Бош саҳифа / Жамият / Тенгсиз жасорат соҳиби

Тенгсиз жасорат соҳиби

Қадр топган кишининг қадди баланд, ҳаётга муҳаббати, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлади. Шу маънода юртимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ватандошларимиз хотирасини ёд этиш, суронли жангоҳлардан эсон-омон қайтган фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинаётганида ҳам ана шундай маъно мужассам.

Ҳазратқул бобо Тўрақуловнинг ҳаёт йўллари барчамиз учун ибрат бўлса арзийди. 1923 йилда Шеробод тумани Ҳамкон қишлоғида туғилган Ҳазратқул бобо 1942 йилнинг март ойида кўнгиллилар сафида урушга кетган.

Харьков, Львов, Кировоград учун бўлган даҳшатли жангларда иштирок этиб, жанубий Полшанинг Краков ва Котовский шаҳарларини озод қилишда қатнашган. Шундан сўнг, жанубий фронт таркибида Эльба дарёси бўйида жойлашган Дрезден, сўнг Берлин шаҳригача бўлган аёвсиз жангларда иштирок этиб, ўнг қўлининг тирсагидан яраланган.

— Берлинни олиш жараёни жуда катта ҳарбий моҳирлик билан амалга оширилган, — деб хотирлайди Ҳазратқул бобо. — Жануб, шимол ҳамда марказ томондан қўмондонликлар қўшинлари тўғридан тўғри фашизмнинг уяси бўлган Берлин шаҳрини қамал қилишиб, дастлаб, ҳавога дуд қўйиб, кучли прожекторлар билан ёритиб, барча қуроллардан бараварига ўт очиб, ҳаводан авиация билан ҳужум қилишган. Сўнг, ҳарбий техника ва аскарлар билан бирданига ҳужум уюштирилиб, босиб олинган. Жангчи-аскарларга ғалабанинг руҳи куч берган.

Рейхстаг устига ғалаба байроғининг ўрнатилишида Ҳазратқул бобо ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Ғалабадан сўнг, барча уруш иштирокчилари Ватанига қайтарилди.

— Биз Хомкон қишлоғидан тўрт нафар киши бирга урушга кетган эдик, шундан фақат мен III гуруҳ ногирони бўлиб урушдан қайтиб келдим, — дейди бобо. — Урушга кетган одамлар жуда кўп эди, лекин қайтиб келганлари жуда кам. Хомконликлардан ҳам уруш сабабли яқинларининг доғида айрилиқ аламини чекмаган оила қолмади.

Шундан сўнг, Ҳазратқул бобо олий ўқув юртида ўқиб, қишлоғидаги 27-умумтаълим мактабида кўп йиллар ишлади. Тадбиркорликка ҳам уқуви бор отахон “Тўрақул Чопағон” номли чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигини ташкил этди.

— Ўтган йили Қарши шаҳридаги “Қашқадарё соҳили” дам олиш масканида имтиёзли йўлланма асосида даволаниб келдим, — дейди отахон. — Қолаверса, давлатимиз томонидан берилган сертификат ёрдамида “Дамас” русумли автомашинани навбатсиз, арзон нархда олиш имконига эга бўлдим. 2016 йилда эса байрам арафасида Москва шаҳридаги ғалаба байрами тантаналарида иштирок этиб келдим. 95 ёшга кирган бўлсамда, биз кексаларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик туфайли руҳланиб, кучга тўлиб яшаяпман.

Пиру бадавлат отахоннинг фарзандлари, невара, чевара ва эваралари сони 150 нафардан ошади. Ҳозирда отахон уларнинг қарамоғида қарилик гаштини суриб, умргузаронлик қилмоқда.

Юртда тинчлик, омонлик ҳукм сурса, одамлар осуда ҳаёт кечирса, фарзандлар ҳам эмин-эркин улғаяди, ҳаётингиз роҳат-фароғатда ўтади. Шундагина ёмон хотиралар унутилиб, қалбдаги яралар тузалади, урушнинг совуқ нафаси чекинади. Ҳазратқул бобо ҳам ўз Ватани, оиласи ва фарзандлари шодлигидан таскин топган, улкан бахт топа олган инсон дейишимиз мумкин.

Гулмира КАТТАЕВА,
ТерДУ магистранти

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan