Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Теримчилар меҳнатга яраша рағбатлантирилади

Теримчилар меҳнатга яраша рағбатлантирилади

Пахта элимизнинг асосий бойликларидан бири. Иқтисодиётимизни белгиловчи, асосан қишлоқ аҳлини кўпроқ иш билан банд этувчи соҳалардан ҳисобланган пахтачиликда деҳқонларимиз шу кунгача самарали меҳнат қилишди ва пахтазорларда белгиланган режани қоплайдиган даражадаги ҳосил тўпланди.

Айни пайтда қишлоқ хўжалиги тармоғига алоқадор барча ташкилотлар раҳбарларию мутахассисларини, хом ашё етиштирувчи фермер хўжаликлари бошлиқларини далаларда бунёд этилган ҳосилни тез ва қисқа муддатларда нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш ташвишлантираяпти.

Аёнки, йиғим-терим асосий мавсумлардан бири бўлиб, шу даврда аҳоли тиғиз меҳнат билан банд бўлади. Теримда иштирок этадиган ҳар бир киши меҳнатига яраша рағбат кўрсагина кўнгилланиб ишлайди, эртага бугунгидан, бугун кечагидан кўпроқ пахта теришга ҳаракат қилади. Президентимизнинг шу йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, етиштирилган пахта хом ашёсини йиғиб-териб олишни уюшқоқлик билан ташкил этиш, йиғим-теримда иштирок этадиган теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш ҳамда пахта етиштирувчи хўжаликларнинг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўтган йилги мавсумларда теримчиларга бир хил нархда ҳақ тўлаш одамларнинг қўлини бироз ишдан совутганди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бу мавсум қўлда терилган бир килограмм пахта учун биринчи босқичда контрактация шартномаси мажбурияти 60 фоизга етгунича 650 сўм, иккинчи босқичда 61 фоиздан 80 фоизгача 850 сўм, учинчи босқичда 80 фоиздан ортгач, минг сўм миқдорида тўланади.

Бундан ташқари, қарорда назарда тутилганидек, республикамизнинг бир қатор туманлари сингари Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида теримчиларни кўпроқ жалб этиш ва уларнинг манфаатдорлигини ошириш учун теримчиларга Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қўшимча 150 сўм устама ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари учун 150 сўм, жами 300 сўм миқдорида нақд пулда кунлик устама тўланади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўтган мавсумларда теримчиларга бир килограмм терилган пахта учун, айтайлик, белгиланган 450 сўм ўрнига 400 сўмдан берилган, 50 сўми ҳар хил солиқлар тўлови учун ушланган бўлса, қарорга асосан қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинган жисмоний шахслар томонидан ушбу ишларни бажарганлик учун олинадиган даромадларига фуқароларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисобланмайди.

Маълумки, охирги уч-тўрт йил мобайнида қишлоқ хўжалик ишларида, жумладан, пахта йиғим-теримида отрядлар тузилиб, отр- яд раҳбарлари мавсум масъулиятини зиммасига олиб меҳнат қилишаяпти. Айрим ҳолларда отряд раҳбарлари ойлаб иш ҳақисиз қолган ҳолатлар ҳам бўлган. Бу мавсум терим отряди раҳбарларига истисно тариқасида фуқаролик ҳуқуқий шартномалари асосида республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат ҳақи тўланади. Шунингдек, отряд раҳбарлари терилган пахта хом ашёси миқдоридан келиб чиққан ҳолда меҳнат ҳақини ошириб бориш асосида рағбатлантирилади.

Айтиш керакки, мавсумнинг ўзига хос жиҳати шундаки, Сурхондарё вилоятининг Денов, Қумқўрғон ва Сариосиё туманларида етиштирилган хом ашёни фермер хўжаликларининг ўз имкониятлари билан, яъни ҳашарчиларсиз териб олиниши таъминланади. Қарорда таъкидланганидек, пахта хом ашё етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий ҳолатига кўмаклашиш ниятида давлат эҳтиёжи учун шартномада белгиланган миқдордан ортиқча топширилган ҳосил харид нархларига 15 фоиз устама берилади. Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вакиллари томонидан “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда ҳосилни қабул қилиш жараёнида соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг адолатли қўлланилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилади ва хом ашёнинг навлари ҳамда синфлари бўйича давлат томонидан кафолатланган нархларда харид қилиниши таъминланади. Шунингдек, теримчиларга ўз вақтида терим пули бериб борилиши назоратсиз қолдирилмайди.

С. ХИМОЙДИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 11-бошқарма прокурори,
Х. УМАРОВ,
вилоят прокуратурасининг бўлим катта прокурори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan