҳамиша харидор топилар экан, — дейди Ойшахон Абдураҳмонова.

Термиз тумани “Жўйижангал” маҳалласидан уста тадбиркор Мухтор Холмўминов дўмбира, сандиқча, ҳар хил нақшдаги коса ва лаганлари билан иштирок этаётган экан. Муҳими, ўғиллари Жасурбек ва Нурбеклар билан биргаликда тайёрланган буюмлар музейлардаги экспонатлардан қолишмайди.

Сайилгоҳда вилоятдаги барча туманлар билан бир қаторда етакчи ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ҳам ўз қўрғонларини намунали тарзда барпо этишган. “Жарқўрғоннефть” АЖ қўрғонига кирган томошабин бир лаҳза кўргазмалардан кўзини ололмай қолади.

— Ходимларимиз кечаси билан сумалак қайнатишди, ош дамлашди. Ўтов ичида баҳорий миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилган бўлса, ташқарида нефть қудуғи ва нефть қазиб олувчи минора ҳамда балиқчилик ҳовузи макети ўрнатилган, — дейди акциядорлик жамияти хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Ибрагимова.

Вилоятимизда фаолият юритаётган олийгоҳлар филиаллари қўрғони ҳақиқий музейни эслатади. Айниқса, афғон фуқароларини ўқитиш маркази жамоаси томонидан ташкил этилган қўрғон барчанинг эътиборини тортди. У ерда афғон, форс-тожик, ўзбек халқининг миллий қадриятларини акс эттирувчи ноёб экспонатларни кўрасиз. ТерДУ қўрғонини айланган киши эса воҳа тарихини уқиб, ўқиб чиққандай бўлади. Биргина университетнинг табиий фанлар факультети томонидан кўргазмага қўйилган экспонатлар ҳар қандай кишини ўзига ром этади.

Воҳадаги туманлар томонидан ташкил этилган қўрғонлар ўзининг ранг-баранглиги, миллий руҳи, шарқона кўриниши, ўтовлардаги безаклари, асори-атиқалари билан ўзаро баҳслашаётгандай. Қизириқ қўрғонида онахонлар лапар айтишаётган бўлса, Бойсун қўрғонида бахшилар беллашуви авжида. Бу ерда тайёрланган Наврўз таомлари — сумалак, ҳалим, чучварадан тортиб, кўк сомсагача моҳир онахон ва отахонларнинг маҳоратидан дарак беради. Жарқўрғон, Денов, Шўрчи қўрғонларига ташриф буюрган қўшни давлат вакиллари ҳам бу ердаги ҳамма нарса бетакрорлигини эътироф этишди. Музработ тумани қўрғонида ҳеч бир жойда учрамайдиган дизайн ва безакни кўриш мумкин эди. Қўрғон ичидаги йўлакчалар, рамзий кўприклар, ариқчалар жиякларига яшил майса ўрнига ҳақиқий нишлаган буғдой қўйилган.

Соат 10дан ошганда шундай катта ҳудуддаги отчопарда Наврўз сайлига келган юртдошларимиз сиғмай қолгандай туюлди назаримда. Бир томонда болалар бир-биридан нафис ва чиройли варраклар учириш билан банд. Бир томонда эса дорбозлар бор маҳоратини ишга солиб, томошабинларни ўзига чорлашмоқда. Бир томонда эса санъаткорлар баҳорни, тинчликни, дўстликни мадҳ этувчи қўшиқлар куйлашмоқда. Томошабинлар Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов, юртимизнинг севимли ҳофизлари Илҳом Фармонов, Сардор Мамадалиев, Алишер Файз, Севара ҳамда Бойсун, Термиз, Сариосиё, Шўрчи, Денов, Жарқўрғон туманлари халқ дасталари жамоалари томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақсларга жўр бўлишди.

Кураш эса кечгача давом этди. Қадимдан курашсевар халқимиз Алпомишлар баҳсини жойларидан жилмасдан томоша қилишди. Ниҳоят, навбат бош совринга келди. Қашқадарёлик Шерали полвон Жўраев Самижон Убайдуллаев билан гиламга чиқди. Кескин беллашувлардан сўнг воҳадошимиз Самижон Убайдуллаев ўзининг маҳоратини намойиш этди. Шундай қилиб бош соврин “Нексия-3” автомобили калитини вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов Самижон Убайдуллаевга тантанали суратда топширди. 35 миллион сўмлик ҳўкиз эса Шерали Жўраевга насиб этди. Бойсунлик Шуҳрат Тўрабоев ҳақли равишда нортуяни қўлга киритди. Байрамда ташкил этилган кураш яна бир карра барча полвонларнинг куч ва маҳоратини, эпчиллик ва матонатини минглаб курашсевар инсонлар ҳузурида синовдан ўтказди.

Шуни мамнуният билан айтмоқчимизки, ташкил этилган қўрғонлар, фольклор жамоаларнинг чиқишлари, миллий халқ ўйинлари, баҳорнинг тансиқ таомлари, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари анъанавий тарзда ҳакамлар томонидан баҳоланди. Танловда Шеробод ва Жарқўрғон туманига биринчи, Термиз ва Шўрчи туманига иккинчи, Ангор ва Музработ туманига учинчи ўрин насиб этди. Қўрғонлар танловида ғолиб бўлганлар 100, 70, 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланадиган бўлишди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов байрам сайлини уюшқоқлик билан ўтказишгани учун барча туман, шаҳар ҳокимликлари, йирик корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарларига ташаккур билдирди.

— Бу галги вилоят Наврўз байрами тадбирлари ҳар доимгидан ҳам чиройли ва файзли бўлди, — дейди “Нуроний” жамғармаси Музработ туман бўлими раҳбари Парда Худоёров. — Айниқса, кураш жуда қизиқарли ўтди. Қўшни давлатлар ва вилоятлардан келган полвонлар маҳоратига яраша тақдирландилар. Яна бир ўзгача жиҳати, минг-минглаб Наврўз иштирокчилари учун ўнлаб жойларда яхна ичимликлар, умумий овқатланиш нуқталари, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари ярмаркалари ишлаб турди. Бу эса сайлга келган юртдошларимиз учун жуда катта қулайликлар туғдирди. Айниқса, бу томони Учқизил қўрғони бурилишидан, бу томони Фаёзтепадан байрамга келиб-кетувчилар учун ўнлаб автобуслар қўйилганлиги ҳамма учун маъқул бўлди.

Қўлларида шар, гуллар кўтариб олган болакайлар ота-оналари, бобо ва момолари ҳамроҳлигида кечгача турфа мусобақалар ва томошаларни кўриб, роса мириқишди. Наврўз сайли расман поёнига етган бўлсада, унинг шукуҳи дилларда, элларда ой охиригача давом этади. Нуроний отахон ва онахонларимиз бу сайлни рисоладагидек уюштирганлари учун вилоят, туман раҳбарияти, ташкилотчилар, ҳомий ва фаоллардан миннатдор эканликларини изҳор этишди. Биз ҳам уларнинг дил сўзлари шундай улуғ ва муборак кунларда ижобат бўлишини, юртимиз тинч, хал қимиз фаровон, муҳтарам Юртбошимиз бошлаган улкан ислоҳотлар, баракатли поёнига етишини Яратгандан тилаб қоларканмиз, эзгу ниятларимиз беихтиёр мисраларга кўчди:

Ниятингиз бўлсин ижобат,
Юрт қозони қайнасин доим,
Ватан Каъба — қилгум ибодат,
Тўрт кўз тугал бўлсин, Оллоҳим!
Наврўз сени соғиниб келдик,
Яратганга сиғиниб келдик.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan