Бош саҳифа / Жамият / Темир йўл кесишмасида

Темир йўл кесишмасида

қоидаларга амал қилинг!

Мамлакатнинг қон томирлари дея эътироф этилувчи темир йўллар нафақат аҳолининг узоғини яқин қилади, балки юрт ободлиги ҳамда тараққий этишига ҳам хизмат қилади. Чунки бу йўллар орқали минг-минг тонналаб саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги  маҳсулотлари буюртмачи  ҳамда  истеъмолчиларга  етказилмоқда.

Айни пайтда Термиз темир йўл масофа корхонаси тасарруфига қарашли жами 42 та темир йўл кесишмаси мавжуд. Уларнинг ҳаммаси Термиз — Қумқўрғон, Термиз — Болдир    йўналишларида жойлашган. Катта автомобиль йўллар билан туташган темир йўл кесишмаларининг 7 таси доимий қўриқланади, қолган 35 таси эса қўриқланмайдиган темир йўл кесишмаларига киради.

Шу йилнинг 20 март кунидан бошлаб қўшимча 3-4 сонли Термиз — Тошкент  ва  397-398  сонли  Термиз — Андижон,  353-354  сонли  Термиз — Қўнғирот йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилди. Шу боис, Термиз темир йўл масофа корхонаси мутахассислари темир йўл яқинида жойлашган ташкилотлар, маҳаллалар, ўқув масканларида ишчи-хизматчилар, ўқувчиларни йиғиб, учрашувлар ташкил этишиб, темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидалари, уларга амал қилмасликнинг салбий оқибатлари хусусида тушунтириш  ишларини олиб боришмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 27 маротаба шундай учрашувлар ташкил этилиб, уларда 2 263 нафар фуқаронинг иштироки таъминланди. Натижада, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кесишмалардаги қоидабузарликлар анча камайди.

Мавриди  келганда  шуни  ҳам  айтиб  ўтиш  керакки,  сўнгги  вақтда Термиз — Қумқўрғон, Термиз — Болдир  йўналишида темир йўл яқинида яшайдиган аҳоли томонидан темир йўл атрофларида чорва молларини боқиш ва қаровсиз қолдириш ёки ёш болаларга ишониб ташлаб кетиш ҳолатлари бот-бот учраб турибди. Бунинг оқибатида чорва моллари темир йўлга чиқиб, поездлар ҳаракатини қийинлаштирмоқда. Боз устига  ушбу жойларда айрим ёш   болалар томонидан   рельслар устига ҳар   хил нарсаларни қўйиб кетиш ҳоллари ҳам учраяпти.

Энг ачинарлиси, темир йўлга яқин жойда истиқомат қилаётган аҳоли темир йўллар атрофига чиқинди тўкиб, атроф-муҳитга зиён етказишмоқда. Темир йўл ҳаммамизники. Қайсидир маънода ҳар биримиз темир йўл хизматидан фойдаланамиз. Бас, шундай экан, темир йўллар атрофини чиқиндихонага айлантирмаслик, балки тоза-озода сақланишига ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз шарт.

Н. СОАТОВ,
Термиз темир йўл масофа корхонаси раҳбари
О. ҚУРБОННАЗАРОВ,
«УЗДАВТЕМИРЙЎЛНАЗОРАТ» инспекцияси
Қашқадарё филиали бошлиғи.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энди «TikTok», «Twitter” га кириш имкони йўқми?

Ўзбекистон ҳудудида «TikTok», «Twitter»  ва «ВКонтакте»» ижтимоий тармоқлар фаолияти  чекланди. Бу ҳақда «Ўзкомназорат» ахборот хизмати …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan